2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида Самарқанд вилоятида асосий капиталга киритилган инвестициялар 15,6 трлн сўмни ташкил этди.
Вилоятда инвестициялар ўзлаштирилишида кескин дифференциаллик сақланиб қолган. Хусусан, киритилган инвестицияларнинг 54,6 фоизи вилоятнинг 3 та ҳудуди - Самарқанд шаҳри (30,3%), Самарқанд (15%) ва Нуробод (9,3%) ҳиссасига тўғри келган. Тойлоқ (3,4%), Оқдарё (3,1%), Пайариқ (3%), Иштихон (2,5%), Нарпай (2,2%), Каттақўрғон шаҳри (1,9%), Булунғур (1,7%) ва Пахтачи (1,5%) туманларида инвестициялар оқимининг пастлиги кузатилган.
Ҳудудларда амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар натижасида асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Каттақўрғон (3,8 баравар), Нуробод (2,7 баравар), Жомбой (2,4 баравар), Самарқанд ш. (1,6 баравар) ва Оқдарё (1,5 баравар) туманларида кескин ўсиш даражасини қайд этган. Лекин, Тойлоқ (97,8%), Самарқанд (78,9%), Пахтачи (71%), Булунғур (63,6%), Иштихон (63,4%) Каттақўрғон ш. (60%), ва Пайариқ (45,7%) туманларида инвестициялар оқимининг пасайиш тенденцияси кузатилган.
Вилоят бўйича аҳоли жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 3837,5 минг сўмни (Республика кўрсаткичидан 1507,7 минг сўм кам), ўсиш кўрсаткичи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29,8%ни ташкил қилган ҳолда республика ҳудудлари орасида 2-ўринни эгаллаган.
Туман (шаҳар)лар кесимида жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми бўйича Нуробод (2,3 баравар), Самарқанд ш. (2,3 баравар), Самарқанд т. (2,3 баравар), туманларининг кўрсаткичи вилоят кўрсаткичидан юқори бўлган. Тойлоқ (1,6 баравар), Пастдарғом (1,7 баравар), Пайариқ (2,2 баравар), Пахтачи (2,6 баравар), Нарпай (2,6 баравар), Ургут (2,6 баравар), Булунғур (3 баравар) ва Иштихон (3,4 баравар) туманлари кўрсаткичининг вилоят кўрсаткичига нисбатан пастлиги қайд қилинган.
Жон бошига тўғри келадиган асосий воситаларга киритилган инвестициялар ҳажми бўйича ҳам туманлар ўртасида кескин тавофутнинг мавжудлиги кузатилган. Жумладан, энг юқори кўрсаткич қайд қилинган Нуробод туманида жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга ўзлаштирилган инвестиция ҳажми Иштихон туманига нисбатан 8 баравар, Булунғур туманига нисбатан 7 бараварга зиёддир.
Марказлашмаган молиялаштириш манбалари бўйича таҳлил қилганда, ўзлаштирилган инвестицияларнинг 27,1 фоизи корхона маблағлари, 24,2 фоизи хорижий инвестициялар ва кредитлар, 7,5 фоизи аҳоли маблағлари ва 26,3 фоизи банк кредити ва бошқа қарз маблағлари ҳисобига тўғри келади.
Изоҳ қолдириш