Ўзбекистон 2020 йил инсон камолоти индексида 106-ўринни эгаллади

Ўзбекистон 2020 йил инсон камолоти индексида 106-ўринни эгаллади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) томонидан эълон қилинган 2020 йилги Инсон камолоти индекси ҳисоботида Ўзбекистон 106-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон Республикаси ушбу ҳисоботда дунёнинг 189 мамлакати ичида индекс қиймати 0,720 (максимал индекс қиймати 1,000) билан 106-ўринни эгаллаб, 2019 йилдаги ҳисобот натижаларига нисбатан +2 ўринга ва +0.01 индекс қийматлари билан яхшиланди.

Инсон камолоти индексида 3 та асосий омиллар — узоқ ва соғлом ҳаёт кечириш, билим олиш ва муносиб турмуш даражаси ҳисобга олинади.

Индекс ҳисоботи бўйича Ўзбекистон Республикасининг натижалари қуйидагича:

  • аҳолининг туғилганда кутилаётган умр кўриш давомийлигини белгилайдиган умр кўриш давомийлиги индекси 71,7 йилни ташкил этади (+0,1 йил ўсиш);
  • таълим индексининг таълимнинг ўртача давомийлиги 11,8 йил (+0,3 йил ижобий ўзгариш) ва кутилаётган таълим давомийлиги 12,1 йилни (+0,09 йил ижобий ўзгариш) ташкил этган;
  • харид қобилияти паритети бўйича аҳоли жон бошига ЯМД миқдори $7142 ни ташкил этиб ўтган йилга нисбатан $680 га ўсган.

COVID-19 инқирозидан сўнг, Инсон камолоти индексининг кейинги 2021 йилги ҳисоботида аксарият мамлакатлар натижалари кескин пасайиш кузатилмоқда. Пандемияга қарши курашиш учун қабул қилинган чекловларга қарамасдан, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 0,4 фоизни ташкил этди. Бу кўраткич кўплаб бошқа ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларга нисбатан ижобий натижа ҳисобланиб, йил якунига бориб иқтисодий ўсиш 1,4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Маълумот учун, инсон камолоти тўғрисидаги ушбу ҳисобот БМТ Тараққиёт Дастури томонидан 1990 йилдан бошлаб нашр этиб келинаётган бўлиб, Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари 1993 йилдан буён қайд этиб келинмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар