Ўқувчилар жорий йил якунлари бўйича кутилаётган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва уларнинг 2022 йил ва кейинги икки йил учун прогнози билан танишишлари мумкин.
Бу йил Ўзбекистон иқтисодиёти бошқа давлатларда бўлгани каби COVID-19 натижасида келиб чиққан инқироздан сўнг аста-секинлик билан тикланмоқда, бу эса макроиқтисодий вазиятнинг барқарорлашуви ва иқтисодиётнинг барча тармоқларида иқтисодий ўсиш суръатларининг қайта тикланишида кузатилмоқда.
Нашрнинг асосий қисми солиқ сиёсатининг асосий йўналишларини, келгуси йил учун даромад, харажатлар ва давлат бюджети тақчиллигининг прогнозларини тақдим этади.
2021 йил якунига иқтисодий фаолликнинг босқичма-босқич тикланиши шароитида, ЯИМ ўсиши 7% (2020 йилда 1,7%) миқдорида прогноз қилинмоқда. 2022 йилда иқтисодий ўсиш прогнози 6%ни ташкил этади ва иқтисодиётнинг ўсиш суръатлари 2024 йилга келиб, 6,6%гача ўсиши кутилмоқда. 2022 йилда ЯИМ ўсишининг асосий омиллари бўлиб, иқтисодиёт тармоқлари ўсиш суръатларининг инқирозгача бўлган давр қийматларига қадар босқичма-босқич тикланиши, уй хўжаликлари якуний истеъмолининг ўсиши, асосий капиталга инвестициялар, экспорт-импорт операциялари ҳажмининг ўсиши ҳисобланади.
2022 йил учун солиқ-божхона сиёсатининг асосий йўналишлари келтирилган.
Жумладан, қуйидагилар режалаштирилмоқда:
- солиқларнинг асосий турлари бўйича ставкаларни ўзгаришсиз қолдириш;
- самарасиз солиқ ва божхона имтиёзларни бекор қилиш ишларини давом эттириш;
- юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасини 2%дан 1,5%га пасайтириш;
- жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ставкаларини 1,1 баробарга индексация қилиш;
- сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (қишлоқ хўжалик ерларини суғориш ва балиқларни ўстириш (етиштириш) учун фойдаланилган сув учун ставкалардан ташқари) ставкаларини инфляция даражасида 1,1 баробарга индексация қилиш;
- қишлоқ хўжалик ерларини суғориш ва балиқларни ўстириш (етиштириш) учун фойдаланилган сув ҳажми бўйича солиқ ставкасига 1,05 коэффициентни қўллаш;
- солиқ мақсадидаги харажатлар таркибига кирадиган амортизация ажратмалари чегаравий нормаларининг ортиши:
- бинолар учун - 3 дан 5%гача;
- иншоотлар учун 5 дан 10%гача;
- узатиш қурилмалари, куч машиналари ва асбоб-ускуналар учун 8 дан 15%гача;
- иш машиналари ва асбоб-ускуналар учун 15 дан 20%гача;
- компьютерлар ва маълумотларни қайта ишлаш ускуналари учун 20 дан 40%гача оширилмоқда.
- қуйидагилар учун йўналтирилган маблағлар суммасига инвестициявий чегирма миқдорини ошириш:
- янги технологик ускуналарни сотиб олиш - 10 дан 20%гача;
- ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтириш - 5 дан 10%гача.
- фойда солиғини ҳисоблаб чиқишда зарарни келгусига ўтказишни келгуси 10 йил мобайнида ўтказиш тартибини келгусига ўтказиладиган зарарнинг умумий миқдорига қўйилган чекловни бекор қилган ҳолда сақлаб қолиш.
2022 йилда Давлат бюджети даромадлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги ставкалар сақлаб қолинади:
Қўшилган қиймат солиғи ставкаси | 15% |
Фойда солиғи ставкаси | 15% |
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси | 12% |
Айланмадан олинадиган солиғи ставкаси | 4% |
Дивидендлар кўринишидаги даромадлардан олинадиган фойда солиғи ставкаси | 5% |
2022 йил учун Давлат бюджети харажатлари 214,8 трлн сўмни ёки ЯИМга нисбатан 25,6%ни (2021 йилда 190,8 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 26,4% ҳисобида бўлиши кутилмоқда) ташкил этиши режалаштирилмоқда. Иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсадида ривожлантириш тармоқ дастурларини амалга оширишга йўналтириладиган маблағларни ошириш режалаштирилмоқда.
Нашр 2022 йил учун давлат қарзининг ҳажми ва тузилиши, унга хизмат кўрсатиш харажатлари ва бошқа маълумотларнинг прогнозлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этадиган давлат қарзлари тўғрисидаги бўлим билан якунланади.
Фуқаролар учун бюджет билан Молия вазирлигининг расмий сайти (www.mf.uz), шунингдек, "Очиқ бюджет" ахборот порталида (www.openbudget.uz) танишиш мумкин.
Изоҳ қолдириш