Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистон умумий ташқи қарзи жорий йилнинг бошига нисбатан 6 фоизга ёки 2 млрд долларга ошган ҳолда, 35,9 млрд долларни ташкил қилди.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг I ярим йиллигида янги қарздорликларнинг жалб қилиниши ва асосий қарз тўловлари амалга оширилиши ҳамда курслар ўзгариши ҳисобига 22 млрд долларни ташкил қилди. Хусусан, жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг халқаро облигациялари нархларининг тушиши оқибатида давлат ташқи қарзи 3 фоизга ёки 627,9 млн долларга ошди.
Шунингдек, 1 июль ҳолатига кўра, хусусий ташқи қарз 11 фоизга ёки 1,4 млрд долларга ошди. Ушбу ўсиш асосан банклар ва бошқа секторлар ҳиссасига тўғри келади.
Жорий йилнинг II чорагида «UZAUTO MOTORS» АЖ томонидан қиймати 300 млн доллар ҳамда 785 млрд сўм миқдоридаги қимматли қоғозларни 4,85 фоиз ставкаси билан 5 йиллик муддатга халқаро молия бозорига жойлаштирган. Бунинг оқибатида бошқа секторлар қарз таркиби ўтган йилга нисбатан сезиларли ўсган.
Ялпи ташқи қарзнинг 83 фоизини ёки 32,4 млрд долларини кредитлар ва қарзлар ташкил этади. Умумий ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати эса 57 фоизни ташкил қилди.
Шунингдек, I ярим йилликда жами 4,4 млрд долларига тенг қарз жалб қилинган. Ушбу қарзнинг 1,2 млрд доллари давлат секторига тўғри келган бўлса, 3,2 млрд доллари хусусий сектор томонидан жалб қилинган.
Асосий қарз ва фоизлар бўйича тўловларнинг энг катта қисмини банклар, нефт-газ, энергетика ҳамда бошқа сектор корхоналари тўлаб келаётгани келтириб ўтилган.
Давлат ташқи қарз бўйича 353,4 млн доллар миқдордаги асосий қарз ва 206,5 млн доллар миқдордаги фоиз тўловлари амалга оширилган. Хусусий ташқи қарз тўловлари эса асосий қарз бўйича 1,6 млрд доллар, фоиз тўловлари бўйича 238,8 млн доллар миқдорида тўланган.
Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров давлат қарзини ЯИМга нисбатан 45−50% чегарасида ушлаб туриш режалаштирилаётгани ҳақида гапирган эди.
Изоҳ қолдириш