"Рақамли Тошкент" тизими икки йил давомида синовдан ўтказилади

10 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ҳаётининг қатор соҳаларида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилган.

Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили учун қабул қилинган Давлат дастурида жорий йилда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Кейинги йилларда дунёда “рақамли шаҳар” концепцияси оммалашмоқда. Шу тажрибадан келиб чиқиб, “Рақамли Тошкент” тизимини жорий этиш, уни икки йил давомида синовдан ўтказиб, бошқа ҳудудларга эса тайёр дастурий таъминотларни етказиб бериш режалаштирилмоқда.

Бугунги тақдимотда рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

“Тиббиёт муассасалари паспорти”, “UzTrans”, туристлар ҳисобини юритиш бўйича “Е-Mehmon” ва бошқа ахборот тизимлари юртимиз аҳолиси ҳамда меҳмонларига катта қулайлик яратди.

Шавкат Мирзиёев жорий йилда болалар боғчаси, масофавий таълим, шаҳар жамоат транспортлари учун ягона электрон чипта, қурилишни назорат қилиш, электрон тиббиёт картаси каби янги дастурий таъминотлар ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш бўйича топшириқлар берди.

Масалан, электрон тиббиёт картаси жорий этилса, шифокорларнинг қоғоз тўлдиришга кетадиган вақти анча қисқариб, аҳоли билан ишлаши учун кўпроқ имконият бўлади.

Шу мақсадда Тошкент шаҳридаги 15 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази, 11 та кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда 62 та поликлиника “Ягона электрон тиббий карта” ва “Электрон поликлиника” ахборот тизимига уланиб, хусусий клиникалар билан интеграция қилинади. Бундай тизим бошқа соҳа ва тармоқларда ҳам татбиқ этилади.

Дастурий маҳсулотлар узлуксиз ва самарали ишлаши учун инфратузилма зарурлиги қайд этилар экан, барча давлат муассасаларини юқори тезликда маълумот узатиш тармоғига улаш, замонавий компьютер технологиялари билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Аҳоли, айниқса, ёшлар орасида рақамли кўникмаларни такомиллаштириш, «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини амалга ошириш белгиланган.

Телекоммуникация инфратузилмаси “рақамли шаҳар” концепциясининг асоси эканлигини ҳисобга олиб, икки йил мобайнида 1,5 мингдан зиёд ижтимоий объектни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

Президент Тошкент шаҳар ҳокимлиги таркибида таълим, тиббиёт, уй-жой коммунал, транспорт, қурилиш, кадастр ва бошқа йўналишлар бўйича алоҳида лойиҳа офислари ташкил этиш зарурлигига эътибор қаратди. Бундай тузилмаларда дастурчилар ҳар бир соҳа мутахассислари билан биргаликда ўша соҳага мос дастурий таъминот яратади, уларни синовдан ўтказиб, ҳаётга татбиқ этади. Зарур ҳолларда бошқа соҳага тегишли дастур билан боғлиқлигини таъминлайди.

“Рақамли Тошкент” лойиҳасини молиялаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бу жараёнда давлат-хусусий шериклик асосида бизнес доираларнинг фаол иштироки учун шароит яратиш кераклиги таъкидланди.

“Электрон ҳукумат” тизими орқали кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини ошириш, уларни электрон шаклга ўтказиш ишларини жадаллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар