“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” номли ички туризм дастурини ривожлантириш учун қўшимча дам олиш кунлари белгиланмоқда

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” номли ички туризм дастурини ривожлантириш учун қўшимча дам олиш кунлари белгиланмоқда

9 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда ҳудудларда ҳали етарлича ўрганилмаган, сайёҳлар жалб этилмаган қадамжолар кўплиги таъкидланди. Маданият вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмитага 300 та маданий мерос объекти ва зиёратгоҳни реставрация қилиш вазифаси қўйилди.

Буюк олим Абу Мансур Мотуридий мақбараси ва унинг яқинида дафн этилган 8 буюк уламо қадамжосини дунёда 170 миллиондан зиёд издоши бўлган мотуридия таълимотининг зиёрат марказига айлантириш мумкинлиги таъкидланди.

Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокимлигига шу борада кўрсатмалар берилди. Бухоро вилоятида ислом дини ва минтақадаги дин намояндалари тематик хиёбони лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” номли ички туризм дастури келгуси йили изчил давом эттирилади. Бунинг учун Рўза ва Қурбон ҳайитлари, Наврўз, Мустақиллик куни ва Янги йил байрамлари даврида қўшимча дам олиш кунлари белгиланмоқда. Шунингдек, номавсумий саёҳатлар учун Ички туризм ойлиги, ҳафталиги ва кунлари ташкил этилади.

Президентимиз пандемия сабабли туризм соҳаси учун 2020 йил охиригача берилган имтиёз ва преференцияларни 2021 йил охирига қадар узайтириш, аҳоли учун транспорт ва меҳмонхона хизматлари бўйича чегирмалар бериб, ички туризмни оммавий ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар