Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи: 2017-2020 йилларда Транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида амалга амалга оширилган ишлар ва эришилrан натижалар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи: 2017-2020 йилларда Транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида амалга амалга оширилган ишлар ва эришилrан натижалар

Транспортнинг барқарор ва самарали ишлаши иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари, мамлакат яхлитлиги, миллий хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига оқилона интеграциялашуви учун зарур шартдир.

Транспорт хизматлари – ҳаво йўлларидаги, қуруқликдаги ва сувдаги барча йўловчи ва юк ташиш хизматларини қамраб олувчи мураккаб иқтисодий тизим ҳисобланади. Транспорт хизматларини самарали ташкил этиш учун юк ва йўловчи ташишга бўлган талаб шаклланишига таъсир қилувчи омилларни ўрганиш зарур.

Россиялик иқтисодчи Е.П.Володин ўз тадқиқотларида бу омиллар сифатида қуйидагиларни кўрсатади:

1) ижтимоий-иқтисодий омиллар – аҳолининг моддий фаровон қатламининг транспортдан фойдаланиш имкониятлари;

2) ҳудудий омиллар – шаҳар ва унинг атрофидаги ҳудудларнинг саноат, иқтисодий ва маданий-маиший аҳамияти: аҳолининг сони ва зичлиги, тортишиш объектларига нисбатан аҳолини қайта жойлаштириш;

3) ташкилий омиллар – маршрут тармоғининг зичлиги, транспорт турлари, аҳолининг вақт сарфлаши, хизмат кўрсатиш сифати;

4) табиий-иқлимий омиллар (1)

Биз транспорт-коммуникация алоқалари тўғрисида гапирар эканмиз, бу Ўзбекистон учун жуда муҳим ва ўйлантирадиган долзарб масалалардан бири эканини таъкидлашимиз жоиз. Шу боис, Ўзбекистон транспорт саноатини ривожлантиришга стратегик аҳамият бериб, миллий ва минтақавий даражаларда транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширмоқда, шунингдек, уни халқаро транспорт тизимига қўшиш бўйича изчил ишларни олиб бормоқда.

Маълумки, Ўзбекистоннинг океанга тўғридан-тўғри чиқишга имкони йўқ ва дунёда бундай давлатлар сони 44 тани ташкил қилади. Аммо уларнинг 42 таси бир мамлакат чегарасидан ўтса кейингиси океан. Ўзбекистон эса бунинг учун икки мамлакат ҳудудини босиб ўтиши лозим. Океанга чиқиш учун эса энг яқин йўл бу Афғонистон орқалидир. Шу маънода, бугунги кунда яқин қўшнимиз билан ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш, бу заминида тинчлик ва барқарорликнинг таъминланишидан Ўзбекистон тўлақонли манфаатдордир.

Эътиборлиси, Ўзбекистон саъй-ҳаракати билан сўнги тўрт йилда Марказий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик, ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳити шаклланди. Бундан кўзланган асосий мақсад минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашдир.

2019 йил 1 февралда Транспорт вазирлиги ташкил этилди ва у транспорт соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, республиканинг инвестициявий жозибадорлиги ва экспорт салоҳиятини ошириш, транспорт коммуникацияларини стратегик ривожлантириш ва барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида давлат бошқарув органи сифатида белгиланди.

Транспорт вазирлиги ташкил этилгандан сўнг, вазирлик томонидан Транспортнинг барча турлари ва йўл хўжалиги ривожланиши учун муҳим бўлган “Транспорт тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Ўзбекистон Республикаси транспорт тизимини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси” лойиҳалари ишлаб чиқилиб, ўрнатилган тартибда тасдиқлаш учун киритилди.

Шунингдек, Транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш мақсадида 2017-2020 йилларда жами 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланди.

Асосий кўрсаткичлар динамикаси

Мамлакатимизда юк ва йўловчи ташиш ҳажми ўтган тўрт йил давомида сезиларли равишда ўсди. Хусусан, 2020 йил якунида юк ташувлар ҳажми жами 1 316,0 млн. тонна (2017 йилга нисбатан 121,7 фоиз)ни ташкил этган бўлса, юк айланмаси 40,2 млрд. тонна/км. (109,5 фоиз)га етди.

Шу жумладан,

- автомобиль транспортида юк ташувлари – 1 245,6 млн. тонна, юк айланмаси – 16,1 млрд.тонна/км;

- Темир йўл транспортида юк ташувлари – 70,4 млн. тонна, юк айланмаси – 24,0 млрд. тонна/км;

- Ҳаво транспортида юк ташувлари – 5,1 минг. тонна, юк айланмаси – 219,1 млн.тонна/км га ошганини кўриш мумкин.

Шунингдек, автомобиль транспорти, темир йўллари, ҳаво йўллари ва электротранспортда йўловчи ташиш ҳажми 2019 йил якунида 6,03 млрд. йўловчи (2017 йилга нисбатан 106,1 фоиз), 2020 йил якунида эса 5,24 млрд. йўловчи (2017 йилга нисбатан 92,3 фоиз)га етди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг экспорт-импорт ва транзит юкларини (халқаро юклар) автомобиль транспорти орқали ташиш динамикасида ҳам ўсиш кузатилмоқда.

2017 йил давомида халқаро юк ташувлари жами 32,2 млн. тонна халқаро юк ташилган бўлса, 2020 йилга келиб ушбу кўрсаткич 47,1 млн. тоннани ташкил этди. Шу жумладан, 2020 йилда халқаро юк ташувлари ҳажми 2017 йилга нисбатан 167 фоизга ўсган. Шундан экспорт юклар 4 йил ичида 183 фоизга, импорт юклар 197 фоизга ва транзит юклар 108 фоизга ўсган.

Автомобиль транспорти соҳасида

Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида 2017-2020 йиллар давомида 394 та янги маҳаллий автобус йўналишлари очилди.

Бугунги кунда, олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолига ва туристларга енгиллик яратиш мақсадида, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари ва Россия Федерациясига жами 32 та мунтазам халқаро автобус қатновлари йўлга қўйилди.

Халқаро қатновлар географиясини кенгайтириш мақсадида келгусида яна 7 та мунтазам халқаро автобус йўналишларини очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, ушбу давр мобайнида жами 70 та автовокзал ва автостанцияларда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. 2019 йилда халқаро ва маҳаллий йўналишларда суткасига 5 минг нафар йўловчиларга хизмат кўрсатиш қувватига эга “Тошкент автовокзали”ни жаҳон талабларига мувофиқ реконструкция ишлари тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилди.

2017-2021 йиллар давомида, тасдиқланган дастурга мувофиқ жами 2 050 та янги автобуслар харид қилиниб йўналишларга жойлаштирилди. 2019 йилда Транспорт вазирлиги ҳузурида “Uzautotrans service” корхонаси ташкил этилиб, 167 та Ютонг русумли катта ҳажмли автобуслар харид қилиниб, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда ҳаракатланмоқда.

Темир йўл транспорти соҳасида

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан 2017-2020 йилларда инвестиция дастурлари доирасида 20,75 трлн.сўм ўзлаштирилди. Натижада 16 та лойиҳа ишга туширилди. Хусусан, “Ангрен-Поп” темир йўл участкасининг очилиши муносабати билан Тошкент-Андижон, Андижон-Москва, Андижон-Хива, Андижон-Бухоро, Андижон-Термиз янги йўналишларида йўловчи поездларнинг ҳаракатланиши йўлга қўйилди.

Йўловчи ташувларини ривожлантириш мақсадида Бухоро-Мискен янги темир йул участкаси очилши муносабати билан Тошкент-Қўнғрод, Тошкент-Шовот, Тошкент-Хива, Андижон-Хива поездлар ҳаракат вақти ва йўловчилар ўз манзилига етиб бориши 2 соатдан 4 соатгача қисқарди. “Бухоро – Хива” маҳаллий йўналиши ҳамда “Тошкент – Қозон”, “Тошкент – Москва”, “Андижон – Уфа” ва “Термиз – Москва” янги халқаро йўналишларда поездларнинг мунтазам қатнови йўлга қўйилди.

Қарши-Китоб темир йул участкаси электрлаштирилиши натижасида эса Тошкент-Китоб йўналишида Афросиёб юқори тез юрар поезди ҳаракати йўлга қўйилди. Шунингдек, Қўқон-Наманган темир йул участкаси электрлаштирилди ва қайта таъмирланиши ортидан Қўқон-Наманган йўналишида электропоездлар қатнови йўлга қўйилди. Бекобод ва Ховос шаҳри аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида эса Тошкент-Бекобод тез юрар электропоезди йўлга қўйилди.

Тошкент метрополитенини ривожлантириш мақсадида, 3 та йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 19 майда “Тошкент шаҳри ер усти метро линияларининг қурилиши” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.

Мазкур ҳужжат асосида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан 2020 йилда узунлиги 2,9 километр бўлган “Туркистон” ва “Юнусобод” ер ости метро бекатлари ҳамда 11,5 километр бўлган “Дўстлик – Қўйлиқ” ер усти линияси бунёд этилиб, жами 7 та бекат фойдаланишга топширилди. Айни пайтда ушбу йўналишдан кунига 15 мингдан ортиқ йўловчи фойдаланмоқда.

Шунингдек, 2020 йил охирида 5 та бекатдан иборат бўлган Сергели ер усти йўналиши ҳам қуриб битказилди. Бугунги кунда мазкур йўналишда ҳар куни 20-25 минг йўловчи манзилига етказилмоқда.

Айни дамда ер усти метро линияси 2-босқичининг 15 километрлик “Қўйлиқ – Қипчоқ – Янги ҳаёт” йўналишини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу йўналишда 9 та бекат қурилиши режалаштирилган.

Авиация соҳасида

2019 йилда авиация тизимини ислоҳ қилиш доирасида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК негизида “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акционерлик жамиятлари ташкил этилиб, уларнинг Уставлари тасдиқланди. Республикамиздаги 11 та халқаро аэропорт баҳоланиб, масъулияти чекланган жамиятларига айлантирилди.

2019 йилда соатига 400 йўловчи ўтказиш қувватига эга Термиз аэропортининг янги терминали фойдаланишга топширилди.

2017-2020 йилларда Uzbekistan Airways томонидан 3 та янги “Боинг-787” ва 2 та янги “А-320 NEO” ҳаво кемалари харид қилиниб, авиакомпаниянинг замонавий ҳаво кемалари сони 29 тага етди.

Парвозлар географияси ва ташувлар сонини ошириш мақсадида:

- 2019 йилда ҳафтасига икки мартадан янги “Тошкент-Жакарта-Тошкент” ва “Тошкент-Тбилиси-Тошкент” йўналишлари очилишига эришилди;

- “Тошкент-Истанбул-Тошкент” йўналиши бўйича Туркияга қатновлар миқдори ҳафтасига 17 тага етказилди;

- Жидда шаҳрига рейслар сонини ҳафтасига 7 тадан 14 тагача оширилди;

- Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда йўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида 2019 йилда:

- “Air India” (Ҳиндистон) ва “Malindo Air” (Малайзия) авиакомпаниялари билан янги интерлайн шартномалари имзоланди;

- “Alitalia” (Италия) авиакомпанияси билан амалдаги код-шер шартномаси қайта кўриб чиқилди ва янги йўналишлар қўшилди;

- 2020 йил 1 августдан хорижий авиакомпанияларга вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси халқаро аэропортларида бешинчи даражадаги “ҳаво эркинлиги”, “Навоий” ва “Термиз” халқаро аэропортларида эса юк ташувчи авиакорхоналар учун еттинчи даражадаги “ҳаво эркинлиги”ни тақдим этувчи “Очиқ осмон” режими жорий этилди.

Йўл хўжалиги соҳасида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси йўл хўжалиги тизимини чуқур ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5890-сон Фармонига мувофиқ йўл қурилишини бошқариш соҳасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди, жумладан:

йўл хўжалигида давлат иштирокини камайтириш мақсадида, йўл қурилиши корхоналари Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидан чиқарилиб, уларнинг негизида “Йўлқурилиш” акциядорлик жамияти, “Ўзбекистон темир йўллари” жамиятининг “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси негизида эса “Кўприкқурилиш” акциядорлик жамияти ташкил этилди.

Йўл қурилиши ишларини молиялаштиришда ҳам янги тизим жорий этилиб, умумий фойдаланишдаги йўлларни қуриш ва таъмирлаш Молия вазирлиги ҳузурида ташкил этиладиган Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси, минтақавий йўлларни қуриш ва таъмирлаш эса ҳокимликлар ҳузуридаги Ҳудудий мақсадли жамғармалар ҳисобидан амалга ошириш белгиланди.

2019 йил давомида республика автомобиль йўлларини қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш, сақлаш ва жиҳозлаш ишлари бўйича 5 021,2 млрд. сўм (режага нисбатан 104,2 %) миқдорида ишлар бажарилиб, 10 211,5 км автомобиль йўлларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари (101,2 %) амалга оширилди. 2020 йил давомида жами 4 57 трлн.сўм (режага нисбатан – 104,1 фоиз) миқдорида автомобиль йўлларини қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари бажарилиб, 6 178,8 км автомобиль йўллари (режага нисбатан – 100,6 фоиз) қайта қурилди ва таъмирланди.

Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан 2017-2020 йилларда инвестиция дастурлари доирасида жами 924,0 млн.долл. ўзлаштирилди. Шунингдек 7 та йўл лойиҳалари доирасида, яъни А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг тегишли участкаларида Қорақалпоғистон Республикасида 40 км, Хоразм вилоятида 142 км, Бухоро вилоятида 125 км, М-39 “Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг Сурхондарё вилоятида 100 км қисми тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Транспорт хизматлари экспорти режасининг бажарилиши.

2017 – 2020 йиллар давомида жами 3 млрд. 892 млн. долларлик транспорт хизматлари экспорт қилинди, бунда:

- темир йўл транспорти хизматлари – 1,86 млрд. долл.;

- автомобиль транспорти хизматлари – 77,42 млн. долл.;

- ҳаво транспорти хизматлари – 1,94 млрд. долл.

2020 йил 1 августдан хорижий авиакомпанияларга вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси халқаро аэропортларида бешинчи даражадаги “ҳаво эркинлиги”, “Навоий” ва “Термиз” халқаро аэропортларида эса юк ташувчи авиакорхоналар учун еттинчи даражадаги “ҳаво эркинлиги”ни тақдим этувчи “Очиқ осмон” режими жорий этилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар