Ўзбекистонда глобал пандемия даврида рақамли технологияларни ривожлантиришнинг аҳамияти

Ўзбекистонда глобал пандемия даврида рақамли технологияларни ривожлантиришнинг аҳамияти

Рақамлаштириш жараёнини анча аввал бошланган мамлакатларда пандемия рақамли иқтисодиётни, рақамли технологияларни, электрон тижоратни ривожлантиришни, шунингдек, етказиб бериш хизматлари ва логистикани модернизация қилишни жадаллаштирди. Мазкур соҳа нисбатан яхши ривожланмаган мамлакатларда ҳам пандемия рақамлаштиришга бўлган эҳтиёжни ва талабни ошириб, ушбу жараёнларни тезлаштирди ҳамда янги шароитларга мослашишни тақазо қилди.

Кўплаб мамлакатлар сингари Ўзбекистонда ҳам барча саноат тармоқларини фаол равишда рақамлаштириш жараёнлари йўлга қўйилган. Жорий йилга келиб Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати берган маълумотларга кўра, мамлакатда интернетдан фойдаланувчилар сони 22 миллионга, шу жумладан, мобиль интернет фойдаланувчилари 19 миллион нафарга етган.[1] Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, мобиль алоқа тизимига уланган абонентлар сони 24 млн. 824,3 мингтани ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 6,9 % га ёки 1 млн. 598,1 мингтага ўсган.[2] Шу билан бирга, 2019 йилда иш билан банд бўлган аҳоли орасида ахборот технологиялари бўйича мутахассисларнинг улуши 0,5 фоизни ташкил этган бўлиб, ушбу кўрсатгич Европа Иттифоқи мамлакатлари (3,7 фоиз) ўртача кўрсаткичидан деярли етти баравар пастроқ эканлигини кўрсатди. Шунга қарамай, Ўзбекистонда ахборот технологиялари бўйича мутахассисларга талаб тез ўсиб бормоқда.

Экспертларнинг фикрига кўра, ҳар қандай мамлакатнинг рақамли тараққиётига аҳолининг электрон ҳужжатлар ва хизматларга бўлган ишончининг пастлиги, рақамли технологиялар соҳасида юқори малакали мутахассисларнинг етишмаслиги ҳамда рақамли лойиҳаларни давлат томонидан молиялаштиришнинг самарасизлиги ва етарли эмаслиги каби омиллар салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Рақамлашаштириш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш жараёнида Хитой тажрибасини алоҳида таъкидлаш керак. Хитой бошқа ривожланган давлатлар қаторида ўзининг катта инсон ва молиявий ресурслари билан рақамли иқтисодиётни давлат даражасида фаол тарғиб қилиш йўли билан инновацион куч ва технологиялар соҳасида етакчи (давлат) мавқеига даво этмоқда. Хитойда рақамлаштириш бугунги кунда миллий иқтисодий ривожланишнинг асосий омили ҳисобланади.[3]

Хитойда коронавирус инфекциясининг тарқалишини жиловлашда ҳам рақамли технологиялар воситасидан самарали фойдаланилмоқда. Эпидемияга қарши курашиш учун Хитой ҳукумати сўнгги ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларни фаол ишга туширишди. Хусусан, қисқа фурсат ичида коронавирус сабаб бўлган пневмонияни аниқлашда ёрдам берадиган сунъий интеллект ёрдамида тиббий тасвирларни миқдорий таҳлил қилиш усули ишлаб чиқилган. Сунъий интеллект тизими, шунингдек, иситмаси юқори бўлган ёки тиббий ниқобсиз одамларни аниқлаб олишда ёрдам бермоқда. Шунингдек, фойдаланувчининг сўнгги 14 кун ичида коронавирус инфекциясини юқтирган ёки унинг ташувчиси билан яқин алоқада бўлганлиги ҳамда коронавирус инфекциясининг аломатлари мавжудлигини аниқлайдиган мобиль дастур ишга туширилди. Бундан ташқари, кўчаларда патрул назорати ҳамда дезинфекция ишларини бажарувчи роботлар, озиқ-овқат ва дори-дармонларни етказиб берувчи дронлар ҳамда антисептик воситалар билан хизмат кўрсатувчи қурилмалар фаолияти йўлга қўйилди.

Кўрилган тезкор ва комплекс чора тадбирлар натижасида Хитой ҳукумати мамлакатда коронавирус инфекциясини тарқалишини назоратга олди ҳамда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаб, тиббиёт ва саноатнинг турли соҳаларида ривожланишни жадаллаштиришга эришди.[4]

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Хитойнинг коронавирус инфекциясини жиловлаш бўйича чора тадбирлари – биринчи касалланиш ҳолатини аниқлашдан то «нормал» турмуш тарзини тиклашгача бўлган ҳаракатлари мисли кўрилмаган ҳолат бўлди. Мазкур жараёнларда рақамли бизнес моделлари ва янги технологиялар Хитой муваффақиятида муҳим рол ўйнаган ва ўйнамоқда.[5]

Глобал пандемия таъсирида тез суръатларда ўзгариб бораётган вазиятда кўплаб мамлакатлар рақамли технологияларни ривожлантиришга, айниқса, сунъий интеллектдан фаол фойдаланишга ўтишмоқда. Шу сабабли айрим мамлакатларда ақлли шаҳарларни яратиш ҳукуматнинг ўзини рақамлаштиришдан, сўнгра ҳаётнинг бошқа соҳаларига ахборот узатишнинг рақамли шаклига ўтиш дастурлари ва ташаббусларидан бошланади. Масалан, Буюк Британияда, Данияда ва Сингапурда бизнес жамоат ва давлат идораларининг ўзаро алоқалари жараёнининг деярли 98 фойизи онлайн хизматлар, мобил дастурлар ва инновацион дастурлар орқали таъминланади.

Ўзбекистонда ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 5 октябрдаги Фармони билан мамлакатнинг «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. 2021 йил 1 августдан бошлаб ушбу ҳужжатга биноан барча давлат мажбурий тўловлари, шу жумладан, божлар, йиғимлар ва жарималар онлайн тарзда амалга оширилади. «Рақамли Ўзбекистон - 2030» стратегияси доирасида ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг турли йўналишларида 400 дан ортиқ ахборот тизимлари, электрон хизматлар ва бошқа дастурий маҳсулотлар автоматик равишда амалга оширилади.

Шунингдек, мазкур Стратегияга асосан телекоммуникация соҳаси, давлат хизматларини кўрсатиш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари, соғлиқни сақлаш, давлат кадастри ва бошқа соҳаларда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, бу борада «Рақамли Ўзбекистон — 2030» дастурини тасдиқлаш; электрон ҳукуматнинг техник инфратузилмасини такомиллаштириш; инсон капиталини ривожлантириш ҳамда кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш; давлат хизматларини рақамли шаклга трансформация қилиш ва ахборот экотизимини ривожлантириш; давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳолининг электрон иштироки даражасини ошириш; ахборот хавфсизлигини, ахборот ресурслари ва тизимларининг ҳимоясини таъминлаш; рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат соҳасидаги ягона ваколатли органни белгилаш ҳамда Ҳукумат, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида раҳбарнинг рақамли технологиялар ва электрон ҳукумат масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш каби масалалар назарда тутилганди.[6]

Кенг қамровли «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш ва янада такомиллаштириш биринчи навбатда, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ўзаро яқин ҳамкорлигида инновацион ғоялар, технологиялар ва бизнесни жорий этиш учун мустаҳкам ва мукаммал ташкилий-ҳуқуқий базани шакллантиришга ёрдам беради.

Иккинчидан, янги рақамли технологиялар ва дастурий таъминотлар бўйича мутахассислар авлодини шакллантириш бўлиб, «Бир миллион ўзбек дастурчиси» ташаббуси мисолида ахборот технологиялари соҳасидаги талабаларнинг инновацион лойиҳаларини фаол рағбатлантириши, учинчидан, Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, турли тармоқлар ва соҳаларда, хусусан, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш орқали ахборотлаштириш ва рақамлаштириш жараёнларини янги даражага олиб чиқади.

Глобал пандемия шароитида рақамли иқтисодиёт ва рақамли технологиялар ривожланиши барча инновацион ечимларнинг катализатори бўлиб хизмат қилиб, ахборот технологиялари соҳаси миллат ва давлат равнақи учун фойдаланилиши зарур бўлган улкан имкониятлар майдонини очиб беради.

Шавкат Алимбеков,

“Тараққиёт стратегияси” маркази

лойиҳа координатори

[1] Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги. (2020). Телекоммуникация тузилмаси. https://mitc.uz/uz/pages/communication

[2] Халқ сўзи. (2020, Ноябрь 11). Ўзбекистондаги мобиль алоқа абонентлари сони 25 миллионга яқинлашди. http://xs.uz/uzkr/post/ozbekistondagi-mobil-aloqa-abonentlari-soni-25-millionga-yaqinlashdi

[3] Yin, Z., Gong, X., Guo, P., & Wu, T. (2019). What drives entrepreneurship in digital economy? Evidence from China. Economic Modelling, 82, 66-73.

[4] Xinhua. (2020, October 13). Digital tech assumes greater role in post-coronavirus China. Retrieved from http://www.xinhuanet.com/english/2020-10/13/c_139435251.htm

[5] Hah, R., & Jiang, Y. (2020, April 3). How China is using digital and technologies to combat COVID-19. Retrieved from https://www.accenture.com/_acnmedia/PDF-121/Accenture-How-China-is-Using-Digital-and-Technologies-to-Combat-COVID-19.pdf#zoom=40

[6] "Тараққиёт Стратегияси" Маркази. (2020, Октябрь 15). “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастурида белгиланган яна бир муҳим вазифанинг ижроси таъминланди.https://strategy.uz/index.php?news=1106

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар