Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига биноан бугун расмий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги 2017-2024 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни таҳлил қилди.
Муносабатларнинг ривожланиш динамикаси
Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик фаол ривожланмоқда, бу товар айирбошлаш ҳажмининг ортиб бораётгани ва иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги фаол ўзаро ҳамкорликда ҳам яққол намоён бўлмоқда. 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён мамлакатлар ўзларининг иқтисодий алоқаларини кенгайтиришга интилишди, бу сўнгги йилларда айниқса, сезиларли бўлди.
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги савдо
2017-2024 йиллар давомида Ўзбекистоннинг Малайзия билан товар айирбошлаш ҳажми 1,6 баробар 65,5 млн доллардан 102,4 млн долларгача ўсди, экспорт 1,3 баробарга, импорт 1,6 баробарга ошди. Бу рақамлар икки давлатнинг ўзаро савдони кенгайтиришга қизиқиши ортиб бораётганидан далолатдир.
Ўтган 8 йил давомида Ўзбекистоннинг Малайзияга экспортининг асосий товарлари кимёвий ўғитлар ва хизматлар, импорти эса палма ёғи, ҳайвонот ва ўсимлик мойлари, кимёвий ва ювиш воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, тайёр маҳсулотлар ва хизматлар бўлди.
2024 йилда Ўзбекистон экспорти 6 миллион долларни ташкил этди, шундан 41 фоизини озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, сабзавот, дуккакли ва мевалар, 55 фоизини кимёвий моддалар, хусусан, ўғитлар ташкил этди.
Малайзиядан импорт ҳажми 96,4 миллион долларни ташкил этди, шундан 23 фоизи какао кукуни, кофе экстракти, соуслар ва қандолат маҳсулотлари каби озиқ-овқат маҳсулотларига тўғри келди. Ҳайвон ва ўсимлик ёғлари, жумладан палма ва какос ёғи 44%, ювиш воситалари ва спиртли аралашмалар - 14%. Шунингдек, импортнинг 9 фоизини машина ва транспорт ускуналари, 4 фоизини транспорт хизматлари, 2,1 фоизини тиббий маҳсулотлар ташкил этди.
Инвестиявий ҳамкорлик
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик ўсиш ва ривожланиш учун катта салоҳиятдан далолат беради. 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Малайзия инвестицияси иштирокидаги 36 та корхона рўйхатга олинган, бу Ўзбекистон бозорига қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.
2017-2024 йилларда Малайзиядан Ўзбекистонга йўналтирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг умумий ҳажми 12,9 миллион долларни ташкил этди.
Хулоса
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик янада ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга. Иккала мамлакатнинг ўзаро савдо ва инвестицияларга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани иқтисодиётнинг асосий тармоқларида алоқаларни мустаҳкамлаш учун имкониятлар яратмоқда. Бу иқтисодий ривожланишга, янги иш ўринларини яратишга ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга ёрдам беради.
Ҳамкорликни муваффақиятли ривожлантириш учун комплекс ёндашувни қўллаш ва мавжуд имкониятлардан фаол фойдаланиш зарур.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш