Ўзбекистон Жанубий Корея билан ҳамкорликда қиймати 5 миллион долларга тенг экспортбоп заргарлик буюмларини ишлаб чиқарди

Ўзбекистон Жанубий Корея билан ҳамкорликда қиймати 5 миллион долларга тенг экспортбоп заргарлик буюмларини ишлаб чиқарди

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Виталий Фен ва Корея заргарлик федарацияси раиси Ли Бонг Сонг ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Тошкент шаҳрида олтиндан замонавий экспортбоп заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 5 миллион долларга тенг бўлиши кўзда тутилган.

Маълум қилинишича, мазкур лойиҳани амалга ошириш учун барча тайёргарлик ишлари якунланган. Жанубий Корея томони ишлаб чиқариш жараёни ва илғор технологиялар жорий этиш, шунингдек, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ишларини амалга оширади.

«Айни пайтда 1,5 миллион долларлик ишлаб чиқариш техникаси ва жиҳозлар Ўзбекистонга жўнатиш учун тайёрлаб қўйилган. Ускуналарнинг аксарияти дунёда ўхшаши йўқ ва Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари томонидан буюртма асосида тайёрланган», дейди Ли Бонг Сонг.

Яқин 3 йил ичида тўлиқ ишлаб чиқариш ишлари йўлга қўйилиб, 500та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Ли Бонг Синг, шунингдек, Осиёдаги энг йирик бозор – Ҳонгконг бозорига Ўзбекистондан тайёр заргарлик буюмларини экспорт қилишга қизиқиш билдирди. У Ҳонгконгдан берилаётган буюртмаларни Ўзбекистонда ташкил этилаётган қўшма корхонага йўналтиришга тайёрлигини маълум қилган.

Бу Ўзбекистондан заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган юқори қўшимча қийматга эга бошқа маҳсулотларни барқарор экспорт қилишни йўлга қўйишга имкон беради.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 февраль ҳолатига олтин захираларининг соф ҳажми йил бошидан бери 8,1 тоннага (ёки 0,26 млн. трой унцияга) ошди ва бу олтин-валюта захираларининг 482 млн. долларга кўпайишига ёрдам берди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар