«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритилиши мумкин

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритилиши мумкин

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳада келтирилишича, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш фаолиятини тартибга солувчи норматив ҳуқуқий ҳужжатларида содир этилган, содир этилаётган ёхуд тайёрланаётган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни рағбатлантириш, шунингдек, уларнинг шахсига оид маълумотлар сир сақланишини кафолатловчи нормалар мавжуд эмас.

Хусусан, 2017 йил 3 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасида (Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни ҳимоя қилиш) коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар давлат ҳимоясида эканлиги, уларни таъқиб этиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган, лекин коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни моддий ёки бошқача тарзда рағбатлантириш, шахсига оид маълумотларнинг сир сақланиши бўйича нормалар киритилмаган.

Янги лойиҳада «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.

28-модданинг номи «Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг, шунингдек, яқин қариндошларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси ва шахсига оид маълумотларнинг сир сақланиши» деб номланди.

Лойиҳа бўйича 28-модданинг биринчи қисмига коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг шахси сир сақланиши ҳамда ўзи ва яқин қариндошларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланишини белгиловчи нормалар киритилган. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар тўғрисидаги маълумотлар давлат сирини ташкил этиб, уларни ошкор этиш қонунга мувофиқ тақиқланиши белгиланган.

Бундан ташқари, лойиҳага асосан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларга, шунингдек, уларнинг яқин қариндошларига зўрлик ишлатиш ёки мол-мулкини йўқ қилишга таҳдид қилинаётганлиги тўғрисида асосли маълумотлар мавжуд бўлганда коррупцияга қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи органлар уларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулкини ҳимоя қилиш юзасидан зарур чоралар кўриши шартлиги ҳамда ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларга ва уларнинг яқин қариндошларига тажовуз қилиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Лойиҳага шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда моддий ёхуд бошқача тарзда рағбатлантирилиши тўғрисидаги норма киритилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар