Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ва реализацияси учун қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) берилган имтиёзлар муддати узайтирилиши мумкин. Ҳукумат тегишли қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритди.
Депутат Дониёр Ғаниевнинг ёзишича, у Бюджет лойиҳаси муҳокамаси давомида ҳукумат вакиллари, жумладан бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровдан имтиёзларни узайтириш масаласини кўриб чиқишни сўраган.
Қонун лойиҳасига асосан 2022 йил 30 апрелга қадар қуйидагилар ҚҚСдан озод қилинади:
- Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;
- ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма;
- гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни мамлакат ҳудудига олиб кириш.
Дониёр Ғаниевнинг сўзларига кўра, гўшт, ёғ ва картошка маҳсулотлари аҳоли истеъмол саватчаси таркибида юқори вазнга эга эканлиги инобатга олинса, ушбу маҳсулотлар нархларини барқарор сақланиши бошқа истеъмол товар ва хизматлар нархлари ўсиш суръатларини пасайтиришга ҳам ижобий таъсир қилади.
«Ўйлайманки, ҳукумат томонидан кўрилаётган ушбу фискал чоралар бозорларимизда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини нафақат барқарор сақлашга, балки уларни пасайтиришга ҳамда аҳолини ушбу маҳсулотларга бўлган талабини тўлақонли қондиришга хизмат қилади. Мазкур қонун лойиҳаси келгуси парламент ялпи йиғилишида депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланади ҳамда Сенатга юборилади», - дея қўшимча қилган депутат.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 1 майидан 31 декабригача Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш, ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма ҚҚСдан озод қилинганди.
Президент қарори билан 10 октябрдан 31 декабргача бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), картошка ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма ва Ўзбекистонга олиб кириш ҚҚСдан озод қилинган эди.
Изоҳ қолдириш