Замонавий иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари орасида хизматлар соҳаси устунлик қилади. Хизматлар соҳасининг ривожланиш даражаси аҳолининг ҳудудий ва ижтимоий ҳаракатчанлиги, янги хўжалик ҳудудларини ўзлаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва моддий маҳсулотлар истеъмолини оширишни таъминлайди.
Жорий йилнинг мос даврида вилоят миқёсида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 15 945,8 млрд сўмни ташкил қилган ҳолда, ўтган йилга нисбатан 114,1%га ошган. Хизматлар ҳажмининг республика кўрсаткичидаги улуши 4,5%ни ташкил қилган ҳолда, ҳудудлар орасида 6-ўринни эгаллаган.
2022 йил январь-сентябрь ойларида жами хизматлар таркибида савдо (32,2%), транспорт (21,3%) ва молия (16,8%) хизматларининг улуши юқори бўлган бўлса, соғлиқни сақлаш (1,2%), меъморчилик (1,3%), кўчмас мулк (2,4%), ижара ва лизинг (2,5%) хизматларининг улуши паст бўлган. Шунингдек, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан вилоятда барча хизмат турлари бўйича ўсиш кўрсаткичи қайд этилган. Энг юқори ўсиш суръати молия (126,3%), ахборот ва алоқа (125,3%), таълим (118,3%) хизматлари соҳаларида кузатилган.
Кўрсатилган хизматлар ҳажмининг чорак қисми (25,6%) Қарши шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Чироқчи (3,2%), Деҳқонобод (3,1%), Кўкдала (1,2%) туманларининг вилоят жами хизматлардаги улуши нисбатан паст бўлган.
Хусусан, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан вилоятнинг барча ҳудудларида хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича ўсиш кўрсаткичларига эришилган. Энг юқори ўсиш суръатлари Қарши (117,1%) ва Шаҳрисабз (116,9%) шаҳарлари, Чироқчи (116,8%), Муборак (116,8%) туманларида кузатилган.
Хизматлар соҳаси бўйича вилоятнинг барча туман (шаҳар)ларида ўсиш суръатлари таъминланганига қарамасдан, жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми бўйича Республика ҳудудларида орасида вилоят кўрсаткичи ҳамон пастлигича қолмоқда. Жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 4628,0 минг сўм (Республика жон бошига ўртача кўрсаткичидан 2,2 баравар кам) бўлиб, ҳудудлар орасида охирги ўринни эгаллаган.
Автотранспортнинг кўрсаткичларига кўра, вилоят миқёсида жами ташилган юклар ҳажми 44 637,0 минг тоннани ташкил қилган.
Изоҳ қолдириш