“Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали regulation.gov.uz порталига жамоатчилик муҳокамаси учун чиқарилди.
Қонун лойиҳасига кўра:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 январдаги
ПҚ-4940-сон “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 369-моддасига қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда.
Бунда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида аниқланадиган олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан бакалавр ёки магистратурани тамомлагандан сўнг уч йил давомида қабул қилинган ходимларга тўланадиган бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жой ижараси учун ҳар ойлик пул компенсацияси жисмоний шахсларнинг жами даромадига киритилмайдиган даромадлари тоифасига киритилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги
ПФ-6155-сонли “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Солиқ кодексининг 408 ва 483-моддаларига қуйидагича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда:
а) ишламайдиган турмуш ўртоқларига ишлаётган фуқаролар томонидан йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқ тўланганда меҳнат стажи ҳисобланиши белгиланмоқда (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 408-моддаси);
б) 2022 йил 1 январга қадар 2020 йил 31 декабрь ҳолати бўйича солиқ қарзини мажбурий ундириш, шунингдек пеня ҳисоблаш чоралари кўрилмаслиги белгиланмоқда (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддаси).
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2021 йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Солиқ кодексининг 4801 ва 4802-моддаларига қуйидагича қўшичалар киритиш таклиф қилинмоқда:
а) Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар ҳудудида жойлашган эксклавлари ҳудудида солиққа тортишнинг янги тартиблари белгиланмоқда.
Бунда, Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар ҳудудида жойлашган эксклавлари учун (Фарғона вилоятининг Сўх тумани, Риштон туманинг Чўнғара маҳалла фуқаролар йиғини, шунингдек Фарғона туманининг Шохимардон ва Ёрдон маҳалла фуқаролар йиғини) Солиқ кодексида белгиланган солиқ ставкаларидан қатъи назар солиқ ставкаларини қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари назарда тутилмоқда:
фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, юридик шахслар учун ижтимоий солиқ (бюджет ташкилотлари бундан мустасно), айланмадан олинадиган солиқ турлари бўйича 1 фоиз миқдорида солиқ ставкаси қўлланилади;
қатъий белгиланган миқдорлардаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи амалда ҳар ойда тўланадиган 25 000 сўм ўрнига, ҳар чоракда 25 000 сўм миқдорида тўланади;
якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкаси амалда ҳар ойда тўланган базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдори ўрнига, йилига бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида тўланишини белгилаш таклиф қилинмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси билан батафсил танишиб ўз таклифларингизни қолдиришингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш