Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлили ҳар ойда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тезкор маълумотлар асосида (республиканинг барча соҳалари бўйича ўтказилган мониторинг, Давлат божхона қўмитаси, ДСҚ, МБ ва ЎзРХТБ) ҳисоблаб чиқилади.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг 1 январидан 30 ноябригача бўлган даврда республика солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,2%га ошган.
Жумладан, Фарғона (34,2%), Самарқанд (34,0%), Бухоро (32,6%), Жиззах (31,7%), Сирдарё (29,6%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида (31,9%) ва Тошкент шаҳрида (42,7%) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Бюджетга солиқ тушумларининг ўсиши барқарор тенденцияни сақлаб келмоқда.
Таҳлиларга кўра, жорий йилнинг 11 ойи давомида солиқ тушумларининг ўсишига: қўшилган қиймат солиғи (32,6%) ва айланмада олинадиган солиқ (44,4%) катта таъсир кўрсатди. Шунингдек, йил бошидан буён ташкилотлар томонидан тўланган даромад солиғи 53,8%га кўпайди.
Шу билан бирга, солиқ тушумларининг ўсишига янги тадбиркорлик субъектларининг 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 14,4%га кўпайиши таъсир кўрсатди.
Шундай қилиб, йил бошидан буён 82 мингдан ортиқ янги хўжалик юритувчи субъектлари ташкил этилди, уларнинг энг кўпи Самарқанд (9 332), Фарғона (7 951), Қашқадарё (7 470), Тошкент (6 325), Хоразм (5 240) вилоятларида ва Тошкент (14 408) шаҳрида рўйхатга олинган.
Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 38,6%га ошди. Божхона тушумларининг энг катта ўсиши Андижон (60,7%), Жиззах (55,1%), Сирдарё (46,7%), Фарғона (41,0%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (41,3%) ва Тошкент шаҳрида (42,9%) кузатилди.
Умуман олганда, божхона тўловларидан тушадиган даромадларнинг ошишига 2022 йил январь-ноябрь ойларида импорт ҳажмининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,7%га ўсиши таъсир кўрсатган асосий омил бўлди.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил бошидан 30 ноябрга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,4%га ошган. Экспортнинг сезиларли ўсиши Сирдарё (40,4%), Андижон (38,5%), Навоий (27,1%), Наманган (25,9%), Самарқанд (25,6%) вилоятларида ва Тошкент (40,5%) шаҳрида кузатилди.
Ўзбекистонда товарлар экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимёвий моддалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари ошгани билан изоҳланади.
Экспортнинг камайиши Сурхондарё (-21,0%), Бухоро (-3,4%), Жиззах (-2,9%) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (-12,0%) кузатилди.
Тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми йил бошидан буён ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,7%га ошди.
Кредитлар бериш ҳажми Фарғона (28,9%), Самарқанд (23,6%), Тошкент (22,4%), Андижон (10,0%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (20,7%) ва Тошкент (12,7%) шаҳарида сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида амалга оширилган битимлар ҳажми 37,8%га ўсди. Биржа фаолиятининг сезиларли ўсиши Хоразм (56,4%), Жиззах (49,3%), Самарқанд (46,2%), Навоий (43,6%) вилоятларида ва Тошкент (46,9%) шаҳрида кузатилди.
Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши минерал ўғитлар, техник чигит, автомобил бензини, дизел ёқилғиси, қурилиш ва хўжалик материаллари, ўсимлик ёғи, буғдой уни, буғдой, шакар, пахта толаси, қора ва рангли металлар, полиэтилен, полипропилен, этил спирти ва бошқа маҳсулотлар савдосининг кўпайиши ҳисобидан эришилган.
Изоҳ қолдириш