Коронавирус пандемияси корхоналар фаолиятига қандай таъсир қилди

Коронавирус пандемияси корхоналар фаолиятига қандай таъсир қилди

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан амалга оширилаётган карантин тадбирлари бутун мамлакат иқтисодиётига ва ўз ўрнида, корхоналарга ҳам таъсир кўрсатди. Бизнес ҳамжамиятни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган чора-тадбирларга қарамасдан баъзи бир корхоналар ҳанузгача пандемия таъсири остида бўлиши мумкун.

БМТ тараққиёт дастури кўмагида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ташаббуси билан ўтказилган тадқиқотда, пандемиянинг ва давлат томонидан қўлланилган профилактик чора-тадбирларнинг кичик ва ўрта корхоналар фаолиятига бўлган таъсирини ўрганиш мақсадида тадбиркорлар билан интервьюлар ўтказилди.

Тадқиқот мақсади COVID-19 ва тегишли профилактик чора-тадбирларнинг корхоналар фаолиятига бўлган таъсирини ўрганиш, шунингдек, ушбу даврда, ҳукумат томонидан корхоналарни қўллаб-қувватлашга йўналтирган чораларни ва корхоналарнинг ташқи қўллаб-қувватлашга бўлган эҳтиёжларини баҳолашдан иборат.

Сўровномада республиканинг 14 та вилоятидан, 18 ёшдан 79 ёшгача бўлган, 887 нафар бизнес-менежерлар иштирок этди. Уларнинг аксариятини (79%) эркаклар ва умумий респондентлар сонининг бешдан бир қисмини (21%) аёллар ташкил этди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, аксарият ташкилотлар COVID-19 пандемияси ва карантин тадбирлари фонида, ўз иш фаолиятини тўхтатмаган. Иш билан банд ходимлар асосан ўз ишларини давом эттирганлар. Ишдан бўшатишлар кам ҳолатларда кузатилган.

Иқтисодиёт тармоқлари орасида аҳолига маиший хизмат кўрсатиш (меҳмонхона бизнеси) ва озиқ-овқат соҳаси энг кўп зарар кўрганлиги маълум бўлди. Ходимларни бошқариш масалаларида бу соҳа фаолиятни оммавий тўхтатиб туриш, ишни масофавий форматга ўтказиш, таътилга тез-тез жўнатиш (айниқса, тўланмаган) ва ишдан бўшатиш, штатда қоладиган ходимлар учун маош ва қўшимча тўловларни камайтириш билан тавсифланади. Ушбу соҳадаги корхоналарнинг ярми ўзларини 2-3 ойдан ортиқ карантинни давом эттиришга тайёр эмас деб ҳисоблайди.

Энг кам зарар кўрган соҳа қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги соҳаси деб баҳоланмоқда. Ушбу соҳада ишни узлуксиз давом эттирилиши ва ҳаттоки иш ҳақи оширилиш ҳолатлари кузатилган. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб бир хил даражада қолган ва даромад умуман камаймаган. Муаммоллар орасида савдо бозорларига киришдаги ўртача қийинчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилган.

Тадқиқот натижалари

Пандемиянинг корхоналар фаолиятига бўлган таъсири

Сўровнома натижаларига кўра респондентларнинг аксарияти (78%), пандемия ва у билан боғлиқ профилактика чора-тадбирлар доирасида тадбиркорлик фаолиятни давом эттирмоқдамиз деб жавоб беришган.

Маълумот учун: карантин даврида тадбиркорлик фаолиятини тўхтатган ташкилотларнинг энг юқори улуши Тошкент шаҳрига (31%) ва Қорақалпоғистон Республикасига (31%) тўғри келади.

Пандемия даврида фаолиятни давом эттирган корхоналарнинг барча соҳалардаги улуши камида 65% ташкил қилган. Турар жой ва озиқ-овқат хизматлари бундан мустасно (30%).

Ўтган 30 кун давомида товарлар ва хизматлар учун бўлган талабнинг ўзгаргани ҳақидаги саволга корхоналар орасидаги энг машҳур жавоб (35%) талабнинг бир хил даражада сақланиб қолиши бўлган бўлса, талабнинг пасайиши 24% респондетнлар тарафидан қайд этилган.

Маълумот учун: талабнинг сезиларли даражада пасайиши билан боғлиқ энг юқори кўрсаткичлар Наманган вилояти (38%), Қорақалпоғистон Республикаси (35%) ва Тошкент шаҳрида (41%) кузатилди. Жорий пасайиш асосан уй-жой ва озиқ-овқат хизматлари соҳасига (47%) тўғри келмоқда.

Пандемия даврида корхоналар фаолиятидаги ўзгаришлар

Пандемия даврида корхоналарнинг етказиб берувчилар билан боғлиқ ташкилий сиёсатидаги ўзгаришлар масаласида респондентларнинг сезиларли сони (55%) ҳеч қандай ўзгаришни қайд этмаган. Бироқ 7-8% корхоналар янги таъминотчиларни излаб топганлигини ва харидлар ҳажмини камайтириш бўйича келишувларга эришилганини таъкидлашган.

Маълумот учун: "ўзгармаган" жавобининг энг юқори қиймати сақлаш ва транспортировка қилиш соҳасида кузатилди – 68%. Турар жой ва озиқ-овқат хизматлари соҳасида 16% корхоналар харидлар тўхтатилганлиги ҳақида ҳабар беришган.

Пандемия билан боғлиқ чора-тадбирлар жорий этилгандан сўнг, харажатларни камайтириш йўналишида 67% корхоналар ўзгариш бўлмаган деб жавоб берди. Респондентларнинг фақат 1% ўз фаолиятини тўхтатган ва давлат органлари томонидан субсидиялар учун сўровларни тақдим этган.

Маълумот учун: харажатларни камайтириш йўналишида ўзгаришлар йўқлиги асосан, қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги (85%) ва ахборот-коммуникация соҳалари (80%) кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан танланган. Турар жой ва озиқ-овқат хизматлари учун бу кўрсаткич фақат 48% ташкил қилган.

Респондентлар умумий сонининг 59%, коронавирус билан боғлиқ чора-тадбирлар жорий этилгандан сўнг ташкилотнинг савдо бозорлари билан шуғулланишдаги фаолияти ўзгариши ҳақидаги саволга ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган деб жавоб берган. Бироқ 7-8% иштирокчилар мижозлар билан маҳсулот ва хизматлар учун етказиб бериш вақтларини кечиктириш ва нархларни пасайтириш ҳақида келишувларга эришишган.

Кичик ва ўрта бизнеснинг катта қисми (64%), пандемия бошланганидан бери ўз бизнесларини ривожлантириш режаларини ўзгартирмаган. Корхоналарнинг атиги 5-6% бизнесни юритишнинг янги шаклларини ишлаб чиқишни ҳамда товарлар ва хизматларнинг янги турларини ўзлаштиришни йўлга қўйган.

Ҳукумат томонидан корхоналарни қўллаб-қувватлашга йўналтирган чораларни баҳолаш

Сўровнома натижаларига кўра, самарали чора-тадбирлар гуруҳи қисқа муддатли кредилар бўйича фоиз ставкалари (20-50%), давлат активлари учун ижара тўловлари, ижтимоий ажратмалар ва иш ҳақидан олинадиган даромад солиғи, ҚҚС ва акциз солиғи сезиларли даражада пасайганини ўз ичига олади. Шу билан бирга дастлабки рўйхатга бизнесни қўллаб-қувватлаш учун субсидия ва грантлар ҳамда корхоналарнинг ёлланма ходимларига бўлган бир марталик ижтимоий ёрдам тўловлари (ҳар бири 5 млн. сўм) киради.

Шунингдек, нисбатан самарали чора-тадбирлар гуруҳи кредит ва солиқ таътиллари, давлат кафолатларининг кенгайтмалари (барчаси 1 йил муддатга) ва божхона тарифларини ошириш орқали импортдан ҳимоялашдан иборат.

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган чора-тадбирлар

Ҳозирги пайтда, ташкилотларга энг зарур бўлган ёрдам ҳақида сўралганда, тадбиркорлар кўпинча солиқ имтиёзлари (42%) ва кредитлар бўйича фоиз ставкалари (38%) пасайтиришни сўрашган. Кейинги ўринлардан солиқ, йиғимларни (24%) ва кредит тўловларни (19%) кечиктириш жой олган. Корхоналарнинг атиги 6,5% ёрдамга муҳтож эмаслигини қайд этишган.

Респондентлар томонидан корхоналарини ривожланиб кетишига бўлган ишончи нисбатан жуда юқори даражада эканлигини билдирилган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар хизмати

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар