Ўзбекистон қонунчилигида 1 августдан нималар ўзгаради?

Ўзбекистон қонунчилигида 1 августдан нималар ўзгаради?

2021 йил 1 августдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тўлиқлигича тақдим этамиз.

1. Туроператорлар суғурта полисига эга бўлишлари лозим

Ташқи туризм йўналиши бўйича туроператорлар фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча лицензиялаш талаблари ва шартлари кучга киритилади:

- туроператорларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлиги;

- туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талабгорларига 15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиши.

2. Мансабдор шахсга автомобиль шахсан бириктирилади

Хизмат автотранспорт воситалари:

- республика давлат бошқаруви органларида ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларига;

- республика давлат бошқаруви органлари тизимидаги ташкилотларда ҳамда уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаларида биринчи раҳбарларга шахсан бириктирилади.

Республика давлат бошқаруви органларида хизмат мақсадларида давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аутсорсинг шартлари асосида автобус, такси ва бошқа автотранспорт воситалари хизматларидан фойдаланиш тизими жорий этилади.

Янги типдаги давлат рақами белгилари билан қайта рўйхатдан ўтказилмаган давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли хизмат автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.

3. ЯИДХПда – янги хизматлар

Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали қуйидаги давлат хизматларини кўрсатиш тартиби жорий этилади:

- автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш;

- автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш;

- ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги фуқароларга нафақа тайинлаш.

4. Қурилиш соҳасида устама жорий қилинади

Буюртмачи хизматлар Қурилиш вазирлиги томонидан белгиланган малака тоифаси асосида техник назорат соҳасидаги масъул мутахассисларга улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги тариф коэффициентларига қуйидаги миқдорларда коэффициент қўшилади:

- биринчи тоифа учун - 0,2 миқдорда;

- иккинчи тоифа учун - 0,5 микдорда;

- учинчи тоифа учун - 0,7 миқдорда;

- олий тоифа учун - 1,0 миқдорда.

5. Оналар ва болалар саломатлигини назорат қилиш учун янги тизим

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида перинатал ва скрининг марказлари ҳамда бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги оналар ва болалар саломатлигига масъул тузилмаларнинг ҳомиладор аёлни комплекс кузатуви бўйича ўзаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштирилишини таъминловчи ягона тизим жорий этилади.

6. Ер участкаларини ажратиш тартиби ўзгартирилди

Ер участкалари:

- хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида;

- давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига – доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади. Бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади.

Ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади.

Барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади. Айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қуйидаги ваколатлари бекор қилинади:

- ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш. ПФ-6243-сон Фармонга мувофиқ ер участкаларини давлат ташкилотларига доимий фойдаланишга ажратиш, очиқ танлов якунларини тасдиқлаш, ижара шартномасини имзолаш, ер участкаларини хусусийлаштириш натижаларини расмийлаштириш бўйича ваколатлар бундан мустасно;

- туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;

- суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;

- жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;

- хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.

7. «Ишга марҳамат» мономарказлари харидлари соддалаштирилди

«Ишга марҳамат» мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва масканлар томонидан уларнинг ўқув фаолияти учун зарур бўлган, бир шартнома бўйича БҲМнинг 50 бараваригача қийматдаги эҳтиёт қисмлар, хом ашё, ўқув қуроллари ва бошқа материалларни харид қилиш тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қисқа муддатли касб-ҳунарга, хорижий тилларга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш курслари тўлиқ ташкил этилади.

8. Соғ танда - соғлом ақл

Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими жорий этилади. Қуйидагилар унинг асосий мақсади ҳисобланади:

- жисмоний қобилият ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш ҳамда зарарли одатлар ва турли касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш;

- ёшларда ирода, ўз кучи ва имкониятларига ишонч каби фазилатларни мустаҳкамлаш, уларда жасорат, ватанпарварлик ва садоқат хислатларини ривожлантириш, юртимиз шарафини ҳимоя қила оладиган, жисмонан бақувват ва интеллектуал салоҳиятли Ватан мудофаасига муносиб захира кадрларни тайёрлаш;

- республикада аҳолини соғломлаштириш ишларини янада ривожлантириш;

- аҳоли жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг халқаро стандартлари ва илғор хорижий тажрибасини татбиқ этиш.

9. Очиқ давлат харидлари

Давлат харидлари соҳасида ўтказилаётган тендер (танлаш) натижаларини мажбурий тарзда очиқ эълон қилиш тартиби жорий этилади.

10. ТИФ соҳасида янги шартномалар

Хорижий хом ашё ва материалларни божхонада расмийлаштириш талабларини соддалаштириш мақсадида:

- божхона режими талабида хорижий буюртмачи мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам қайта ишлаш операцияларига рухсат берилади;

- тадбиркорлик субъектига четдан хом ашё сотиб олиб, уларни республика ҳудудида божхона тўловлари тўламаган ҳолда қайта ишлагандан сўнг исталган хорижий ҳамкорига сотиш имконини берадиган олиб чиқиш, олиб кириш, сотиш ва сотиб олиш бўйича янги турдаги ташқи савдо контрактлари амалиётга киритилади. Бунда, олиб чиқиш контракти – олиб кириш контракти асосида сотиб олинган товарларни сотиш мақсадида реэкспорт божхона режимига жойлаштириш назарда тутилган Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти ўртасидаги контракт; олиб кириш контракти – Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти ўртасида товарларни божхона омбори, эркин омбор, эркин божхона зонаси, божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимларига жойлаштириш учун сотиб олиш ва кейинчалик олиб чиқиш контракти асосида бошқа норезидентга сотиш назарда тутилган контракт;

- олиб кириш контрактини олиб чиқиш контракти билан, шунингдек сотиб олиш контрактини сотиш контракти билан ўзаро боғлиқ ҳолда назорат қилиш тартиби жорий этилади;

- маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларга хорижий давлатдан маҳсулот сотиб олиб, импорт қилмасдан учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади.

11. Бўш турган бинолар хусусий ҳамкорларга берилади

Давлат суд-экспертлик муассасаларининг фойдаланилмаётган бинолари (корпуслари) хусусий ҳамкорларга улар томонидан суд-экспертлик фаолияти юритилиши шарти билан ижарага берилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар