Иқтисодиётда ижобий ўсиш динамикаси сақлаб қолинди

Иқтисодиётда ижобий ўсиш динамикаси сақлаб қолинди

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2020 йилнинг биринчи ярмида кичик бўлсада иқтисодий ўсиш суръатлари сақланиб қолинди. Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 255,3 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш кўрсаткичи 0,2 %ни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ушбу кўрсаткич 6 %ни ташкил этганди.Соҳаларда ялпи қўшилган қиймат ўсиши 0,3 % ни ташкил этди.

Иқтисодиётнинг аксарият тармоқларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш динамикаси секинлашган бўлса-да, ўсиш давом этмоқда. Ушбу кўрсаткич хизмат кўрсатиш соҳасида 2,6 %, қурилиш хизматларида 7,3 %, истеъмол товарларини ишлаб чиқариш тармоғида 1,2 %га ошди.

Ҳудудлар кесимида ЯҲМ ўсиш тенденциялари бўйича Андижон (5%), Навоий (4.3%) ва Наманган (3.1%) вилоятларида юқори ривожланиш кўрсаткичлрига эга. ЯИМ структурасини қарайдиган бўлсак яратилган қўшилган қийматнинг 24,0 %и қишлоқ хўжалигида, 37,7 %и саноатда ва 38.8 %и хизматлар соҳасида яратилди.

Таққослаш учун, қўшни давлатлар иқтисодиётларида рецессия бошланганлиги қайд этилмоқда. Хусусан, Қозоғистонда биринчи ярим йилликда ЯИМ ҳажми 1,8 %га, Қирғизистонда эса 5,3 %га пасайган.Россия Федерацияси Марказий банки ҳисоб-китобларига кўра, ЯИМнинг йиллик пасайиши 9,5-10 %ни ташкил қилади.Хитой иқтисодиёти иккинчи чоракда 3,2% ўсганига қарамай, биринчи ярим йилликда жами 1,6 %га қисқарган.

Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси июнь ойида ўтган йилнинг декабрига нисбатан 104,6% ни ташкил этди, 2019 йилнинг 6 ойи давомида истеъмол нархлари индекслари 105,6% ни ташкил этди.Шу билан бирга, йиллик ҳисобда июнь ойида ўтган йилнинг июнига нисбатан товарлар ва хизматлар нархлари 14,2 %га, 2018 йил июнидан 2019 йилнинг июнигача эса 13,6% га ўсиши кузатилганди.

Инвестицияларда пасайиш кузатилди. Ўтган ярим йил мобайнида асосий капиталга киритилган инвестициялар 12,8 %га камайган. Инвестициялар структурасида асосан марказлашган инвестициялар 35,4%га камайган. Марказлашмаган инвестицияларда камайиш атиги 2,5 %ни ташкил этган. Шу билан бирга, корхоналар маблағлари ҳисобига инвестицияларнинг 15,8 %га ўсганлиги қайд этилди. Тўғридан тўғри инвестициялар ва кредитлар ўтган йилга нисбатан 18,2% га ошган. Инқирозга қарши кураш жамғармасидан янги иш ўринларини яратиш масадида 3,6 триллион сўмдан ортиқ маблағлар инвестиция лойиҳаларига қўшимча йўналтирилди.

Соҳалар кесимида қишлоқ хўжалигида ўсиш суратлари 2,8 %ни ташкил этиб, бу ўтган йилги (2,4%) кўрсаткичдан юқоридир. Қишлоқ хўжалиги соҳалари ичида балиқчилик (16,7%) кескин ривожланиш кўрсаткичларини кўрсатди. Ҳудудлар кесимида Қашқадарё ва Сирдарё ва Самарқанд вилоятларидан бошқа барча вилоятларда динамик ўсиш тенденциялари кузатилди.

Саноат тармоқларида ҳам олиб борилган самарали чоралар натижасида маҳсулот ишлаб чиқаришни кескин пасайиб кетиши олди олинди. Хусусан, кескин карантин чоралари киритилган апрель ойида ҳам саноат маҳсулотлари ҳажми пасайиши - 5.4% ни ташкил этган эди. Май ва июн ойларида эса қабул қилинган чора тадбирлар натижасида мазкур соҳадаги йўқотишлар - 1.9 %гача камайди, Ушбу камайиш асосан тоғ-кон саноатида юз берган пасайиш ҳисобига рўй берди. Шу билан бирга, электр ишлаб чиқариш (12.9%) саноатида ўтган йилги кўрсаткичларимизга қараганда кескин ўсиш кузатилди. Айни вақтда саноат ишлаб чиқаришнинг 81 фоизини ташкил этувчи қайта ишлаш саноатида ҳам 2,2 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Хизматлар соҳасида ҳам (2,6 %) ўсиш тенденциялари кузатилди. Хизматлар соҳасининг муҳим қисми бўлган юк ва пассажирлар ташув хизматларида (-9,1%), овқатланиш ва яшаш хизматлари (- 17,1 %) соҳаларида кескин пасайиш кузатилган бўлса, алоқа (15,1 %), молия (35.9%), таълим (11,5%) ва савдо (0,8%) хизматларида ўтган йилга нисбатан ўсиш тенденциялари сақланиб қолди.

Транспорт соҳасидаги кўрсаткичларнинг пасайиши иккинчи чоракнинг биринчи ойларида транспорт воситаларининг ҳаракатланишига қўйилган чекловларнинг таъсири ва ҳудудлараро транспорт алоқаларининг тўхтатилиши туфайли юзага келди. Юк айланмаси кўрсаткичи 6,6 %га, йўловчи ташиш айланмаси 13,8 %га пасайди.

Чакана савдо соҳасида бозорлар ва йирик савдо майдончаларининг вақтинчалик ёпилишига қарамай, ижобий динамика сақланиб қолди – чакана савдо ҳажми 0,7% га ошди.

Ташқи савдода талаб пасаймоқда

Пандемия мамлакат ташқи иқтисодий фаолиятига ҳам анча жиддий таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида ялпи ташқи савдо айланмаси 15,9 млрд. АҚШ долларни ташкил этиб ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,2 %га пасайди. Шуни таъкидлаш лозимки, 2014-2016 йилларда ҳам ташқи савдода ҳам шунга ўхшаш пасайишлар кузатилган.

Ташқи ва ички талабнинг ўзгариши натижасида экспорт ва импорт операцияларида ҳам ўзгаришлар кузатилди. Ярим йил мобайнида экспорт операциялари 22,6 %га, импорт операциялари эса 15 %га камайиб ташқи савдо баланси 3,3 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги дефицитга эга бўлди.

Пандемия МДҲ давлатларига амалга оширилаётган экспорт кўрсаткичларига жиддий таъсир ўтказди – экспорт ҳажми 34,7 %га тушиб кетди. Бошқа давлатларга қилинган экспорт ҳажми эса нисбатан камроқ 15,7 %га пасайди. Импорт ҳажмида эса аксинча, МДҲ давлатларидан импорт ҳажми 9 %га, бошқа давлатлардан эса 18,2 %га камайди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон иқтисодиёти пандемия шароитида ҳамкор давлатлар иқтисодиётида юзага келган рецессия шароитида иқтисодий ўсишнинг ижобий динамикасини сақлаб қола олди. Эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда мақсадли чеклов чораларини қўллаш, аксарият корхоналарнинг тўлиқ ёпилишига йўл қўймаслик карантин чекловларига қарамай май-июнь ойларида тадбиркорлик соҳаларида фаолликни тиклаш имконини берди. Қишлоқ хўжалиги ва қурилишда яратилган қўшимча қиймат ҳажмининг ўсиши саноат ва қурилишдаги йўқотишларни қоплаш имконини берди.

Шу билан бирга, иқтисодиётда ўртача ойлик иш ҳақлари 2.5 млн сўмни ташкил этиб ўтган йилга нисбатан 21,6 %га ўсганлиги қайд этилди.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кичик бизнес суъектлари сони 324 мингдан 395 тага етди ва олти ой мобайида 46 мингдан ортиқ янги субъектлар ташкил қилинди.

Мазкур шароитда Ўзбекистон йил охирига келиб иқтисодиётда ижобий динамикани сақлаб қолиши кутилмоқда. Турли Халқаро молия институлари ва бошқа прогнозларга кўра, йил якунига қадар иқтисодиётда 1,5%-2.2%лик ўсиш кутилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар