Ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотлар фаолияти қонунийлаштирилади

Ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотлар фаолияти қонунийлаштирилади

Ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Президентнинг 7.12.2020 йилдаги «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.

Мазкур ҳужжат тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектларини ўз-ўзини тартибга cолиш билан боғлиқ жамоатчилик билан муносабатларини тартибга солиши, ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотларни ташкил этиш ва фаолият юритиш, уларга аъзолик (иштирок этиш) ва уларнинг ҳуқуқий мақомини, давлат томонидан тартибга солиш механизмларини белгилаши режалаштирилмоқда.

Лойиҳада қуйидаги тушунчалар берилган: ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот аъзосининг шахсий манфаати, профессионал фаолият, профессионал фаолият субъектлари, ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот, ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот қоидалари ва стандартлари ва бошқалар.

Ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот – тадбиркорлик субъектларининг ихтиёрий аъзолигига (иштирокига) асосланган Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган ассоциация (иттифоқ), жамоат бирлашмаси ёки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги нотижорат ташкилот.

Ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот ихтиёрий ёки мажбурий аъзолик шаклида ташкил этилади.

Ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотларга нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:

- агар ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотларга нисбатан қонунларда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот таркибида камида 25 та тадбиркорлик субъектининг ёки маълум бир турдаги камида 100 та профессионал фаолият субъектларининг аъзолари сифатида бирлашиш;

- ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотнинг барча аъзолари учун мажбурий бўлган тадбиркорлик ёки профессионал фаолият учун стандартлар ва қоидаларнинг мавжудлиги;

- ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот томонидан унинг ҳар бир аъзосининг ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) истеъмолчилари ва бошқа шахслар олдида қўшимча мулкий жавобгарлигини таъминлаши.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар