Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи: 5 йил ичида Ўзбекистонда автомобилсозлик саноатининг ривожланиши

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи: 5 йил ичида Ўзбекистонда автомобилсозлик саноатининг ривожланиши

2016-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида автомобилсозлик саноати соҳасида салмоқли натижаларга эришилди. Жумладан, автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробарга ўсиб, 280 мингтага етказилди; автомобиллар харид қилинишида узундан узун навбатда туришлар йўқотилди; соҳага “ҳалоллик вакцинаси” татбиқ этилиб, чуқур илдиз отган коррупция амалларига барҳам берилди; рақобатни кучайтириш мақсадида мамлакатимизга энг йирик жаҳон брендларидан Германиянинг Фольксваген автомобиллари Жиззах вилоятида ишлаб чиқарила бошланди.

Ишлаб чиқариш

Пандемиянинг Ўзбекистон автомобилсозлик саноатига таъсири нисбатан юмшоқ ўтди, десак муболаға бўлмайди. 2020 йилда автосаноат соҳасида фаолият юритадиган корхоналар томонидан жами 33 718,9 млрд сўмлик автотранспорт воситалари, трейлер ва ярим прицеплар ишлаб чиқарилди. 2016 йилда ушбу қиймат 4 112,3 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, ўсиш суръати 8 баробарни ташкил этди.

Шу билан бирга, 2016 йил автосаноат умумий саноат ҳажмининг 3,7 фоизини қамраб олган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 9,2 фоизга тенг бўлди, бу эса ўз навбатида автосаноатнинг умумий саноатдаги улуши 2016 – 2020 йиллар оралиғида 5,5 фоиз пунктга ўсганини кўрсатади.

Хусусан, 2020 йил мобайнида 280 080 дона енгил автомобиллар (ўсиш суръати +217,7%), 642 дона автобуслар (ўсиш суръати -29,3%), 4 163 дона юк машиналари (ўсиш суръати +30,1%), 673 дона тракторлар (ўсиш суръати -6,5%), ва 41 дона махсус транспорт воситалари ишлаб чиқарилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиёда йўловчи ва тижорат транспорт воситаларининг тўлиқ ассортиментини ишлаб чиқарувчи ягона мамлакат ҳисобланади. Ҳозирги кунда юртимизда 85 дан ортиқ корхоналар автосаноат соҳасида фаолият юритмоқда ва ушбу соҳа бўйича 200 дан ортиқ хорижий корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорлик мавжуд. Бугунги кунда, саноат 28 минг кишини иш билан таъминлашга эришган.

Ташқи савдо

Валюта бозорини либераллаштирилгани, давлат томонидан автосаноат соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор шарт-шароитлар яратилиб берилганлиги, хорижий давлатлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қилинаётган саъй ҳаракатлар натижасида, автосаноат соҳасидаги ташқи савдо динамикаси 2016–2020 йиллар оралиғида жадал ривожланди.

2016-2020 йилларда “Ўзавтосаноат” АЖ корхоналарининг экспорти 639,5 млн долларни ташкил қилди. Статистик таҳлилларга кўра, 2016 йилда 55,1 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, ўтган йили бу қийматни 208,9 млн долларгача кўтаришга эришилди ва бунда ўсиш 4,1 баробарни ташкил қилди.

Хусусан, ўтган йил мобайнида 170,7 млн долларлик енгил автомобиллар (18 552 дона), 14,4 млн долларлик автобуслар (217 дона) ва 11,9 долларлик юк машиналари (780) экспорти амалга оширилди. 2020 йилда Қозоғистонга 168,6 млн долларлик, Озарбайжонга 7,2 млн долларлик, Афғонистонга 5,7 млн долларлик, Қирғизистонга 4,9 млн долларлик ва Россия Федерациясига 3,6 млн долларлик автотранспорт воситалари экспорт қилинган.

Юртимизнинг автосаноат соҳасида амалга оширган ташқи импорт қийматларига эътибор берадиган бўлсак, 2020 йил мобайнида жами 1 838,3 млн долларлик автотранспорт воситалари импорт қилинди, бу эса ўз навбатида 2016 йилга нисбатан импорт ҳажми 2,1 баробарга ошганини кўрсатиб берса, 2019 йилга нисбатан 13 фоизга камайишга эришилганини тасдиқлайди.

Жумладан, 2020 йил ҳисобига кўра 475,1 млн долларлик енгил автомобиллар (25 766 дона), 190,4 млн долларлик юк машиналари (4 576 дона) ва 16,7 млн долларлик автобуслар (445 дона) импорт қилинган.

Ушбу даврда, асосан Жанубий Кореядан 861,6 млн долларлик, Хитойдан 320,6 млн долларлик, Япониядан 100,8 млн долларлик, Россия Федерациясидан 93,9 млн долларлик, Беларусдан 52,5 млн долларлик автотранспорт воситалари туркумига кирадиган маҳсулотлар импорти амалга оширилди.

Инвестициялар

Автомобилсозлик саноатида рақобатбардош шароитларни яратиш ва қулай инвестиция муҳитини шакллантириш соҳасида олиб борилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, ўтган беш йил ичида автосаноат соҳасида бир қатор юқори қийматга эга бўлган инвестиция лойиҳалари амалга оширилди.

2016 йилда “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан 120,6 млн. АҚШ доллари қийматидаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Жумладан, “UzAutoMotors” АЖ заводида эскирган ускуна ва технологик жиҳозларни модернизация қилиш ҳамда алмаштиришга қаратилган инвестиция лойиҳаси муваффақиятли бажарилди. Бундан ташқари, “UzAutoMotors” АЖ автомобиллари учун алюминий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси самарали бўлди.

2017 йилда “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан 65,1 млн. АҚШ доллари қийматидаги инвестиция лойиҳалари бажарилган. Хусусан, “UzAutoMotors” АЖ томонидан узайган кузовли “Labo” маркали автомобилларни ўзлаштириш лойиҳаси ҳамда “Ангрен” ЭИЗ ҳудудида конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги ва автомобил шиналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилди.

2018 йилда “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан 21,8 млн. АҚШ доллари қийматидаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Жумладан, Хоразм ва Андижон вилоятларида Дамас автомобилларининг иситкич ва вентиляция тизимини ишлаб чиқариш ҳамда енгил автомобиллар учун пластмассали бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари бажарилди. Шунингдек, “Ўзавтосаноат” АЖ корхоналарини модернизация қилиш бўйича лойиҳалар муваффақиятли ўтказилди.

2019 йилда “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан 70,2 млн. АҚШ доллари қийматидаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Хусусан, Наманган вилоятининг Норин туманида икки ва уч ғилдиракли мотоциклларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди. Қолаверса, харидорлар учун таклиф этилаётган юк автомобиллари турларини кенгайтириш мақсадида, “JV MAN Auto - Uzbekistan” МЧЖ базасида Хитойнинг Sinotruk компанияси билан ҳамкорликда, қарийб 12 млн. АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда республикамизда янги турдаги юк автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, “СамАвто” МЧЖ базасида ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида Япониянинг Isuzu Motors ва Itochu Corporation компанияларининг 15,26 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестициялари самарали жалб қилинди.

2020 йилда “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан 114,6 млн. АҚШ доллари қийматидаги инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Жумладан, “Uzlogistic” МЧЖ логистика компанияси фаолияти самарали йўлга қўйилди, шунингдек, “СамАвто” МЧЖ қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш фаолияти кенгайтирилди.

Соҳадаги ислоҳотлар

Сўнги 5 йилда автомобилсозлик соҳасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилган. Хусусан, қуйидаги ютуқларга эришилди:

- автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробарга ўсиб, 280 мингтага етказилди;

- автомобиллар харид қилинишида узундан узун навбатда туришлар йўқотилди;

- соҳага “ҳалоллик вакцинаси” татбиқ этилиб, чуқур илдиз отган коррупция амалларига барҳам берилди;

- соҳада рақобатни кучайтириш мақсадида мамлакатимизга энг йирик жаҳон брендларидан Германиянинг Фольксваген автомобиллари Жиззах вилоятида ишлаб чиқарила бошланди;

Бу натижаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда ҳукумат томонидан олиб борилаётган иқтисодий сиёсат ҳамда автомобилсозлик соҳасида амалга оширилаётган чоралар орқали эришилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилдаги ПҚ-3028 сонли “2017 — 2021 йилларда автомобиль саноатини жадал ривожлантириш ва бошқарувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари” ҳамда 2018 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ПҚ-537 сонли “Автомобилсозлик саноатида бошқарувни янада такомиллаштириш ва ривожлантиришни жадаллаштириш” тўғрисидаги қарорларига мувофиқ қуйидаги натижаларга эришилди:

- енгил автомобил ишлаб чиқариш ҳажми 220 минг донага етказилди;

- қарийб 250 дан ортиқ автоқисмлар маҳаллийлаштирилди;

- жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, саноат усулида йиғиш ва утилизация йиғимини жорий этишни назарда тутувчи қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш бошланди.

2019 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4397 сонли “Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарорда кўзда тутилган чора-тадбирлар эвазига қуйидаги ютуқларга эришилган:

- ишлаб чиқариш қуввати босқичма-босқич ўсиб бормоқда;

- ягона GEM платформасида янги автомобил моделларини (Chevrolet Onix ва Chevrolet Tracker) ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда;

- SamAuto ҚҚ МЧЖ ишлаб чиқариш қувватларини ошириш мақсадида Япониянинг ISUZU ҳамда ITOCHU компанияларидан тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилди;

- Хорижий IT компанияларини жалб қилган ҳолда 2 та тармоқ корхонасида “Ресурсларини бошқариш тизими” (SAP S/4 HANA) жорий қилинди;

- UzAuto Motors АЖ Ўзбекистоннинг энг йирик 10 та солиқ тўловчилар қаторига кирди;

- Boston Consulting Group халқаро компаниясини жалб қилган ҳолда 2030 йилгача бўлган давр учун автомобил саноати стратегияси ишлаб чиқилди.

Машинасозлик саноатининг мамлакат иқтисодиётида тутган ўрни муҳимлигини инобатга олган ҳолда, давлат томонидан ушбу соҳани янада ривожлантириш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар кўрилди. Жумладан, 2016-2020 йиллар оралиғида ушбу соҳа бўйича қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилди:

- ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ, технологик лидерлар билан биргаликда юк автомобиллари импортининг ўрнини босувчи турларини, автомобил маҳсулотларига узеллар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш бўйича янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва ишлаб турганларини кенгайтиришга йўналтирилган автомобил саноатини янада ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

- ишлаб чиқариш потенциалидан янада тўлиқ фойдаланиш, янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринлари ташкил этиш мақсадида автомобилсозлик, бошқа турдош тармоқлар корхоналари, шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектларининг тармоқлараро саноат кооперациясини янада кенгайтиришга, ҳамда кўрсатиб ўтилган тармоқларда ишлаб чиқариш жараёнларини диверсификациялаш;

- ишлаб чиқарилаётган автотранспорт воситаларини маҳаллийлаштириш даражасини янада оширишни ва уларнинг янги турларни ўзлаштиришни таъминловчи автомобилсозлик корхоналарида фойдаланиладиган бутловчи буюмлар ва деталлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

- автомобил саноати корхоналари устав капиталларидаги давлат улуши ва активларини етакчи хорижий компанияларга сотиш йўли билан салоҳиятли инвесторларни хусусийлаштириш жараёнига жалб этиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш, шу асосда ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва технологик янгилашни, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошли маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг ташкил этилишини, корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари жорий этилишини, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ташкил этилишини таъминлаш;

- мамлакат иқтисодиётини янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялашнинг тасдиқланган дастурларига мувофиқ автомобил саноати корхоналарида ислоҳотларнинг амалга оширилишини тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

- ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг энергия сиғимини камайтириш ва энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

- маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошли бўлган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)нинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, уларни жаҳон бозорларига киритиш ишларини мувофиқлаштириш.

Шу билан бир қаторда, автомобил саноатини жадал ривожлантириш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини оширишни таъминлаш, илғор халқаро тажриба асосида замонавий бозор механизмлари ва бошқарув усулларини жорий қилиш, шунингдек, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош ишлаб чиқаришни яратиш мақсадида 2019-2023 йилларда мамлакатда автомобил саноатини ривожлантиришда қуйидаги кўрсаткичларга эришиш белгилаб қўйилди:

- енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини 350 минг донагача ошириш;

- енгил автомобилларни маҳаллийлаштириш даражасини ўрта ҳисобда 60 фоизгача етказиш;

- юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқариш ҳажмини 10 минг донагача ошириш;

- аҳолининг кенг қатламлари учун ҳамёнбоп бўлган енгил автомобилнинг янги замонавий модели ишлаб чиқарилишини назарда тутган ҳолда автомобилларнинг моделлар қаторини янгилаш.

Автосаноат соҳасида рақобатбардошликни кўтариш мақсадида хорижий давлатлардан бир қатор инвестицияларни жалб қилиш ва улар билан халқаро шартномаларни йўлга қўйиш мақсадида олиб борилган саъй–ҳаракатлар натижасида бугунги кунда Россия, Франция, Япония давлатларининг LADA, Volkswagen ва UzPCA каби автотранспорт воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

илмий ходими Мушарраф Мир Аҳмадова


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар