Оммавий қабул: давлат идоралари халқ хизматида

Оммавий қабул: давлат идоралари халқ хизматида

“Оммавий қабуллар уч ойлиги” доирасида Президент Халқ қабулхоналари ташкил қилган бу галги очиқ мулоқотларга Республика ишчи гуруҳи инсон ва жамият ҳаёти, давлат бошқаруви билан боғлиқ деярли барча комплекс масъулларидан иборат анчайин кенг жамоа, катта куч билан келди. Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Халқ таълими, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Марказий банк, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Автомобиль йўллари қўмитаси, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ҳудудгазтаъминот”, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятлари, Кадастр агентлиги, жами 20 зиёд вазирлик ва идора раҳбарлари мурожаатчилар билан юзма-юз ўтириб, ҳар бир масалани ҳудудий масъуллар билан бирга муҳокама қилмоқда, муаммоларни ҳал қилиш учун бор куч-имконият ишга солинмоқда.

Бир мисол: Фурқат туманининг Янгиқишлоғида яшовчи Нилуфархон Қаюмованинг арз қилишича, у ердаги электр симёғочлари анча эски, камига одамлар қўлбола қилиб қуришга мажбур бўлган. Бу эса электр таъминотида тез-тез узилишларга олиб келмоқда. “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти масъуллари мурожаатни тинглагач, бу масалани тез кунда ҳал қилиб беришни ўз зиммасига олдилар.

Муаммо жойига чиқиб ўрганилгач, эртаси куни Янгиқишлоқнинг эскирган симёғочлари янги бетон-устунларга алмаштирилди.

Ўзбекистон тумани “Намуна” маҳалласида яшовчи Дониёрбек Исоқов Автомобиль йўллари қўмитаси масъулларидан Яйпан ва Нурафшон шаҳарчаларини боғловчи кўприкни таъмирлашда амалий ёрдам сўради. Масъуллар бу масалани жойига чиқиб ўрганди, муаммоларни кўздан кечирди, таҳлил қилди. Натижада бу кўприкни капитал таъмирлаш масаласи 2023 йилги давлат дастурига киритиладиган, пиёдалар йўлаги эса тез кунларда таъмирлаб бериладиган бўлди.

Олий суд ва Судьялар олий кенгаши масъулларига келиб тушган 201 та мурожаатнинг 92 таси жойида ҳал қилинди. Мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳри, Фурқат, Бешариқ, Ўзбекистон, Боғдод, Риштон, Учкўприк, Бувайда туманлари судлари ташкил қилган сайёр суд мажлисларида 49 та иш кўриб чиқилди. Айбини тан олган, шунга мос белгиланган жазонинг маълум қисмини ўтаган, қилмишига минг пушаймон бўлиб ҳаётини ўнглаб олиш учун яна бир имкон сўраган б у мурожаатчиларнинг ҳар бирининг иши судда батафсил кўриб чиқилиб, барча томон тингланди. Якунда эса ҳудудлардаги ички ишлар органлари пробация гуруҳлари тақдимномалари асосида 36 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод этилди.

Риштонлик Баҳодир Жиянбоев эса худди шундай оммавий қабуллардаги мурожаатлари асосида 6,5 йил танаффусдан сўнг яқинда эгнига яна ички ишлар либосини кийди. Бу йигит Риштон туман ички ишлар тизимида ишлаган пайтида 2015 йил охирларида ноҳақ ишдан бўшатилган экан. Кўп йиллик курашлардан сўнг Фарғона вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 18 январдаги ажрими асосида уни 2015 йилда хизматдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ ғайриқонуний деб топилди ва сержант Жиянбоев Риштон тумани ички ишлар бўлими катта инспектори лавозимига ишга тикланди, орадаги 6,5 йиллик узилиш хизмат муддатига қўшилди. Яна бир муҳим жиҳат: Баҳодирга мажбурий юрган прогуллари учун 372 миллион сўм иш ҳақи ва маънавий зарар қоплаб берилди.

Бош прокуратура масъуллари кўриб чиққан 151 та масаланинг 69 тасига жойида ечим топилди. Айтайлик, қўқонлик Ҳабибахон Маматқулова мурожаатидан сўнг қизи Нодира Пўлатовага суд қарори асосида икки нафар фарзанди қайтарилиши таъминланди. (Шу қисмда)

Боғдодлик Шоҳиста Юсупова ва Ҳамидахон Рўзматова эса 25-сонли мактабгача таълим ташкилотига тарбиячи ёрдамчиси вазифасига ишга қабул қилинди.

Уч йил уй боғчасини бошқариб, соҳада анча тажриба тўплаган бувайдалик Зарифахон Жўраева эса энди фаолиятини янада кенгайтиришни мақсад қилган экан. Бу аёлнинг ҳам мурожаатидан сўнг 1 млрд. сўм қийматдаги бизнес-режа ўрганилиб, қўллаб-қувватланадиган бўлди. Тадбиркор бу лойиҳани ярим маблағини ўз ҳисобидан, қолган ярмини кредит эвазига амалга оширмоқчи. Муҳими, Марказий банк масъуллари уни тинглади, масалани назоратга олди.

Риштонлик Одилжон Қўшматовнинг ўзи яшаётган “Қўрғонча” маҳалласини лимончиликка ихтисослашган ҳудудга айлантириш ғояси Марказий банк масъуллари билан мулоқотдан сўнг лойиҳа тусини олди . Бу билан биргина шу қишлоқда 200 та хонадон томорқасида кредитлар эвазига иссиқхона қуриш ва камида 200 дан зиёд оилаларни қўшимча даромад манбаига олиб чиқиш имкони яратилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари билан мулоқотлардан сўнг ўнлаб эҳтиёжманд оилалар фарзандларини даволатиш учун имтиёзли йўлланмалар, дори-дармонлар ажратилмоқда. Айтайлик, учкўприклик Иброҳим Абдуллаевнинг 27 ёшли фарзандлари Ҳасан ва Ҳусанда буйрак етишмовчилиги бор. Ўтган йили оила бор-йўғини сарфлаб, донор топиб, Ҳасанжонга буйрак қўйдирди. Энди ота кичик ўғлига ўз буйрагини бермоқчи, бироқ мураккаб жарроҳлик амалиёти учун маблағи йўқ. Мурожаат асосида тез орада Ҳусанжон пойтахтга чақириладиган ва ихтисослаштирилган марказда бепул жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган бўлди.

Худди шундай мурожаатлар таҳлили асосида биргина Сўх туманидаги ижтимоий аҳволи оғир 50 дан ортиқ инсонларнинг мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш билан боғлиқ муаммоларига ечим топилди. Сўхлик оқсоқолларнинг жамоавий мурожаатидан сўнг эса тоғлар орасидаги анклав ҳудудда яна бир катта масалага ечим топилди. Гап шундаки, баҳор оёқлаши билан Сўх дарёсида сув тошиб, икки қирғоқдаги 4 км. узунликдаги каттагина экин майдонига зарар етказмоқда, дарёнинг 700 метр соҳилидаги ҳимоя дамбаси емирилган. Ўрганишлардан сўнг бу муаммони ҳал қилиш учун алоҳида лойиҳа ишлаб чиқилиб, амалга ошириладиган бўлди.

Умумлаштириб айтганда, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри, Ўзбекистон, Данғара, Фурқат, Бешариқ, Боғдод, Бувайда, Риштон, Учкўприк ва Сўх туманлари аҳолиси қамраб олинган икки кунлик оммавий қабулларда 1 минг 61 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 459 таси жойида ҳал қилинди. 219 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 383 та мурожаатни ҳал қилиш бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.

Фарғона вилоятидаги оммавий қабуллар давом этмоқда.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар