Ўзбекистоннинг Грузия билан савдоси
Ўзбекистон ва Грузия ўртасида эркин савдо режими амал қилади. Бу савдо-иқтисодий ҳамкорликни жадал ривожлантириш ва диверсификация қилиш учун кенг имкониятлар яратади.
2017–2025 йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 3 баробарга, яъни $89 млндан $267,6 млнга ошди.
2025 йилда Ўзбекистоннинг Грузияга экспорти $77,2 млнни, импорти эса $190,4 млнни ташкил этди.
2025 йилда Ўзбекистоннинг Грузияга экспорти таркибида саноат товарлари 32,8%, озиқ-овқат маҳсулотлари 27,8%, машиналар ва транспорт ускуналари 9,2%, кимё маҳсулотлари 7,4%, минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари 3,1%, ичимликлар ва тамаки 2,1%, шунингдек, хизматлар 14,2%ни ташкил этди.
Ўтган йили Грузиядан импорт таркибининг асосий қисмини кимё маҳсулотлари 47%, ичимликлар ва тамаки 13,9%, озиқ-овқат маҳсулотлари 9,8%, турли тайёр маҳсулотлар 4,7%, машиналар ва транспорт ускуналари 2%, шунингдек, хизматлар 21,1% ташкил этди.
Инвестициявий ҳамкорлик
Ўзбекистонда Грузия инвестициялари иштирокидаги 60 та корхона (2025й) рўйхатдан ўтган. Уларнинг 31 таси қўшма корхона, 29 таси эса 100% Грузия капитали иштирокидаги корхоналардир. Грузия бизнесининг Ўзбекистондаги энг кўзга кўринган иштирокчиларидан бири TBC Bank рақамли банки ҳисобланади.
2025 йилда Грузиядан жалб қилинган инвестициялар ҳажми $40,1 млндан ошди, 2016–2025 йилларда эса инвестицияларнинг умумий ҳажми $46 млндан зиёдни ташкил этди.
Грузия инвестицияларининг асосий йўналишлари қайта ишлаш саноати, улгуржи ва чакана савдо, шунингдек, ахборот ва алоқа соҳаларидан иборат бўлди.
Ўзаро савдо истиқболлари
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳоларига кўра, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги савдода Ўзбекистоннинг Грузия бозорига экспорт номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш учун катта салоҳият мавжуд. Хусусан, қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик, чарм-пойабзал маҳсулотлари, автомобиллар, электротехника товарлари ва кимё маҳсулотлари экспортини ошириш имкониятлари бор.
Бундан ташқари, Грузия товарларни Европа мамлакатлари ва Туркия бозорларига етказиб беришда Транскаспий халқаро транспорт йўлагининг, яъни Ўрта йўлакнинг муҳим бўғини ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш