22 июль куни Корея Республикаси ҳукумати тақдим этган ва мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги учун мўлжалланган инсонпарварлик ёрдамининг иккинчи жўнатмаси ортилган «Korean Air» авиакомпанияси самолёти Ўзбекистонга етиб келди.
Жанубий Кореянинг мамлакатимиздаги элчихонаси маълумотига кўра, 144 минг дона тиббий ниқобдан иборат инсонпарварлик ёрдамининг биринчи жўнатмаси жорий йилнинг 10 июль куни етказиб берилган эди. Ҳозирги кўмак юкида 206 минг дона шу каби тиббий ниқоблар мавжуд.
Шунингдек, Cингапурнинг «Temasek Foundation» фонди 30 дона «Yuwell 7F-5» кислород концентраторини беғараз асосда тақдим этди. 22 июль куни юкларни Ўзбекистон томонига расмий топшириш маросими бўлиб ўтди.
Кислород концентраторини мамлакатимизга жўнатиш билан боғлиқ ташкилий жараён Ўзбекистоннинг Cингапурдаги элчихонаси томонидан амалга оширилди.
Cингапур томонининг 30 та кислород концентраторини етказиб бериш бўйича қарор Ўзбекистонда CОВИД-19 га қарши комплекс чора-тадбирлар ва қатъий ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида ўз вақтида ва манзилли кўрсатилган ёрдам бўлди.
Ускуналарни мамлакатимизга олиб келиш учун 22 июль куни «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси томонидан Шанхай шаҳри орқали рейс ташкил қилинди. Айни пайтда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги кислород концентраторларини қабул қилиб олди.
Изоҳ қолдириш