2021 йил II чорагида Ўзбекистоннинг энг фаол банклари аниқланди

2021 йил II чорагида Ўзбекистоннинг энг фаол банклари аниқланди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) томонидан Ўзбекистоннинг 31 та тижорат банки учун "Банклар фаоллик индекси" ишлаб чиқилган. CERR ушбу индекс асосида ҳар чоракда банклар рейтингини янгилаб бормоқда.

Мазкур тадқиқот банк активлари таркибида хусусий сектор улушининг ўзгаришини мониторинг қилиш, шунингдек мамлакатимиз банк секторида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва трансформация жараёнлари самарадорлигини баҳолаш мақсадида ўтказилиб келинмоқда.

2021 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистон банк тизимининг активлари 395 трлн. сўмни (2020 йилнинг 1 июнига нисбатан ўсиш 27,5%), мажбуриятлар – 333,6 трлн. сўмни (ўсиш – 30,6%), умумий капитал – 61,5 трлн. сўмни (ўсиш – 13,1%) ташкил этди. Ҳозирги кунда банк тизимида 56 мингдан ортиқ киши фаолият олиб бормоқда.

Банклар икки гуруҳга бўлинади — катта ва кичик. Рейтинг ҳар бир гуруҳ учун алоҳида тузилди.

2021 йилнинг II чораги учун йирик банклар фаоллик рейтинги

17 та йирик банклар орасида "Капиталбанк" 2020 йилнинг II чорагидан бери етакчиликни сақлаб қолмоқда.

"Капиталбанк" умумий рейтингдаги ўрнини мустаҳкамлаб, яна бир бор молиявий воситачилик ва активлар сифати кўрсаткичлари бўйича энг юқори натижаларни кўрсатди. Хусусан, банк муддатли депозитларининг кредитлар умумий ҳажмига нисбати 84% ни ташкил этди.

"Хамкорбанк" умумий рейтингда 2021 йилнинг I чораги билан таққослаганда 2 поғонага кўтарилиб, 2-ўринни эгаллади. Бунга банкнинг молиявий воситачилик, активлар сифати ва бошқарув самарадорлиги кўрсаткичларининг яхшиланиши ёрдам берди.

"Трастбанк" умумий рейтингда 3-ўринни эгаллаб, бир поғона йўқотди. Бунда, ушбу банк капитал етарлилиги, даромад олиш салоҳияти ва ликвидлилик бўйича етакчи банклардан бири бўлиб қолмоқда.

Давлат улуши мавжуд йирик банклар орасида "Алоқабанк" 3 поғона пастлаб, 6-ўринга тушди. Бунга асосий сабаб банкнинг муаммоли кредитлари улуши ва эҳтимолий йўқотишлар бўйича захиралари ҳажмининг ошиши бўлди. Шунга қарамай, мазкур банк молиявий воситачилик ва капитал етарлилиги бўйича энг яхши бешта банклар қаторига киради.

"Азия Альянс банк" ва "Микрокредитбанк" умумий рейтингда 4 поғонадан йўқотди ва мос равишда 9- ва 12-ўринларни эгаллади.

2021 йилнинг I чорагида кичик банклар фаоллик рейтинги

Жорий йилнинг II чорагида Ўзбекистоннинг 14 та кичик банклари фаоллиги умумий рейтингида биринчи учликни мос равишда "Даврбанк", "Универсалбанк" ва "Зираатбанк" эгаллади.

* CERR методологиясига кўра, бошқарув самарадорлиги кўрсаткичлари фақат миқдорий кўрсаткичларга асосланган ҳамда кўрсаткичлардан бири сифатида банк соф фойдаси/зарарини банк ходимлари сонига бўлинган. . Шу ўринда таъкидлаш лозимки, "Тибиси банк" ва "Анор Банк" ўз фаолиятини 2020 йилнинг IV чорагида бошлаган ва ҳозирги кунда шаклланиш жараёнида жойлашган. Шунинг учун, ушбу банклар бозорга тўлиқ мослашмагунча операцион харажатлари юқори даражада сақланиб қолиши кутилмоқда.

*Батафсил таҳлил «Экономическое обозрение» журналида эълон қилинади.

*Тадқиқот ҳақида ҳисобот, методология ва батафсил маълумот олиш учун Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига мурожаат қилишингиз мумкин. Тел.: (+998) 78 150-02-02

E-mail: [email protected]

Х.С. Ҳамидов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Бош илмий ходим

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар