Коронавирусга чалинган фуқаролар сони янада ошиб бориши ҳеч гап эмас – Шавкат Мирзиёев

Коронавирусга чалинган фуқаролар сони янада ошиб бориши ҳеч гап эмас – Шавкат Мирзиёев

20 июль куни “Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида пандемия билан боғлиқ ҳолат ҳамда уни барқарорлаштириш бўйича чора-тадбирлар” тўғрисида Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда коронавирусни даволаймиз деб, деярли барча ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари тўлдириб ташланди, деди давлатимиз раҳбари. Натижада сурункали касаллиги бор беморлар малакали тиббий хизматдан деярли маҳрум бўлди.

Муасаддиларга сурункали касалликларни даволашга ихтисослашган шифохоналардаги коронавирусга чалинган беморларни бошқа жойларга, шу жумладан хусусий клиникаларга кўчириш орқали сурункали хасталиги бор беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилишини қайта тиклаш чораларини кўриш топшириғи берилди.

Коронавирусга чалинган фуқаролар сони янада ошиб бориши ҳеч гап эмас, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Шу муносабат билан қисқа муддатларда ушбу касалликка чалинганларни даволаш учун яратилган қўшимча ўрин-жойлар сонини, биринчи навбатда олийгоҳлар ётоқхоналари, ёпиқ спорт майдонлари ва бошқа сиғими катта бино-иншоотлар ҳисобига, камида икки-уч баробарга оширилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Пандемиянинг салбий оқибатларини жиловлаш ва ҳар бир раҳбарнинг масъулиятини ошириш, фидокорлик кўрсатаётган тиббиёт ходимларини рағбатлантириш ишлари давом эттирилади.

Касаллик ўчоғида ўз жонини гаровга тикиб ҳар бир касални ўлим ёқасидан олиб чиқаётган шифокорларимизни давлат мукофоти билан тақдирлаш бўйича таклифлар киритиш топшириғи берилди.

Президентимиз қайд этганидек, бугунги кунда республика ва маҳаллий бюджетлардан молиялаштириладиган ҳар қандай харажат устувор равишда пандемияга қарши кураш тадбирларига қаратилиши шарт. Бундан муҳим харажатлар бўлиши мумкин эмас.

Шаҳар ва туман хокимлари 24 соат давомида ҳар бир касалхонадаги вазиятни жиловлаб туришга масъул ҳисобланади ҳамда уларни узлуксиз ва муаммосиз ишлашига шароит яратиб беришига жавобгар деб белгиланди.

Шунингдек, янги харид қилинаётган тез тиббий ёрдам автомобиллари фаолияти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида иқтисодиётнинг турли соҳаларидан, биринчи навбатда, фаолияти тўхтатилиши оқибатида даромадсиз қолган йўловчи ташувчи жамоат транспорти уюшмаларининг малакали ҳайдовчилари жалб этилиши юзасидан вазифалар қўйилди.

Барча сектор раҳбарлари иш кунини эрталабдан ўз ҳудудларида касалхоналардаги аҳволни ўрганиш билан бошлаши қатъиян белгиланди.

Ҳар бир раҳбар бугунги кунда фуқароларимизнинг соғлигини сақлаб қолишдан муҳим вазифаси йўқлигини англаши шарт, деди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар