Ўзбекистон ва Россия коронавирус пандемияси шароитида инвестицион ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш механизмларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Россия коронавирус пандемияси шароитида инвестицион ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш механизмларини муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ва Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазири Д.Мантуров иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида икки томонлама инвестицион ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва коронавирус пандемияси туфайли юзага келган глобал инқироз шароитида иккала мамлакат иқтисодиётининг ўзаро муносабатлари бўйича қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Ҳозирги шароитда иккала мамлакатнинг иқтисодиёти олдида турган жорий муаммолардан келиб чиққан ҳолда инвестицион ва савдо ҳамкорлик формати ҳамда ўзига хослигини мослаштириб, ҳамкорликнинг янги йўналишларини шакллантириш бўйича кучларни бирлаштириш ўта муҳимлиги таъкидланди.

Видеоконференция чоғида ўзаро манфаатли инвестицион ҳамкорлик учун истиқболли таклифлар пакети, жумладан, ҳамкорликдаги юқори технологик агросаноат кластерларини ҳамда Ўзбекистондан Россияга етказиб бериладиган янги мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотларни консолидация қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва тақсимлаш мақсадида улгуржи-дистрибьюторлик марказларини бошқариш бўйича қўшма корхоналарни яратиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, саноат секторида: тўқимачилик тармоғи, муқобил энергетика, тоғ-кон соҳаси, нефтгаз сектори ва машинасозликда инвестицион ҳамкорликнинг юқори салоҳияти белгиланди.

Ҳар икки мамлакат ҳудудлари орқали тўсиқларсиз юк ташишни таъминлаш бўйича тезкор чоралар кўрилишини назарда тутган ҳолда, икки мамлакат ҳукуматларининг ўзаро савдо алоқаларини барқарорлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга ошириш тарафдори эканликлари таъкидланди. Бундан ташқари, ҳозирги иқтисодий вазиятда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо ҳажмини оширишга имкон берадиган тариф ва нотариф тартибга солиш механизмлари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича доимий ишловчи ўзаро муносабатлар механизмини - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги раҳбариятининг чамбарчас алоқалари орқали саноат кооперацияси ва савдо келишувларининг биргаликдаги ташаббусларини яратишга келишиб олдилар. Бир ойлик муддатда аниқ ўзаро манфаатли лойиҳалар амалга оширилишини назарда тутувчи иқтисодий ҳамкорликнинг янги дастурини шакллантириш вазифаси қўйилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар