Қашқадарё вилоятининг 2022 йил январь-сентябрь ойларидаги инвестиция кўрсаткичлари таҳлили

Қашқадарё вилоятининг 2022 йил январь-сентябрь ойларидаги инвестиция кўрсаткичлари таҳлили

Асосий капиталга киритилган инвестициялар. Асосий капитилга киритилган инвестициялар ҳажми 11 668,6 млрд. сўмни (2021 йилга нисбатан 96%) ташкил қилган.

Вилоятда инвестициялар ўзлаштирилишида кескин дифференциаллик сақланиб қолган. Хусусан, киритилган инвестицияларнинг 68%и вилоятнинг 4 та ҳудуди - Муборак (22,1%), Қарши шаҳри (18,6%) Ғузор (17,1%) ва Китоб (10,2%) туманлари ҳиссасига тўғри келган.

1-расм. Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестицияларнинг ҳудудлар кесимида улуши

Таҳлил қилинаётган давр мобайнида вилоят бўйича асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг 42%и тўғридан-тўғри ва бошқа хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобидан, 24,1% - корхона ва ташкилотларнинг ўз маблағлари, 14,8% - аҳоли маблағлари, 9% - Республика бюджети, 5% - тижорат банклари кредитлари ва бошқа қарз маблағлари, 3,1% - Республика кафолати остидаги хорижий кредитлар ҳисобидан молиялаштирилган.

2-расм. Молиялаштириш манбаларига кўра асосий воситаларга ўзлаштирилган инвестициялар

Ҳудудларда амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар натижасида асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Китоб (1,7 баравар), Касби, Миришкор (1,6 баравар), Косон (1,5 баравар) туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида (1,4 баравар) юқори ўсиш даражасини қайд этган.

3-расм. Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестицияларнинг ўсиш суръатлари (%да)

Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестицияларнинг иқтисодий фаолият турлари бўйича таркиби таҳлил қилинганда ишлаб чиқариш саноати етакчилик қилган бўлиб, ушбу тармоқда молиялаштириш манбалари ҳисобидан 2 821,4 млрд. сўм (асосий капиталга ўзлаштирилган инвестицияларнинг 24,2%и) ўзлаштирилган. Ҳажм жиҳатидан кейинги ўринни тоғ-кон саноати (11,1%), қишлоқ хўжалиги (9,2%) ва турар-жой қурилиши (7,6%) эгаллаган.

Ижтимоий соҳада жорий даврда жами умумий майдони 774,9 минг кв. метр бўлган 4 424 та турар-жой объекти янги қурилиб, улардан умумий майдони 306,5 минг кв. метр бўлган 1618 таси қишлоқ жойларида жойлашган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп турар-жой Чироқчи (вилоятдаги улуши 13,1%), Китоб (13%) туманлари ҳиссасига тўғри келади.

Жорий йилнинг 25 октябрида давлатимиз раҳбари томонидан Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан мутасаддиларга қатор топшириқлар берилди. Жумладан ижтимоий соҳани ривожлантириш мақсадида 13 та боғчани қайта қуриш ҳамда 14 та маҳаллада янги боғча қуриш лойиҳасини 2023 йил дастурига киритиш ҳамда 2023 йилда 3,4 млрд долларлик 769 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натажасида 13 186 та янги иш ўринларини яратиш кутилмоқда.

Фурқат Исломов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Қашқадарё филиали етакчи илмий ходими
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар