Ўзбекистон Республикасида рақамли банкингни ривожлантириш Концепциясига мувофиқ, Марказий банк томонидан тижорат банклари билан ҳамкорликда QR-код орқали (“Quick Response Code” - тезкор аниқланадиган код) тезкор тўловни амалга оширишнинг “QR-online” стандартлаштирилган ва универсал хизмати ишга туширилди.
Мазкур тизим доирасида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари (хўжалик юритувчи субъектлар) ўзларига хизмат кўрсатувчи тижорат банклари орқали QR-кодни шакллантириб, рўйхатдан ўтказадилар. Харидорлар томонидан мобиль илова дастурлари воситасида савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарининг QR-кодларини сканер қилиш (“ўқиш”) ҳамда харид суммасини киритиш орқали тўловлар амалга оширилади. Бунда пул маблағлари мобиль иловага бириктирилган банк карталари ҳисобварақлари ва электрон пул ҳамёнлардан ҳисобдан чиқарилади.
Cавдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари “QR-online” тизими орқали мижозлардан қабул қилинган ва банк ҳисобварақларига кирим қилинадиган маблағларни “Теlegram” тармоғидаги “@onlineqrbot” канали, мижознинг банк шахсий кабинети ҳамда sms-хабарнома хизмати орқали онлайн режимида назорат қилиб боришлари мумкин. Мазкур тизим мавжуд муқобил тўлов хизматларидан фарқли ўлароқ, халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар клиринг тизими билан узвий боғлиқликда ишлайди.
Тижорат банкларининг тўлов хизматлари бозоридаги мазкур янги таклифи маҳсулотларни мижозгача етказиб бериш, йўловчиларни ташиш каби соҳаларда фаолият кўрсатувчи ташкилотларга терминалларсиз тўловларни қабул қилиш имкониятини яратиш билан боғлиқ қўшимча қулайликларни тақдим этади.
Ҳозирги кунда ушбу тизимни Тошкент шаҳрида татбиқ этиш доирасида тижорат банклари томонидан 3 мингдан ортиқ хўжалик субъектларининг савдо ва хизмат кўрсатиш пунктлари уларга тегишли “QR-online” тизими стикерлари билан таъминланди.
Тўлов хизматлари бозорида “QR-online” тизимининг ишга туширилиши кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар кўламини янада кенгайтириш, шунингдек, Марказий банкнинг асосий стратегик мақсадли йўналишларидан бири бўлган тўлов тизими барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш