“Ипак йўли” халқаро туризм университети ва Қозоғистон университети ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

“Ипак йўли” халқаро туризм университети ва Қозоғистон университети ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Самарқанд шаҳрида жойлашган “Ипак йўли” халқаро туризм университети ҳамда Қозоғистоннинг “Туризм ва меҳмондўстлик халқаро университети” ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатни имзолаш маросими 21 декабрь куни “Амирсой” тоғ-чанғи курорти очилиши доирасида бўлиб ўтди.

Меморандум Бош вазир ўринбосари, “Ипак йўли” халқаро туризм университети ректори Азиз Абдуҳакимов ҳамда Қозоғистон университети ректори Майнура Мурзамадиева томонидан имзоланди. Ҳамкорлик меморандуми профессор-педагоглар, ходимлар, талабалар, жумладан магистрантлар, аспирантлар, докторантлар) алмашинуви, тадқиқотлар ўтказиш ва тажриба алмашиш, амалиёт ўташ, шунингдек икки томонлама диплом беришни кўзда тутувчи “2+2” ҳамкорлиги доирасида икки университет ўртасида қўшма ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни кўзда тутади.

Бундан ташқари, ҳужжатга мувофиқ, Марказий Осиё минтақасида туризм индустрияси ва меҳмондўстликни ривожлантиришга йўналтирилган қўшма конференциялар, академик учрашувлар, симпозиумлар, муҳокамалар доиралари, маҳорат дарслари каби тадбирлар ўтказилади. Шуниси диққатга сазоворки, ушбу меморандум асосида икки университет мутахассислари ва ўқувчиларини жалб қилган ҳолда, илмий мактаблар, марказлар ва лабораторияларни ташкил қилиш ҳамда уларнинг фаолиятини юритиш, шунингдек лойиҳаларни тижоратлаштиришда биргаликда иштирок этиш мумкин бўлади. Халқаро, давлат, жамоатчилик ва хусусий ташкилотлар ҳамда жамғармалар томонидан эълон қилинувчи илмий грантлардаги биргаликдаги иштирок ҳам шулар жумласидандир.

Ҳужжатга кўра, “Ипак йўлида туризм” умумий лойиҳавий зонт остидаги тадқиқотларни амалга ошириш учун тармоқнинг ҳар бир университетида “Ипак йўли” кафедраси яратилади. Яна бир қувончли жиҳатлардан бири шундаки, Ҳамкорлик меморандуми бўйича Болон жараёни ҳамда UNWTO, ISO, TedQual стандартларига мувофиқ қўшма ўқув режалари ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, ҳужжат ҳамкор университетнинг даврий нашрларида университет талабалари, магистрлари, докторантлари ва ходимларининг мақола, маъруза ҳамда бошқа илмий ишлари чоп этилишини назарда тутади. Илмий материаллар алмашинуви ҳам шулар жумласидандир. Мультимиллий университет тармоғини яратиш ва унинг фаолиятини юритиш мақсадида “Ипак йўли” халқаро туризм университети мазкур жараённинг координатори ҳисобланади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар