Камбағалликка қарши курашиш, ҳудудларни ривожлантириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш: Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари нималар ҳақида келишиб олишди

Камбағалликка қарши курашиш, ҳудудларни ривожлантириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш: Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари нималар ҳақида келишиб олишди

14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди. Самарқанд халқаро аэропортида Хитой етакчисини давлатимиз раҳбари кутиб олди.

15 сентябрь куни Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг Конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди.

Ўтган 5 йилдаги ҳамкорлик натижалари

Етакчилар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини атрофлича кўриб чиқдилар.

Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар туфайли давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, ўтган йилда товар айирбошлаш рекорд кўрсаткич – 8 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан эса 30 фоиздан ортиқ ўсди.

Охирги беш йилда Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди. Кенг кўламли иқтисодий ҳамкорлик бўйича беш йиллик дастур, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва ижтимоий соҳада қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, бунда электрон тижоратни ривожлантириш, саноат кооперацияси бўйича, энг аввало, автомобилсозлик, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма каби соҳаларда илғор лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Долзарб масалаларда икки давлат раҳбари фикр алмашди

Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш, ҳудудларни ривожлантириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этишни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидладилар. Шу мақсадда жорий йил якунига қадар Ўзбекистонда икки мамлакат ҳудудларининг биринчи форумини ўтказиш таклиф этилди.

Минтақамиз тараққиёти ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлиги учун стратегик аҳамиятга эга “Хитой – Қирғизистон –Ўзбекистон” темир йўли қурилишини бошлаш тўғрисида тарихий келишувга эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Гуманитар ҳамкорлик, шу жумладан, соғлиқни сақлаш, вакциналар ишлаб чиқариш, фан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма дастурларни кенгайтириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Келгуси йилда ўзаро дўстлик ва англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йилини ўтказишга келишиб олинди.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Мамлакатлар ўртасида ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг самарали музокараларидан сўнг икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилинди.

Давлат раҳбарлари Қўшма баёнот имзоладилар. Унда асосий келишувлар қайд этилган, ҳар томонлама стратегик шерикликнинг бугунги ҳолати ва уни мустаҳкамлаш истиқболлари акс этган.

Шунингдек, олий даражадаги ташриф доирасида 15 та ҳужжат имзоланди. Шу жумладан:

– “Яшил” тараққиёт соҳасидаги инвестициявий ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

– Рақамли иқтисодиёт соҳасидаги инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида меморандум;

– Фойдали қазилмаларни ўзлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

– Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

– Қурилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

– 2022-2025 йилларда маданий алмашинув дастури;

– Миллий ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Самарқанд вилояти ва Шаньдун провинцияси ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим;

– Тошкент вилояти ва Чунцин мегаполиси ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим;

– Бухоро вилояти ва Юньнань провинцияси ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим;

– Бухоро ва Куньмин шаҳарлари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим.

Тадбир якунида умумий қиймати 15 миллиард долларлик устувор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликка доир келишувлар имзоланди.

Музокаралар якунида Си Цзиньпин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни жавоб ташрифи билан Хитойга боришга таклиф этди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар