Ўзбек сўми январь ойида мустаҳкамланди – Марказий банк шарҳи

Ўзбек сўми январь ойида мустаҳкамланди – Марказий банк шарҳи

Марказий банкнинг 2022 йилнинг январь ойи учун тақдим қилган ҳисоботига кўра, сўмнинг реал самарали алмашув курси индекси ўтган йил декабрь ойига нисбатан 0,8 фоизга мустаҳкамланган (2021 йил мос даврига нисбатан 5,4 фоизга, базавий ой – 2018 йилнинг июнига нисбатан 6,3 фоизга мустаҳкамланди).

Номинал ва реал эффектив алмашув курслари индекси динамикаси

Январь ойида реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланишига, асосан, савдо-ҳамкор давлатлар валюта курсларининг қадрсизланиши, шунингдек, ички инфляция даражасининг савдо-ҳамкорларга нисбатан юқорилиги ҳисса қўшди.

Жорий йилнинг январь ойидаги реал самарали алмашув курси индекси динамикасида:

оширувчи омиллар: савдо-ҳамкор давлатлар валюта курслари ўзгариши – 3,1 фоиз банд, ички инфляция – 0,9 фоиз банд, сўм алмашув курси – 0,3 фоиз банд;

пасайтирувчи омил: савдо-ҳамкор давлатлар инфляцияси – 3,5 фоиз бандни ташкил этди.

Реал самарали алмашув курси (REER) индексининг ўзгариш декомпозицияси

Савдо-ҳамкор давлатлар валюталари курси январь ойи давомида АҚШ долларига нисбатан турлича динамикани намоён этди:

- Россия рубли 3,4 фоизга (74,8 дан 77,3 гa) қадрсизланди. Бу Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида геосиёсий масалаларда консенсусга эришилмаётгани ва юқори ноаниқликлар билан изоҳланади.

- Қозоғистон тенгеси нефть нархининг ўсиши фонида бироз (0,07 фоизга) мустаҳкамланди.

- Турк лираси 2022 йил январь ойи давомида тебраниш билан шаклланиб, бироз мустаҳкамланди. Бунга ўтган йил декабрь ойида амалга оширилган катта ҳажмдаги интервенциялар ва Туркия ҳукумати томонидан миллий валютани қўллаб-қувватловчи чора тадбирлар асосий ҳисса қўшди.

- Хитой юани январь ойи давомида кичик тебранишлар билан шаклланиб, ўтган ойга нисбатан деярли ўзгармади.

2022 йил январь ойида ҳам асосий савдо-ҳамкор давлатларнинг деярли барчасида инфляция кўрсаткичи ўсишда давом этди:

- Россияда ойлик инфляция 1,07 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 8,8 фоиздан ошди (28 январь ҳолатига кўра). Аҳолининг инфляцион кутилмалари эса жорий йил январь ойида 13,7 фоизга 3 тушди (2021 йил декабрь ойида 14,8 фоизни ташкил этган). Сезилган инфляция даражаси ҳам 17,7 фоиздан 16,7 фоизга пасайди. Россия Марказий банки таъкидлашича, январь ойида асосий озиқ-овқат товарларнинг нархлари ўсишининг секинлашиши инфляцион кутилмалар ва сезилган инфляция даражасининг пасайишига олиб келган.

- Қозоғистонда ойлик инфляция даражаси 0,7 фоизни ташкил этиб, йиллик инфляция кўрсаткичи 8,5 фоизга етди. Бунга, асосан, хизматлар ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши ҳисса қўшган. Хизматлар январь ойида 0,6 фоизга ўсиб, йиллик ҳисобда 6,8 фоизда шаклланди. Ноозиқ-овқат инфляцияси эса ойлик 0,3 фоиз ва йиллик 8,5 фоизни ташкил этди. Бунда энергия ресурслар ва автомобиллар нархининг ошиши инфляциянинг тезлашишига ҳисса қўшмоқда. Озиқ-овқат инфляцияси эса ойлик 0,1 фоизда шаклланиб, нисбатан барқарор бўлди.

- Туркияда ойлик инфляция кўрсаткичи 11,1 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 48,7 фоизга етди. Шунингдек, мамлакатда ишлаб чиқарувчилар нархлари индекси ойлик ҳисобда деярли 10,5 фоизга ўсиб, йиллик 93,5 фоизгача кўтарилди.

2022 йилнинг 1 январь санасидан Туркияда мамлакат бўйлаб электр ва табиий газ тарифлари оширилиши, шунингдек, импорт нархлари ҳисобига инфляция кўрсаткичи юқори даражада шаклланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар