МБ: жисмоний шахсларнинг муаммога айланган кредитлари ҳажми 5,4 баробарга ўсди

МБ: жисмоний шахсларнинг муаммога айланган кредитлари ҳажми 5,4 баробарга ўсди

Жорий йилнинг 9 ойи давомида банк тизимида юридик шахсларнинг муаммоли кредитлари ҳажми 2,6 баробарга ўсган бўлса, жисмоний шахсларнинг муаммога айланган кредитлари ҳажми 5,4 баробарга ўсиб, уларнинг жами муаммоли кредитлардаги улуши 17 фоиздан 29 фоизга етди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар қилди.

I. Банкларнинг кредитлаш ҳолати

Жорий йилнинг ўтган даврида банк тизими асосий кўрсаткичларида ижобий ўсиш суръатлари сақланиб, мақбул даражадаги молиявий барқарорлик кўрсаткичлари доирасида иқтисодиётнинг кредитга бўлган талаби қондириб борилмоқда.

Банклар томонидан иқтисодиётга 2021 йилнинг 9 ойи давомида 119,5 трлн. сўм миқдорида ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32,8 фоизга кўп кредитлар ажратилган.

Мазкур кредитларнинг асосий қисми (76 фоизи) 91 трлн. сўми тадбиркорлик субъектларига (корпоратив мижозлар) ажратилган бўлиб, уларнинг 66 трлн. сўми узоқ муддатли инвестицион лойиҳаларга ва 25 трлн. сўми револьвер асосида хўжалик фаолияти узлуксизлигини таъминлашга йўналтирилган.

Аҳолини истеъмол эҳтиёжларини қондириш ва даромадли меҳнат билан банд бўлиш мақсадларига жами 29 трлн. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 46 фоиз ёки 9,2 трлн. сўм кўп кредитлар йўналтирилган.

Аҳолига ажратилган жами кредитлар қолдиғи жорий йилнинг 9 ойи давомида 11 трлн. сўм ёки 20 фоизга ошиб, 2021 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 66 трлн. сўмга етган.II. Муаммоли кредитлар ҳолати

Банк тизимида муаммоли кредитлар (NPL) улуши жорий йилнинг июль ойида энг юқори даража 6,2 фоизга етган эди.

Ўз навбатида, муаммоли кредитлар улуши жорий йилнинг август-сентябрь ойларида 0,4 фоиз бандга камайиб, 1 октябрь ҳолатига 5,8 фоизни (18,1 трлн. сўм) ташкил этди.

Мижозлар бўйича муаммоли кредитларнинг 29 фоизи (5,2 трлн. сўм) жисмоний шахслар ва 71 фоизи (12,9 трлн. сўм) юридик шахсларга ажратилган кредитлар ҳиссасига тўғри келади.

Тармоқлар қирқимида муаммоли кредитларнинг ўсиши, асосан транспорт ва коммуникация, қишлоқ хўжалиги, савдо ва умумий овқатланиш ва қурилиш соҳалари ҳиссасига тўғри келмоқда.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар