3 июнь куни Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни тўлиқ таъминлаш ва бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини сақлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Парранда гўшти, шоли, картошка талабга нисбатан кам етиштирилаётгани қайд этилиб, ушбу маҳсулотларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Бунда хорижий давлатлар, хусусан, картошка бўйича Нидерландия, шоли ва балиқчилик бўйича Вьетнам тажрибаларидан фойдаланиш яхши натижа беради.
Булардан ташқари ҳам аграр соҳада ишлатилмаётган резервлар етарлилиги таъкидланди. Мисол учун, бир вақтлар Наманган ва Навоий вилоятларида жунни қайта ишлаш бўйича қувватлар мавжуд бўлган.
Бу йўналишда кўплаб одамларни иш билан таъминлаш ва экспортбоп товарлар тури ва ҳажмини кўпайтириш имконияти бор. Жундан рўмол, гилам каби тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш аҳоли ўзини ўзи банд қилишининг муҳим йўналиши бўлиши лозимлиги қайд этилди, бу борада манзилли лойиҳаларни шакллантириш вазифаси қўйилди.
Видеоселектор йиғилишида ҳокимлар, вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарлари биринчи ярим йил якуни бўйича нечта иш ўрни яратиши, камбағал оилаларни қанчага қисқартириши, 9 ой ва йил охиригача мўлжалланган режалари юзасидан ҳисобот берди.
Изоҳ қолдириш