Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш мақсадида охирги уч йилда номинал ойлик иш ҳақи 79,7 фоизга ошди

Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш мақсадида охирги уч йилда номинал ойлик иш ҳақи 79,7 фоизга ошди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов ўзининг мақоласида сўнгги уч йил давомида Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш учун олиб борилган чора тадбирлар ҳақида гапириб ўтди.

Ўзбекистонда охирги уч йил мобайнида камбағалликни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида аҳоли жон бошига реал жами даромад 43,9 фоизга, ўртача ҳисобланган номинал ойлик иш ҳақи 79,7 фоизга ёки 2016 йилдаги 1293,8 минг сўмдан 2019 йилда 2324,5 минг сўмга ошди.

Жаҳон банкининг «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» лойиҳаси доирасида, уй хўжаликлари орасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 2020 йилнинг январь-март ойлари учун ўртача камбағал хонадоннинг ойлик даромади тахминан 1,5 миллион сўмни ташкил этиб, таққослама нархларда бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12 фоизга ошган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги камбағалликни бартараф этиш муаммосини стратегик вазифа сифатида кун тартибига қўйди.

Мазкур муаммони ҳал қилишга ҳукумат томонидан катта ҳажмдаги саъй-ҳаракатлар қаратилган. Жумладан, мамлакатда камбағалликка қарши курашиш учун зарур институтлар яратилди. Бу авваламбор Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ташкил этилиши, камбағалликка қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини белгилаб беради.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида яқинда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Мазкур вазирлик фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институтлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи сифатида ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган қатламларини аниқлаш ва манзилли кўмак бериш борасида самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш ва қишлоқ жойларини ободонлаштириш дастурлари амалга оширилмоқда. Хусусан, «Обод қишлоқ» дастурининг амалга оширилиши туфайли 1,7 млн қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитлари яхшиланди. Биргина 2019 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш учун жами 600 миллион АҚШ долларига тенг 6,1 трлн сўм ажратилди.

Бироқ, эришилган натижаларга қарамай, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 400 мингдан ортиқ оила турмуш шароитлари яхшиланишига муҳтож (Жаҳон банки мезонларига кўра, 2015 йил октябридан бошлаб Глобал камбағаллик даражасига кунига 1,9 АҚШ доллардан кам даромад олганлар киритилган). Норасмий секторнинг меҳнат бозоридаги улуши 40-50фоизни ташкил этади. Бироқ, камбағал уй хўжаликларининг фақат 23 фоизигина ижтимоий нафақа олишади.

Пандемия даврида аҳолининг камбағал ва энг заиф қатламларига ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатувчи муассасалар фаолиятини ислоҳ қилиш зарурати кучайди. Шу боис бу муаммоларни ҳал қилиш жадаллик билан амалга оширилмоқда. Моддий ёрдамни тақсимлашда керакли назорат, шаффофлик ва манзиллиликни таъминлаш мақсадида рақамли технологиялар асосидаги тизимли ечимларни жорий қилиш асосида аввал етарлича манзилли бўлмаган ва самарасиз тизимдан янги тизимга ўтилмоқда.

Ўзбекистон шароитида ҳам ривожланган мамлакатлардек камбағалликни қисқартиришга комплекс ёндашув энг мақбул ечимдир. Мазкур сиёсат меҳнатга лаёқатли аҳолини имкон қадар иш билан таъминлаш ва бир вақтнинг ўзида муҳтож одамларни камбағаллик чегарасидан чиқаришга қаратилган давлат томонидан ижтимоий қўллаб қувватлашга қаратилган.

Шу билан бирга, қашшоқликни зудлик билан бартараф этишнинг имкони бўлмаган шароитда кам таъминланганларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг даромад олиши ва инсон капиталини ривожлантириши учун қўшимча имкониятлар яратиш назарда тутилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар