Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари 2017-2022 йилларда амалга оширилган фаол ислоҳотлар жараёнида Хоразм вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги асосий ўзгаришларни таҳлил қилди.
2017-2022 йиллар давомида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти (ЯҲМ) ҳажми 32 фоизга ошиб, 32,0 трлн сўмни ташкил этди ва аҳоли жон бошига 16,5 млн сўмдан тўғри келди. Ҳисобот даврида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4,1 трлн сўмдан 18,3 трлн сўмга (ўсиш 1,7 баравар) ошди ва ЯҲМдаги улуши 16,6 фоиздан 21,3 фоизга етди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 1,7 бараварга, яъни 9,4 трлн сўмдан 24,6 трлн сўмга етди. Вилоят аҳолиси сони қарийб 2 млн кишига етди.
Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида вилоятда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 20,2 мингдан 31,0 мингга етди ва 1,5 бараварга ошди.
Бу эса ўтган даврда вилоятда 155 мингга яқин янги иш ўринлари яратилишига ҳамда 3,5 млрд доллар инвестициялар ўзлаштирилишига имкон берди. Вилоятдаги 69 маҳалла ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланди.
Ташқи савдони эркинлаштириш, тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган чоралар натижасида вилоятнинг экспорти ҳажми 245 млн АҚШ долларига етди ва 2 бараварга кўпайди.
Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида охирги 6 йил давомида 34,4 км газ қувурлари, ва 4 133 км сув таъминоти тармоқлари ҳамда 30 км автомобиль йўллари ётқизилди.
Янги ижтимоий инфратузилма объектларини барпо килишга алоҳида эътибор қаратилиб, вилоятда 5 139 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, мактабгача таълим муассасаларида 18,2 минг, мактабларда 53,8 минг, 1,7 минг шифохона ўринлари фойдаланишга топширилди. Ўтган даврда 424 та кўп қаватли уйлар қурилиб, 11 мингдан зиё оила янги квартираларга кўчиб ўтди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш