Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 2023 йил 19 ва 20 октябрь кунлари “II ТДИУ тараққиёт стратегияси форуми: глобал ва миллий иқтисодиёт трендлари” халқаро форуми ўтказилди.
Икки кун давом этган мазкур халқаро Форум йирик илмий тадбир бўлиб, уни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – “Ҳаракатлар стратегиясидан - Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида келтирилган мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, халқаро ва миллий экспертларнинг илмий ғоялар ҳамда илмий-амалий тажриба алмашинуви платформасини яратиш ҳамда илмий асосланган натижаларни кенг жамоатчиликка ёйишдан иборат.
Форумда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Муҳсинжон Холмухамедов “Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш имкониятлари” мавзусида нутқ сўзлади.
Муҳсинжон Холмухамедов сўзининг аввалида мазкур нуфузли халқаро Форум ташкилотчиларига Марказимиз раҳбарияти томонидан таклиф учун миннатдорчилигини билдирди.
“Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашда янги 2030 йилгача қабул қилинаётган стратегияда жами 17 та мақсадлар белгиланган. Жумладан: келгуси 7 йилликда Иқтисодиётимизни 2 баробар ошириб, Ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини ҳозирги 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга оширилади.
Бунинг натижасида, Ўзбекистон “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киради. Ушбу мақсадлар йўлида иқтисодий қудратимиз асоси бўлган энг илғор технологияларга асосланган юқори қўшилган қийматга эга саноат тармоқлари ривожлантирилади. Бунинг учун кейинги йилларда стратегик мега-лойиҳалар ишга туширилади”, деди эксперт.
Гарвард университетининг иқтисодий мураккаблик индексига кўра Ўзбекистон иқтисодиёт тармоқлари учун келгусида ўзлаштирилиши тавсия этилган 50 та юқори қийматли маҳсулотлар орасида энг катта бозорга эга йўналиш бу автомобилсозлик саноатидир. Таъкидлаш жоизки, автомобилларга жаҳон бозоридаги талаб 13 трлн долларни ташкил этади.
Мазкур йўналишда келгусида мамлакатимизда 4 та нуфузли хорижий компаниянинг лойиҳалари ишга туширилиб, ишлаб чиқариш ҳажми йиллик 1 миллион донага етказилади, шундан 300 мингтаси электромобиль автомобиллари (2023 йилда ушбу кўрсаткич 402 мингтани ташкил этади).
“Иқтисодиётимиз энергия сиғимкорлигини ошириш, бир бирлик энергия ресурси эвазига 2 карра кўпроқ қиймат яратиш вазифаси белгиланган. Бу дегани келгусида энергетика соҳасини ҳам жадал ривожлантириб аҳоли ва саноатга барқарор ва сифатли энергия билан таъминлаш шу жумладан тоза энергия манбаларини камида 40 фоизга етказиш марралари белгилаб олинган.
Бунинг учун, албатта юқори энергия сиғимкор соҳалар, хусусан рақамли технологиялар, финтех, молиявий хизматлар каби янги тармоқларни ривожлантириш зарур. Хусусан, IT сектордаги ўзгаришларни кўрадиган бўлсак, ҳозирда ушбу соҳа қарийб 1 млрд долларлик марраларни забт этилган бўлса келгуси 7 йилда ушбу кўрсаткични камида 5 карра ошириш истиқболлари мавжуд” – М.Холмухамедов.
Аҳоли даромадлари ўртасидаги кескин тафовутларни олдини олиш, ҳудудларда барқарор иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали янги ўрта синф қатламини кенгайтириш ва энг асосийси аҳоли фаровонлигини таъминлаш ҳам энг муҳим йўналишлардан ҳисобланади.
Хусусан, мамлакатимизда, 2021 йили камбағаллик даражаси 17% ни ташкил этган бўлса, биргина ўтган йилнинг ўзида яратилган имкониятлар эвазига жами 1 млн нафарга яқин фуқароларимиз камбағалликдан чиқарилиб ўтиб ушбу кўрсаткич 14% га тушди.
“Таъкидлаш жоизки, 2026 йилга қадар камбағалликни 8,5 фоизга, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш ва 5% га тушириш чоралари кўрилади.
Бунда, оилавий тадбиркорлик асосида бандликни таъминлашда оддий “қўл меҳнати”дан – саноатлашган ишлаб чиқариш босқичига ўтиш, ускуна сотиб олиш учун имтиёзли кредит миқдорини 100 млн сўмгача ошириш мақсадлари белгиланган.
Шу билан бирга, Ёшлар орасида ишсизлик даражасини 14 фоиздан 6 фоизга камайтириш. Ушбу мақсадларда, 2030 йилга қадар ҳар бир ҳудуднинг демографик, табиий, инфратузилмавий хусусиятларига кўра меҳнат бозорига илк маротаба кириб келаётган 1 млн нафар ёшлар учун муносиб даромад манбаига эга бўлишлари учун ҳар томонлама шароит яратилади”, дейди Муҳсинжон Холмухамедов.
Хусусан, Тараққиёт стратегиясида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, урбанизация стратегиясини амалга ошириш, аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш даражасини ошириш бўйича йўналишида ҳам бир қатор ишлар олиб борилиши мақсад қилинган.
Жумладан, “Янги Ўзбекистон” массивлари сони 100 тага етказилиши шунингдек, туман (шаҳар)ларнинг бош ва мастер режаларини 3 та тоифали (реновация, реконструкция ва консервация) зоналарга ажратиб, соддалаштирилган тартибда ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар таклифларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш амалиёти жорий этилади.
“Мухтасар қилиб айтганда, Ҳурматли Президентимиз келгуси 7 йилда жуда улкан, улуғвор мақсад ва вазифаларни белгилаб бердилар. Биз ўтган даврда етарлича билим ва тажриба орттирдик. Илгари ўн йиллар керак бўлган йўлни қисқа муддатда босиб ўтишни ўргандик. Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек, “Агар эзгу мақсадларимиз йўлида жипслашиб, ҳаммамиз бир бўлиб, астойдил ҳаракат қилсак, бундан ҳам катта марраларни забт эта оламиз!”, деди Муҳсинжон Холмухамедов.
Маърузамнинг якунида эса залда ўтирган ёшларга қараб барча саъй ҳаракатлар Сизлар учун, келгусида Ўзбекистон албатта юксак ривожланган давлатлар қаторидан муносиб жой эгаллайди. Бугунги ислоҳотлар ушбу катта иқтисодий сакрашга замин яратмоқда. Сизлар ҳам шу олинган марралардан хулоса қилиб юқори самарадорликка эришиш сари янги тажрибалар, кўникмалар ва билимларни эгаллаш йўлида зафарлар тилайман, сўзини якунлади эксперт.
Изоҳ қолдириш