Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2020 йил 10 ноябрь ҳолатига кўра аҳолининг истеъмол саватчасидаги озиқ-овқат нархлари индекси ишлаб чиқилди.
Маълумот учун: индекс гўшт ва сут маҳсулотлари (мол гўшти, қўй гўшти, парранда гўшти, сут, тухум), сабзавотлар (пиёз, карам, помидор, сабзи, бодринг, картошка), мевалар (олма, нок), полиз маҳсулотлари (тарвуз, қовун, қовоқ, узум), дуккакли экинлар (нўхат, ловия, мош), гуруч, ун, макарон, сабзавот, сариёғ ва шакар каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланди.
Ягона индексни тузишда, мамлакат аҳолисининг истеъмол одатларини тавсифловчи оғирликлар қўлланилди (яъни, аҳоли ўртасида ушбу маҳсулот қанча кўп истеъмол қилинса, унинг оғирлиги шунча юқори бўлади).
Натижада қуйидагилар аниқланди:
2020 йил 10 ноябрь ҳолатига республикада озиқ-овқат нархлари ўтган ҳафтага нисбатан ўсиш суръати +1,02% ни ташкил қилди (1-расм).
1-расм. Истеъмол саватидаги озиқ-овқат маҳсулотлар нархларининг ўсиш суръати динамикаси (%)
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат Статистика Қомитаси (ДСҚ) тезкор маълумотлари асосида муаллиф ҳисоб-китоблари
Ўтган ҳафта билан таққослаганда тухум, сабзи, ловия, мош, қовоқ ва қовун каби махсулотларнинг ўртача нархи тушиб кетди.
Маълумот учун: сабзи нархи ўтган ҳафтага нисбатан -4.4% тушиб кетди ва 1 килограм учун 2065 сўмни ташкил этди. Тухум нархи (10 дона) -2.2% га тушиб, 10512 сўмни ташкил қилди. Қовоқ (-0.6%) ва қовуннинг (-0.4%) нархи мос равишда 2076 сўм ва 2510 сўмни ташкил этди. Ловия ва мош нархлари пасайиши -0.3% га тенг бўлди ва республикада ўртача нархлари мос равишда 12891 сўм ва 11422 сўмни ташкил қилди.
Бир ҳафта ичида гўшт, ун, ўсимлик ёғи каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида сезиларли ўзгариш кузатилмади.
Маълумот учун: мол гўшти нархи (+0.8%) республика бўйича ўртача 56464 сўмни ташкил этди. Ўсимлик ёғи (+0.8%) 1 литр учун 13503 сўмга тенг бўлди. Помидор (+13.3%) ва бодринг (+38.0% ) нархлари ўтган ҳафта билан таққослаганда қимматлашди ва 1 килограмм учун мос равишда 6976 сўм ва 10108 сўмни ташкил этди. Сут, буғдой уни, картошка, шакар ва гуруч нархларида сезиларли ўзгариш сезилмади.
1-жадвал. 10 ноябрь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўтган ҳафтага нисбатан ўсиши ёки пасайиши, (%)
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат Статистика Қомитаси (ДСҚ) тезкор маълумотлари асосида муаллиф ҳисоб-китоблари
Изоҳ қолдириш