Маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш ислоҳотлар муваффақиятининг асоси

Маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш ислоҳотлар муваффақиятининг асоси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг статистика салоҳиятини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 9 апрелдаги ПҚ–4273-сон қарорига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини шакллантириш ва очиқ маълумотлар порталида жойлаштириш вазифаси белгиланди.

Бунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали (data.gov.uz) фаолиятини такомиллаштириш, давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан тегишли маълумотлар эълон қилиб борилиши ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида бўлиши лозим.

Инвестор бирор давлатга инвестиция киритишидан олдин ўша давлат ҳақида ўрганади

Таъкидлаш жоизки, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг бошланиши биринчидан, “ҳис-туйғу”га асосланган қарор қабул қилиш усулидан факт ва статистик маълумотларга асосланган қарор қабул қилиш усулига ўтиш имконини беради.

Иккинчидан, хорижий инвесторлар инвестиция киритмоқчи бўлган давлатлари ҳақида маълумотларни батафсил ўрганиб чиқади. Қизиққан мамлакатлари ҳақида ўзларини қониқтира оладиган маълумот топиша олмаса, у давлатга инвестиция киритиш фикридан қайтишади.

Бундан ташқари, донорлар очиқ маълумотларсиз бирор бир ёрдам лойиҳасининг самаралилик даражасини баҳолай олишмайди. Шунингдек, ҳудуддаги беморлар сони ва кенг тарқалган касаллик турлари ҳақида маълумотга эга бўлмаган тиббиёт соҳасидаги хусусий фирма касалхона қуриш учун жой танлаш борасида нотўғри қарор чиқариши мумкин.

Очиқлик ва ошкоралик ҳукуматни назорат қилиб боришни осонлаштиради

Аслини олганда далилларсиз, статистик маълумот ва фактларсиз ривожланиш жараёни ҳақида аниқ ҳолатни билиш, йўл қўйилган хатолардан хулоса чиқаришнинг имкони йўқ. Халқнинг ҳукумат фаолиятини назорат қилиб бориши ва масъул раҳбарларнинг масъулиятни ҳис этиб фаолият юритиши ҳам айнан маълумотларнинг очиқ эълон қилинишига боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан, очиқ маълумотларни жамоатчилик билан улашиш узоқ муддатли ривожланиш ва бу ривожланиш жараёнлари устидан халқ назоратини ўрнатишнинг таянч нуқтаси ҳисобланади.

"Open Data Challenge" хакатони – очиқ маълумотлар танлови

Буларни инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда "Open Data Tashkent – 2019" очиқ маълумотлар бўйича халқаро конференция ва очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда илова ишлаб чиқиш бўйича йиллик танлов "Open Data Challenge" хакатони ўтказилди.

Турли вазирлик ва идоралар учун "Очиқ маълумотлар", уларнинг аҳамияти ва зарурлиги, улардан фойдаланишнинг афзалликлари, Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар тўпламларини жойлаштириш юзасидан кўникмаларни ҳосил қилиш бўйича "Очиқ маълумотларга кириш" малака ошириш курслари ташкил этилмоқда. Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги лойиҳалари ва Жаҳон банки Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотларни фаол ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.

Очиқ маълумотлар манбалари рейтингида Ўзбекистон 9-ўринда

Бундай хатти-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ Open Data Inception сайти тақдим этган 100 мамлакат учун очиқ маълумотлар манбалари рейтингида Ўзбекистон 9-ўринга лойиқ деб топилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда асосий очиқ маълумотларни тақдим этувчи веб саҳифалар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:

  • gov.data.uz;
  • stat.uz;
  • вазирлик, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг расмий веб-саҳифалари.

Айни пайтда gov.data.uz очиқ маълумотлар порталига 117 давлат органлари томонидан 1960 га яқин очиқ маълумотлар тўплами киритилган. Порталдан тегишли равишда 650 мингдан зиёд файллар юклаб олинган. Порталда макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича миллий статистика, давлат бюджетига оид маълумотлар, давлат харидлари ва тендерлар, миллий харита, атроф-муҳит, геоахборот тизимларнинг (GIS) маълумотлари, ҳуқуқий, метериологик маълумотлар ўрин олган.

Очиқ маълумотлар инвесторларга зарур маълумотларни беради

Очиқ маълумотлар порталларини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, бугунги кунда дунё бўйлаб ахборот-таҳлилий маҳсулотни яратишда асосий манба сифатида очиқ маълумотларга таянадиган янги компанияларнинг пайдо бўлиши ва ўсиши кузатилмоқда.

Компаниялар ўз фаолиятларининг самарадорлигини ошириш, рақобатбардошлигини яхшилаш, янги бозорларга чиқиш ва аниқроқ қарорлар қабул қилиш мақсадида очиқ маълумотлардан кенг фойдаланишга эҳтиёж сезмоқда.

Бундан ташқари, очиқ маълумотлар туфайли иш берувчи ва потенциал ходимни янада самаралироқ бирлаштирадиган мобил дастурлар яратилиши, иш қидираётганларга кўникмаларига яраша иш топишга ёрдам беради. Очиқ маълумотлар потенциал инвесторларга мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият, унинг инфратузилмаси ва манбалари тўғрисида зарур маълумотларни олишга имкон беради.

Порталнинг янги талқини ишлаб чиқилмоқда

Буларнинг ҳаммасини инобатга олган ҳолда, ҳозирги кунда, ҳукумат топшириғи билан “Очиқ маълумотлар глобал индекси”, “Очиқ маълумотлар барометри” халқаро рейтингларида Ўзбекистон Республикасининг ўрнини юксалтириш мақсадида порталнинг янги талқинини ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилмоқда. Барча вазирлик ва идораларнинг бу ишда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида келажакдаги қилиниши керак бўлган ишлар режаси устида ишланмоқда. Масалан, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг “Ер участкаси чегаралари, ер участкаси кадастр рақами, ер бонитети ва эгалик ҳуқуқи”, “Асосий автомагистраллар, темир йўллар, гидрография, рельеф, давлат чегараси ва маъмурий чегаралар, аҳоли пунктлари”, “Маъмурий зона координаталари, маъмурий зонанинг номланиши, зона чегаралари”, “Почта индекслари манзиллари ва координаталари” тўғрисидаги маълумотларни очиқ порталда жойлаштириши республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, фаолият самарадорлигини ошириш, хорижий инвесторларни мамлакатимиз имкониятлари ва салоҳияти тўғрисида хабардор қилишга катта туртки бўлади.

Шундай экан, очиқ маълумотлар кўламининг кенгайиб бориши ўз келажагига бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсон учун очиқлик ва шаффофликни таъминлаш сиёсатининг бир қисми сифатида намоён бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Бош илмий ходими Бахтишод Хамидов

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар