Ўзбекистонда 6,76 миллиард сўмдан зиёд солиқларни тўлаш муддати кейинга қолдирилди

Ўзбекистонда 6,76 миллиард сўмдан зиёд солиқларни тўлаш муддати кейинга қолдирилди

Карантин даврида тадбиркорлик субъектларига 6, 76 миллиард сўмдан зиёд солиқларни тўлаш муддатини кечиктиришга рухсат берилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида иқтисодий барқарорликни ва соҳаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор солиқ имтиёзлари жорий этилди.

Жумладан, коронавирус пандемияси сабабли эълон қилинган карантин сабабли вақтинча молиявий қийинчиликларни бошдан кечираётган ва солиқларни тўлаш имкониятига эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларга солиқларни кечиктириш ёки бўлиб тўлаш ҳуқуқини беришига алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан уч турдаги – мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш бўйича енгилликлар берилди.

Жорий йилнинг 6 апрель ҳолатига кўра, тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган мурожаатлар асосида умумий ҳисобда 6,76 миллиард сўмлик солиқларни тўлаш муддатини кечиктиришга рухсат берилди.

Жумладан, ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритувчи субъектларнинг 3481, 6 миллионлик солиқ тўловларини тўлаш муддатини ўзгартириш ҳақида қарор қабул қилинди.

Бу соҳалар кесимида энг йирик кўрсаткичдир. Транспорт соҳасида 604,5 миллион сўм миқдоридаги, қурилиш соҳасида эса 568,2 миллион сўмлик солиқларни тўлаш муддатини ўзгартириш имкони яратилди.

Маълумот учун, шу кунларда яна 255745 миллион сўмлик солиқларни тўлаш муддатини ўзгартириш бўйича келиб тушган мурожаатлар ўрганилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар