Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан Халқ қабулхоналари пойтахтимизда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя йўналишлари бўйича оммавий қабул ташкил этди. Мутасадди вазирлик ва идоралар, йигирмага яқин тиббиёт, далолаш-реабилитация марказлари, тиббиёт бирлашмалари билан аҳолиси ўртасида кечган очиқ мулоқотлар натижасида фуқароларни ўйлантириб келаётган кўплаб масалаларга ечим топишга эришилди.
Қибрайлик Раҳимберган Машарипов 2-гуруҳ ногирони, боз устига, катаракта касаллиги билан хасталанган. Аммо жарроҳлик амалиёти учун қўли калталик қилаётган экан. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари билан суҳбат асносида масала атрофлича кўриб чиқилиб, отахонда бепул йўлланма асосида Республика кўз касалликлар микрохирургияси шифохонасида жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган бўлди.
Яшнободлик Дилбар Бегматова фарзандларини ёлғиз ўзи катта қилмоқда. Устига-устак 4 ёшли ўғлига туғма миопатия ташхиси қўйилган, жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарур. Ташкил этилган жонли мулоқот уни қийнаб келаётган масала ечимида яхши имконият бўлди. Мурожаати синчиклаб ўрганилгач, унинг ўғлида бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилиши, дори-дармонлари учун ҳомийлик ҳисобидан қўшимча 8 миллион сўм ажратилиши белгилаб олинди.
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида яшовчи Гулноза Жалолова бир ўзи 3 нафар фарзандни вояга етказмоқда. Соғлиғи йўл қўймагани туфайли ҳозир ишсиз бўлиб, рўзғор тебратишда қийналиб қолган. Шу боис Тошкент педиатрия тиббиёт институтида таҳсил олаётган қизи учун нафақа ажратишда ёрдам сўраб молия вазирлиги ҳузуридаги бюжетдан ташқари пенсия жамғармаси масъулларига мурожаат қилди. Гулноза Жалолованинг мазукр мурожаати амалдаги қонунчилик талабларига тўла мос келганлиги сабабли мутасаддилар тез кунларда уни ҳал қилиб берадиган бўлди.
48 йил ўқитувчилик қилган Шаҳрибону Ҳайитова тақдир экан ногиронлик аравачасига михланиб қолган. Вақт ўтиб аравача носоз ҳолга келиб қолган, янгисига эҳтиёж туғилган. Масъуллар билан мулоқот якуни бўйича фахрий педагогга замонавий электр юритмали аравача топширилди. Умуман, оммавий қабул жараёнида тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан 10 дан ортиқ эҳтиёжманд фуқароларга ана шундай аравачалар топширилди.
Эътиборли жиҳати, оммавий қабул жараёнида аён бўлган маълумотлар асосида республика тиббиёт марказларининг юқори малакали мутахассислари бевосита хонадонларга бориб, беморларни чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказди.
Юнусобод туманининг Зарбулоқ маҳалласида яшовчи Махсума ва Абдураҳмон Тўлагановлар юртимизда инсон омилига берилаётган эътибордан мамнун. Онахон бундан аввал тўртинчи даражали бўкса артрози ташхиси билан Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида ажарроҳлик амалиёти ўтказиш орқали бепул даволанган бўлса, унинг турмуш ўртоғи кўп йиллар қандли диабет билан оғриган. Онахон шифокорлар эътибори, малакали тиббий муолажалар туфайли қисқа вақтда оёққа туриб, ўзи ҳаракатланаётгани ҳақида айтади. Бу галги кўздан кечирув якунида шифокорлар отахонга ногиронлик белгиланиши ҳамда тез орада оёққа протез ўрнатилишини баён қилишди.
Сирожиддин Мирзаев Юнусобод туманидаги Халқ қабулхонасига мурожаатидан кейин отахонда кўз касаллигини даволаш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилди, қўшимча муолажалар олиб борилмоқда. Бу гал шифокорлар тузалиш жараёни қандай кетаётганини текшириб, керакли маслаҳат ва йўл-йўриқларни берди.
Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Умид Эшимов навқирон ёшида тақдирнинг оғир зарбасига учрайди. Нақд 18 ёшида бахтсиз ҳодиса туфайли ногиронлик аравасига михланиб қолади. Мана шундан бери 30 йилдан ошиқ вақт ўтибдики, шифокорлар назоратида. Аслида бир оғиз ширин сўз, озгина эътибор Умид ака сингари инсонлар ҳаёт сифатини яхшилашда дори-дармондан кам аҳамият касб этмаслигини шифокорлар яхши билади. Шу боис ҳам қабул доирасида унинг хонадонида ҳам бўлиб, Умид Эшимов назоратдан ўтказиб, унга реабилитация марказида даволаниши учун йўлланма ва замонавий аравача ажратиладиган бўлди.
Пойтахтимизнинг “Турон” маҳалласида яшовчи Олломурод Исақулов ва Насиба Исақуловалар қандли диабет билан оғриб келади. Тиббиёт ходимлари уларнинг хонадонида ҳам бўлиб, кўрикдан ўтказишди. Эндокринология марказида даволанишларини айтишди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тиббиёт олий ўқув юртлари битирувчи курслар талабалари дарсдан бўш вақтида ишлаши учун кенг имконият яратиб берилгани кўпчиликка яхши маълум. Шундан келиб чиқиб, оммавий қабул жараёнида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Тошкент шаҳридаги туман тиббиёт бирлашмалари 470 та бўш иш ўринларини таклиф этди. Ярмаркада 48 нафар фуқаро ишга қабул қилинди.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти магистратурасининг 3-курсида таълим олаётган Сурайё Меҳмонова ўқиш билан бирга ишлаш истаги борлигини ҳам маълум қилиб, маъсулларга мурожаат қилди. Мурожаати кўриб чиқилиб, Мирзо Улуғбек тумани тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаштириш учун меҳнат шартномаси тузилди.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти келгуси йилда тамомлайдиган 223 нафар бакалавриат, 29 нафар магистратура талабалари, 44 нафар ординатура талабалари билан тўрт тамонлама шартномалар расмийлаштирилди. Шуни ҳисобидан Тошкент шаҳридаги муассасаларда мавжуд бўлган 344 та вакант ўринлар тўлдирилиши режа қилиб олинди.
Оммавий мулоқотлар давомида аҳоли учун сайёр тиббий кўриклар ҳам ташкил этилиб, мутахассислар томонидан беш юзга яқин фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Аниқланган касалликлар бўйича тегишли тавсиялар берилди. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимлари ходимлари ҳам ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиб, зарур тиббий текширувлар ўтказилишини ташкил қилди.
Умуман олганда, оммавий қабулда 328 нафар фуқародан соғлиқни сақлаш, пенсия, бандлик каби масалалар бўйича 331 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг 157 таси жойида ҳал этилган бўлса, 41 таси бўйича ҳуқуқий ахборот ва маслаҳат, 17 таси бўйича тушунтириш берилди, 116 та мурожаатни ўрганиш учун қўшимча вақт талаб этилгани сабабли назоратга олинди.
Изоҳ қолдириш