Россиянинг “ВЕБ.РФ” корпорацияси Ўзбекистонда янги лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этади

Россиянинг “ВЕБ.РФ” корпорацияси Ўзбекистонда  янги лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этади

Жорий йилнинг 16 март куни ҳукумат делегациясининг Россия Федерациясига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Россия Федерациясининг “ВЕБ.РФ” Давлат тараққиёт корпорацияси Раиси И.Шувалов билан учрашув ўтказди.

Унда жорий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва яқин келажакда муносабатларни кенгайтириш режалари муҳокама қилинди.

Учрашув чоғида томонлар илгари келишилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг жорий ҳолати ва уни жадаллаштириш бўйича навбатдаги қадамлар хусусида фикр юритдилар.

Шунингдек, Ўзбекистонда энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, тоғ-кон саноати ва фармацевтика соҳаларида янги истиқболли саноат кооперацияси лойиҳаларини ўрганиш орқали инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Корпорация раҳбари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган “Лойиҳа офиси” фаолияти доирасида саноат кооперацияси бўйича шаклланган янги лойиҳаларни молиялаштириш масалаларида иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон – Россия иқтисодий ҳамкорлигини илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳамда Россия инвестициялари ва илғор технологияларини жалб қилиш учун улкан салоҳиятга эга бўлган энг истиқболли соҳаларда янги таклифларни ишлаб чиқиш юзасидан биргаликда иш олиб боришни давом эттиришга келишиб олдилар.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар