Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йили аҳолининг умумий даромадлари 515,7 трлн. сўмни ташкил этган.
2020 йилга нисбатан аҳоли умумий даромадларининг номинал ва реал ўсиш суръати мос равишда 24,2% ва 12,1% ни ташкил этган.
Аҳоли даромадларининг таркиби сифатида ходимларга тўланган номинал иш ҳақи таҳлил қилинганда, Ўзбекистон бўйича ўртача ойлик номинал иш ҳақи 3 208,2 минг сўмни ташкил этади.
Ўтган йили ўртача ойлик номинал иш ҳақининг юқори даражаси Тошкент шаҳри (4 947,0 минг сўм) ҳамда Навоий (4 055,3 минг сўм) ва Тошкент (3 423,9 минг сўм) вилоятларида қайд этилган.
Ўртача ойлик номинал иш ҳақининг паст даражаси Самарқанд (2 459,0 минг сўм), Фарғона (2 435,0 минг сўм) ва Наманган (2 402,3 минг сўм) вилоятларида кузатилган.
1-расм. Ҳудудлар бўйича ўртача номинал ойлик иш ҳақи
Республика бўйича соҳалар кесимида ўртача ойлик номинал иш ҳақининг энг юқори даражаси банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти (8 292,9 минг сўм), энг паст даражаси соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш (2 157,8 минг сўм) ходимларига тўланади.
2-расм. Соҳалар кесимида ўртача номинал ойлик иш ҳақи
Саноат соҳасида фаолият юритаётганларнинг Навоий вилоятида (5 936,3 минг сўм) ва Тошкент шаҳрида (4 778,20 минг сўм) ўртача номинал ойлик иш ҳақи юқори эканлиги кузатилди. Шунингдек, саноат соҳаси ходимлари Тошкент, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида мос равишда 4 328,2 минг сўм, 3 958,2 минг сўм ва 3 912,3 минг сўм миқдорида ўртача ойлик номинал иш ҳақи оладилар. Сурхондарё (2 673,1 минг сўм) ва Наманган (2 226,6 минг сўм)вилоятларида эса мазкур соҳа ходимларининг ўртача ойлик номинал иш ҳақи нисбатан пастроқ эканлиги кузатилди.
Республика бўйича қурилиш соҳасида ўртача номинал ойлик иш ҳақи 3 847,6 минг сўмни ташкил этади. Қурувчиларнинг ўртача номинал ойлик иш ҳақи энг юқори кўрсаткичи Навоий (4 803 минг сўм) ва Тошкент (4 573 минг сўм) вилоятларида кузатилса, энг паст кўрсаткичи Андижон (2 256,5 минг сўм) ва Фарғона (2 204,0 минг сўм) вилоятларида қайд этилган.
Савдо соҳасида фаолият юритаётганларнинг ўртача номинал ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳрида 3 792,9 минг сўмни ва Жиззах вилоятида 2 946,5 минг сўмни ташкил этади. Самарқандлик ва фарғоналик соҳа ходимларининг ўртача номинал ойлик иш ҳақи эса тошкентлик ҳамкасбларига нисбатан мос равишда 1,98 ва 2,10 баравар паст эканлиги кузатилди.
Ташиш ва сақлаш хизматларида ўртача номинал ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳрида 5 168,9 минг сўмни ва Хоразм вилоятида 4 749,40 минг сўмни, Андижон вилоятида 1 802,0 минг сўмни ва Сирдарё вилоятида 1 742,7 минг сўмни ташкил этади.
Ахборот ва алоқа соҳаси ўртача номинал ойлик иш ҳақи (5 572,2 минг сўм)юқори бўлган соҳа ҳисобланади. Пойтахтда фаолият юритаётган мазкур соҳа вакилларининг ойлик номинал ўртача иш ҳақи 6 849,20 минг сзмни ташкил этиб, ҳудудлардаги ҳамкасбларига нисбатан 1,73-2,43 баравар ортиқлиги кузатилган.
Банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида ўртача номинал ойлик иш ҳақи Тошкент шаҳрида 10 972,80 минг сўмни ва Навоий вилоятида 7 416,50 минг сўмни ташкил этади. Мазкур соҳадаги ҳудудлар ўртасида ўртача номинал ойлик иш ҳақи бўйича йирик тафовут Наманган (5 688,30 минг сўм) ва Сурхондарё (5478,5 минг сўм) вилоятида кўзга ташланади.
Таълим соҳаси республикада ўртача номинал ойлик иш ҳақи паст бўлган соҳалардан биридир. Соҳада ўртача номинал ойлик иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичи 3 477,90 минг сўм (Тошкент шаҳри) ва энг паст кўрсаткич 2 053,4 минг сўм (Қашқадарё вилояти)ни ташкил этади.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда ўртача номинал ойлик иш ҳақи Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида мос равишда 2 632,7 ва 2 532,6 минг сўмни ташкил этади. Фарғона (1 934,80 минг сўм) ва Қашқадарё (1 776,4 минг сўм) вилоятларида эса ўртача номинал ойлик иш ҳақининг нисбатан паст даражаси қайд этилган.
Шоирахон Нурдинова
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими
Изоҳ қолдириш