– Мамлакатимизда, 2022 йилда аввало, “маҳаллабай” тизими, унинг ортидан эса барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун ва моҳияти нимада, уни қандай тушунасиз?
– Президентимиз ташаббуслари билан жорий этилган “маҳаллабай” ишлаш тизими ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, маҳалладаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда барча соҳалар учун энг мақбул йўл эканлиги ўз исботини топмоқда. Содда қилиб айтганда, ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этишдан кўзланган бош мақсад – давлат сиёсатини маҳаллагача тушириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадини кўпайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқариш, шу орқали камбағалликни қисқартиришдан иборат.
– Ўзингиз ҳақингизда, ушбу лавозимга қандай келганингиз хусусида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллангиздаги ишлар билан аввал қанчалар таниш эдингиз? Илгариги қайси иш тажрибангиз ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифаларни ҳал қилишга имкон бермоқда?
– Мен, Ходжиболаева Раънохон Фарғона вилояти Олтиариқ туманида зиёлилар оиласида таваллуд топганман. 1999 йили Фарғона Давлат университетини менежер мутахассислиги бўйича тамомлаганман. Ўтган давр мобайнида шаҳар молия бўлимида иқтисодиёт ва молия соҳасида 1-тоифали иқтисодчи лавозимида фаолият юритганман. Оилалиман, уч нафар фарзандим бор. Сурхтепа маҳалла фуқаролар йиғинида ўз хоҳишим билан ҳоким ёрдамчиси лавозимида иш бошлаганман.
Менга юклатилган юксак масъулиятли ва шарафли вазифада иш бошлашимга “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” билан бевосита ишлаганим, аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг оғирини енгил қилишга оз бўлса-да ҳисса қўшганим катта туртки бўлди, десам муболаға бўлмайди.
– Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқда ёки шаҳардами, катталиги қандай, маҳалла аҳлининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, маҳалла аҳолиси, асосан, қайси фаолият турлари билан шуғулланади? Маҳаллада қандай ижтимоий инфраструктура объектлари бор (мактаб, боғча, тиббий пункт ва ҳ.к.)?
– Сурхтепа махалласи Фарғона вилояти Фарғона шаҳрининг энг чекка ҳудуди – Марғилон шаҳри билан чегарадош жойда жойлашган. Бу ерда 748 хонадон, 1 214 та оила – жами 4 197 нафар аҳоли (асосан, ҳовлиларда) истиқомат қилади. Ҳар бир хонадон 2-6 сотихгача томорқага эга. Аҳоли маҳаллада томорқа суви йўқ бўлишига қарамай, хонадонларидаги қудуқлардан фойдаланиб, ҳозирда боғдорчилик, узумчилик, иссиқхонада эса қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш билан самарали шуғулланиб келади.
Маҳалламизнинг асосий ўсиш нуқталари (“драйвери”) саноат ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларидир. Чунки ҳудудда бешта катта ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд бўлиб, бугунги кунда 250 нафар фуқароларимизни доимий иш билан таъминлаган. Жумладан, 3 та пойабзал ишлаб чиқариш корхоналари фаолият юритади. Шулардан бири – Сурхтепа кўчаси 20-уйда яшовчи фуқаро Камолиддин Зокиров ўз хонадонида косибчилик йўналишида оилавий корхона ташкил этган. Бу ерда ҳудуднинг 60 нафардан зиёд ишсиз фуқаролари доимий иш билан таъминланган. Ҳайрат кўчаси 56-уйда яшовчи фуқаро Бахтиёр Ходжаев ўз уйида сут махсулотларини қайта ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлиб, тадбиркор 15 нафар фуқарони доимий иш билан банд этган.
Ҳудуддаги 102 та хонадон ичидан сой ўтганлиги боис, ҳар бир хонадонлар сой бўйларига 2-10 тагача сўрилар қўйиб, мавсумий дам олиш масканлари ташкил этганлар. Шу орқали ушбу масканлардаги хонадон эгалари бир мавсумда (5 ой давомида) кунига 200 минг сўмдан 1 млн сўмгача даромад қилади. Маҳаллада 2 та ижтимоий инфраструктура объектлари мавжуд бўлиб, булар 37-умумтаълим мактаби ва 7-оилавий поликлиника филиалидир.
– Ҳудудда аҳолининг қайси ижтимоий гуруҳлари кўпчиликни ташкил қилади, қанча камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қўллаб-қувватлашга муҳтож, тадбиркорлик қай даражада ривожланган? Маҳаллангизнинг “ижтимоий портрети”ни рақамлар билан кўрсатиш мумкинми?
– Биринчи тоифа – даромади кам, ишсизлари бор, даромад топишга ҳаракат қилаётган хонадонлар 34 та (4,5%);
– Иккинчи тоифа – доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истаги бор хонадонлар 452 та (60,4%);
– Учинчи тоифа – ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган хонадонлар 60 та (8,1%);
– тўртинчи тоифа – иқтисодий аҳволи яхши ва ўзига тўқ хонадонлар 202 тани (27,3%) ташкил этади.
Мен маъсул бўлган ҳудудда 350 дан ортиқ хонадонлардаги эркаклар аҳолига ҳизмат кўрсатиш, яъни устачилик ишлари билан шуғулланишади, хусусан, бетон қуйиш, уй қуриш, цементлаш, “опалубка” тайёрлаб сотиш, ижарага бериш ва ҳ.к.
– Маҳалла аҳолиси билан қандай алоқа ўрнатдингиз, улар билан танишув қандай кечгани ҳақида сўзлаб беринг.
– Муҳтарам Президентимиз ҳар видеоселектор йиғилишларида, авваламбор, маҳалладаги сектор масъуллари ва ҳоким ёрдамчилари бирлашишини, ўша маҳалладаги кўча боши ва оқсоқоллар билан бирдамликда иш тутиш зарурлигини айтиб ўтганлар. Мен ҳам худди шундан келиб чиқиб, маҳалладаги беш масъул, колаверса, маҳалла нуронийлари, кўча боши, оқсоқоллари билан баҳамжиҳат, маслаҳатлашган ҳолда ишни ташкил этишим аҳоли билан мулоқот ўрнатишимда жуда катта кўмак берди. Ва албатта, бунда ширин сўз ҳам алоҳида ўрин тутади.
– Маҳалладаги мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда қандай лойиҳалар амалга оширилди?
– Мен фаолият олиб бораётган Сурхтепа маҳалласидаги Эски Фарғона кўчаси 1-уйда жойлашган собиқ Вилоят ногирон болалар реабилитация маркази Марғилон шаҳар Янги Марғилон шаҳарчасидаги собиқ Эндокринология шифохонаси ўрнига кўчириб ўтказилган. Бугунги кунда бўш турган марказ жойлашган бинонинг умумий майдони 1,5 гектардан иборат. Ушбу ер майдонидан 100 метр узоқликда, 2 409 метр чуқурликда (Соғлиқни сақлаш вазирлиги хулосасига мувофиқ) таркибида йод, бром, темир моддаси, стронций, рух каби элементлари мавжуд бўлган шифобахш сув борлиги аниқланган.
Аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида маҳалладаги собиқ Вилоят ногирон болалар реабилитация маркази ўрнида ҳалқимиз саломатлигини мустаҳкамлайдиган замонавий сиҳатгоҳ ташкил этилиши орқали 100 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Сурхтепа ва қўшни МФЙлар ҳудудларида салкам 20 минг аҳоли ўртасида мактабгача таълим қамрови етарли даражада эмас. Шу сабабли, шаҳар ҳокими ташаббуси билан 150 ўринли МТМ ташкил этилди. Натижада 40 дан ортиқ ишчи ўрни яратилди ва бу ҳам аҳолининг турмуш даражаси яхшиланишига хизмат қилди.
Ўз ташаббусим билан Сурхтепа МФЙ биносидаги бўш турган хонани тўлиқ таъмирдан чиқариб, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз ҳотин-қизларимизни бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида сектор раҳбарлари ёрдами билан тикувчилик цехи ташкил килдим. Бугунги кунда бу ерда “Темир дафтари” “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтар” ига кирган 30 нафар ҳотин-қизлар доимий иш билан таъминланди. Ушбу цехни бугунги кунда 100 ўринли “NUR FAYZ XHS RUSO” тикув ишлаб чиқариш кооперациясига айлантириб, унга 70 дан ортиқ хонадонларни бириктирдим. Бу орқали эса 120 нафар уйда ўтирадиган ҳотин-қизларимизнинг касаначилик усулида уйларига ярим тайёр маҳсулотларни етказиб бериши ортидан уларнинг бандлигини таъминлашга эришдим.
– Айтингчи, маҳалла аҳлини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди?
– Менинг кўмагим билан бир йил давомида 43 нафар фуқаро жами 1,1 млрд сўм кредит олишга йўналтирилиб, 86 та иш ўрни яратилди. Хатлов натижасида аниқланган 152 нафар ишсиз фуқароларнинг 56 нафари, асосан, хотин-қизлар ва ёшлар учун ўқув марказларида ўқишлари учун зарур шароитлар яратилиб, бугунги кунда улар турли касб йўналишлари бўйича фаолият олиб бормоқда. 76 нафар фуқаро ҳудуддаги йирик корхоналарга бириктирилди. Яна 20 нафар фуқарони доимий ишларга жойлаштиришга эришдим. Норасмий секторда иш фаолиятини олиб бораётган 430 нафар фуқароларнинг фаолияти ўзини-ўзи банд қилиш орқали легаллаштирилди. Шунингдек, ташаббускор тадбиркорларни жалб қилиб, 32 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил қилинди.
Ҳудуддаги нуронийлар ҳамда тадбиркорлар билан бирлашиб, маҳалладаги эҳтиёжманд ногиронлиги бўлган аҳоли ҳолидан доимий равишда хабар олиниб, уларга амалий кўмак бериб келинмокда. Шунингдек, шахсий ташаббусим билан маҳалладаги хонадонларга 1 000 туп гул, 200 туп тут кўчатлари ҳамда 15 та хонадондаги эҳтиёжманд оилаларга ўз ҳисобимдан паррандалар, пишириқ печлари тарқатиб, амалий ёрдам кўрсатдим.
– Ишингизда камбағал уй хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун қандай инновацион ва тайёр усулларни қўлладингиз? Мисоллар келтиринг ва ушбу уй хўжаликлари билан ишлаш натижалари ҳақида батафсил маълумот беринг.
– Маҳалла аҳлининг, асосан, ҳовлиларда истиқомат қилиши менга жуда катта имконият яратди, десам тўғри бўлади. Хонадонлар ўз томорқаларидан унумли фойдаланишмоқда, иссиқхоналар ташкил этилган, ушбу иссиқхоналарда цитрус мевалар етиштирилмоқда. Ҳозирда 10 та иссиқхона ишлаб турибди. Жумладан, Ҳайрат кўчасида яшовчи Улуғбек Пўлатов хонадонида 2 сотихлик иссиқхона ташкил этилган эди. Мазкур иссиқхона 2023 йил февраль ойида 20 млн сўмлик имтиёзли кредит эвазига 10 сотихга айлантирилди. Иссиқхонада аввал лимон, орасига эса март ойи охирларида бодринг экилди. Аёлларга ҳоким ёрдамчилари тавсияси орқали берилган субсидиялардан мақсадли фойдаланган ҳолда имтиёзли кредитлар эвазига тикув машиналари олиб берилиб, уйда ўтириб, даромадли меҳнат – касаначилик билан шуғулланишига эришилди. Айнан Президентимиз томонидан жорий этилган 3 та дафтардаги аёлларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида касаначилик асосида иш ташкил қилиб, 70 ортиқ хонадонлардаги 130 дан ортиқ хотин-қизлар ҳозирда ўзини-ўзи банд қилиш орқали даромад топишмоқда. Эски Фарғона кўчаси 115-уйда яшовчи Ҳалима Шукуровага субсидия асосида тикув машинаси олиб берилган, ҳозирда ўзим бу аёлга ярим тайёр маҳсулот етказиб бериб, уйда ўтирган ҳолатида даромад топишига кўмак бериб келмоқдаман. Бундай имкониятдан фойдаланаётган фуқароларнинг қувончи ичига сиғмайди.
Бундан ташқари, Сурхтепа МФЙда 7 та йўналиш бўйича имтиёзли кредитлар ажратилди. Жумладан, асаларичилик йўналиши бўйича 100 млн кредит ажратиш орқали “АРИЧИ” ишлаб чиқариш кооперацияси ташкил қилинди, ушбу кооперацияда “она” ари етиштирилиб, кўшни вилоятларга ҳам тарқатилмоқда. Косибчилик йўналиши бўйича 4 та хонадонда оилавий корхона ташкил этилиб 12 та ишчи ўрни яратилди. Тикувчилик йўналиши бўйича 8 та хонадонда тикув машиналари олиб бериш ҳисобига 4 тадан 6 тагача тикув цехлари ташкил этилиб, 45 та ишчи ўрни яратилишига муваффақ бўлинди. Чорвачилик йўналиши бўйича 4 та хонадонда истиқомат қилувчи аҳоли бандлиги таъминланди. Сурхтепа МФЙ ҳудудида темир бозори ташкил этилганли боис, мотороллерларга талаб юқори. Шу сабабли ҳам 20 нафар фуқарога имтиёзли кредит эвазига мотороллер олиб берилди, улар эндиликда оиласига яхшигина даромад олиб кирмоқдалар. Паррандачилик йўналиши бўйича 4 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Ҳунармандчилик йўналиши бўйича эса 3 та хонадонда 8 та иш ўрни яратилди.
– Маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Бу борада маҳаллангиздаги муаммоларни қандай тавсифлаб бера оласиз ва уларни ҳал этиш, маҳаллангизни ободонлаштириш борасида қандай ишлар олиб боряпсиз?
– 2022 йил давомида маҳалла оқсоқоллари бошчилигида ҳудуддаги тадбиркорлар, фаоллар, ёшлар ҳамжиҳатлигида ҳашар йўли билан бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, маҳалла қабристони обод қилинди, деворлари бетон девор билан ўралди. Маҳалладаги Ирода кўчасининг ички йўллари асфальтлаштирилди, 20 метрлик эски кўприк қайтадан қурилди.
Шунингдек, имтиёзли кредит эвазига 2 та мактабгача таълим ташкилоти, нонвойхона, ошхона, сартарошхона, сут маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда озиқ-овқат дўконлари ташкил этилди, бунинг натижасида 28 та ишчи ўринлари яратишга эришилди. Инфраструктура бўйича барча масалалар навбати билан ҳал этиб келинмоқда. Бу йўналишда ҳам аниқ режалар мавжуд.
– Тажрибангиздан келиб чиқиб айтингчи, маҳаллада қайд этилган камбағаллик ҳолатлари қандай сабабларга кўра келиб чиқмоқда? Сизнингча, маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун яна нималар қилиш керак?
– Хонадонларга кирганимизда ўша хонадоннинг ўзига яраша муаммоси борлигини кўрамиз. Уларни ҳар томонлама ўрганиб, ваколатимиз доирасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борамиз. Зарур бўлганда фуқароларни касб-ҳунарларга ўқитишга йўналтиррган ҳолда сўнгра ўрганган ҳунарлари бўйича бандлигини таъминлаймиз. Камбағалликни қисқартириш учун аҳолини кўпроқ ўқиш, билим олиш ва ҳунар ўрганишга жалб қилиш, шу орқали уларнинг даромадларини ошириш зарур деб ўйлайман.
– Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
– Коррупция ҳолатларини олдини олиш бўйича маҳаллада тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллада яратилган тизимнинг максади – халқнинг онгини ўстириб, ўз ҳуқуқларини танитиш, муаммоларнинг ҳар бир йўналиш бўйича жойида ҳал этилишини таъминлашдан иборат. Хусусан, кредитларнинг шаффоф электрон тизим орқали ажратилиши, доимий ҳисобот бериб борилиши ҳам коррупция эҳтимолларини камайтиради.
– Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими? Келажак режаларингиз ҳақида сўзлаб беринг.
– Маҳаллабай ишлаш тизимининг жорий этилиб, давлат сиёсати даражасига кўтарилиши жуда катта иш бўлди. Ислоҳотлар мевасини маҳалла ҳаёти, кишилар турмуш шароитларининг яхшиланаётганида кўриш мумкин. Бу албатта аҳолининг “маҳаллабай” иш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамайди.
Келажак режаларимиз ҳам бисёр. Хусусан, маҳалланинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, туризмни ривожлантириш бўйича янги концепция ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, сой бўйидаги хонадонларда замонавий дам олиш масканлари ташкил этиш бошланди. Мавсумий дам олиш масканларини доимий туристлар ташриф буюрадиган чиройли масканларга айлантириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Ҳудудда давлат мактабгача таълим ташкилотини қуриш ишлари бошлаб юборилди. Хуллас, барча режаларимиз халқ фаровонлигини мақсад қилган.
– Қизиқарли жавобларингиз учун ташаккур!
Жамолиддин Турдимов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали, 5-сон/ 2023 й.
Изоҳ қолдириш