Қурбон ҳайити куни ва шанба-якшанба кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш тўхтатилади

Қурбон ҳайити куни ва шанба-якшанба кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш тўхтатилади

Жорий йил 31 июль, 1-2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.

Шу билан бирга, фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, тест ва қон топшириш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон соғлиғига ва ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун махсус рухсатномалар талаб этилмаслиги белгиланди ва шу муносабат билан мутасаддиларга мазкур ҳолатларда фуқароларнинг автотранспорт воситалари ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслик, зарур ҳолларда фуқароларни манзилига етказишда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан аниқ кўрсатма берилди.

Мазкур чеклов махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Мамлакатдаги эпидемиологик вазият оғирлашганлиги муносабати билан, шунингдек, аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида ҳамда эпидемиологларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда, жорий йилнинг 31 июль, 1-2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари қуйидагилар тавсия этилади:

  • аҳолига — «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш;
  • давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга — ходимларни ишга жалб этмаслик, ходимларнинг ушбу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар