Обид Ҳакимов: Aҳолининг қўлига пул бериш камбағалликдан чиқаришда яхши самара бермайди

Обид Ҳакимов: Aҳолининг қўлига пул бериш камбағалликдан чиқаришда яхши самара бермайди
Фото: Kun.uz

Нобель совриндорлари Абхижит Бенаржи ва унинг турмуш ўртоғи Эстер Дюфлонинг камбағалликни қисқартириш борасида қўллаган экспериментларидан Ўзбекистонда фойдаланиш қанчалик қўл келади? Мамлакатда камбағалликка қарши курашиш ишлари қандай давом этяпти? Ушбу саволларга Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов жавоб берди.

Кўпгина мамлакатларда камбағаллик абсолют ўлчовлар орқали ўлчанади. Масалан, битта одам маълум миқдордан кам даромад ёки кам истеъмол қилаётган бўлса, шу одам камбағал ҳисобланади. Бутун дунёда одам ўзининг минимал функцияларини бажариш учун керак бўладиган килокалорияни(ккал) олиш учун истеъмол қилинадиган озиқ-овқат миқдори тушунилади. БМТ 1800 ккалдан паст озиқ-овқат истеъмол қилаётган одамлар ҳақиқий камбағал ҳисобланишини таъкидлайди. Камбағалликнинг нисбий ўлчамларида кўп ривожланган мамлакатларда тўйиб овқат емаслик муаммолари йўқ. Уларда барча аҳолининг олаётган даромади тақсимотида энг паст 20 фоиз даромадли аҳоли камбағал саналади. Яна бир ўлчам минимал истеъмол саватчаси бўлиб, бу ерда фақат озиқ-овқат эмас, хизматлар, ноозиқ-овқат маҳсулотлар, минимал хизматлар кабилар қўшилади. Мамлакатлар ўзларидаги камбағаллик даражасини мана шундай турли ўлчамлар билан аниқлаб, сўнгра аҳоли даражасини кўтариш бўйича ўз сиёсатларини амалга оширишади.

Ўзбекистонда камбағаллик ҳақидаги гаплар 2020 йилнинг бошидан бошланди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг парламентга мурожаатида бу масала кўтарилди. Давлат раҳбари мамлакатдаги камбағаллик кўрсаткичи 10-15 фоиз оралиғида эканини айтганди. Бу рақам қаердан келган? Таъкидланганидек, одамларнинг кунлик минимал харажатлари бор. Ўрта паст даромадли мамлакатлар учун ушбу мезон 3,2 АҚШ долларини ташкил этади. Бунда 3,2 доллар айнан эмас, шу қийматда турли давлатларда тўлов қобилияти маҳаллий валютадаги рақамга ўзгартирилади. Яъни харид қилиш қобилияти паритетининг конвертация коэффициенти (PPP conversion factor) ҳар йили Жаҳон банки томонидан эълон қилинади. Масалан, 2018 йил Ўзбекистон учун 1 АҚШ долларининг PPP қиймати 1784 сўм этиб белгиланганди. Жаҳон банкининг 2020 йилги ҳисоб-китобларига кўра, киши бошига 3,2 AҚШ доллари харид қобилияти паритери бўйича 5,600 сўмга тўғри келади. Ўзбекистонда шунча маблағ ишлаб топган одам камбағал эмас. Шу ўлчам асосида, Ўзбекистонда камбағаллик кўрсаткичи 9-10 фоиз атрофида этиб белгиланган.

Маълумот учун, Харид қилиш қобилияти паритетининг конвертатция коеффитциенти (Purchasing power parity conversion factor) ҳар йили Жаҳон банки томонидан эълон қилинади. Масалан, 2018 йил Ўзбекистон учун 1 АҚШ долларнинг ППП қиймати 1784 сўм деб белгиланган. Яъни АҚШда 1 долларга қанча махсулот олиш мумкин бўлса, ўша маҳсулотни Ўзбекистонда 1784 сўмга харид қилиш мумкин.

Ўзбекистонда камбағалликни комплекс ўрганиш учун шу йилнинг 29 сентябр куни президент томонидан Ўзбекистонда камбағалликни ўрганиш бўйича жаҳон тажрибасига мос равишда катта ва кенг тадқиқотлар ўтказишга топшириқ берилди. Бу тадқиқотларга 2019 йилда Нобель мукофотини олган Эстер Дюфло ва Абхижит Бенаржининг тадқиқотлари асос қилиб олинган. Бу бўйича давлат хизматчилари, камбағалликка қарши курашаётган одамларда камбағаллик тўғрисида комплекс фикрлашни йўлга қўйиш керак эди. Кўпинча одамлар билан суҳбатда маълум бўладики, иш топиб ёки кредит олиб, бирор иш қилиш орқали камбағалликдан чиқиб кетиш мумкин, деган фикр бор. Aҳолининг қўлига пул бериш камбағалликдан чиқаришда яхши самара бермайди. Чунки бунга комплекс ёндашув керак. Бу масала билан шуғулландиган хизматчиларга аҳоли учун таълим, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш масалаларининг қанчалик долзарб экани ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Камбағалликдан ўзидан ўзи даромад билан чиқиб кетиш қийин. Масалан, кимгадир пул берсам, у ўз соҳаси, соғлиғи, уйидаги муҳит, фарзандлари соғлиғи ва таълимига эътибор қаратмаса, ўзини камбағалликдан чиқариш устида ишламаса, эртага яна камбағаллик қопқонига тушиб қолаверади. Шунинг учун, камбағалликни қисқартиришга комплекс ёндашиш керак.

Шунингдек, ижтимоий ҳимоя тизимимиз қандай бўлиши кераклиги ҳам инобатга олиниши керак. Масалан, ижтимоий ҳимоя тизимимиз бу фақат берилаётган ёрдам эмас, камбағалликдан чиқариш учун берилаётган ёрдам ҳисобланади. Кўпгина мамлакатларда фуқаро ижтимоий ҳимояни олаётганда муайян шартга розилик беради. Масалан, ҳар 2 ойда болаларини шифокор кўригидан ўтказмаса, ўз соғлиғига эътибор қаратмаса, болаларнинг мактабга боришини тўлиқ таъминламаса, ижтимоий нафақа тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирилади. Худди шундай биз Бўка ва Чиноз туманларида 1100дан ортиқ хонадонларга бориб, бутун уйни тўлиқ сўровномадан ўтказдик ва сўровнома бўйича таҳлилларни амалга ошираяпмиз.

Манба: Kun.uz

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар