2020 йил 1 январдан импорт бўйича ставкалар янгиланади

2020 йил 1 январдан импорт бўйича ставкалар янгиланади

Импорт божхона божлари ва мамлакатга олиб кириладиган акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари қайта кўриб чиқилди. Ўзгартиришлар 2020 йил 1 январдан кучга киради.

Ўзгартиришлар миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлаш, инновацион ривожланиш ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиш, қулай инвестиция муҳитини шакллантиришга қаратилган.

Акциз бўйича учта ўзгартириш назарда тутилмоқда:

  • импорт қилинадиган шакарга (оқ рангли, хушбўй таъм ёки ранг берувчи қўшимчалар қўшилмаган, ТИФ ТН коди 1701 99) 20%лик ставка бўйича солиқ солинади). Ҳозир ушбу позицияда акциз тўланмайди;
  • импорт қилинадиган сув, муз ва қорга (ТИФ ТН коди 2201) ставка 50%гача оширилади, бироқ бир литр учун 0,25 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. 2019 йилда у божхона қийматининг 25%ини ташкил қилади;
  • импорт қилинадиган, ишлаб чиқарилганига 2 йил бўлган, эквивалентда 40 минг АҚШ доллари ва ундан ортиқ қийматга эга енгил автомобилларга (ТИФ ТН кодлари 8703 22, 8703 23, 8703 23 194 0, 8703 24, 8703 31, 8703 32, 8703 33) қўлланилган божхона қийматининг 20%и миқдоридаги имтиёзли ставка бекор қилинади.

Божхона божлари қисмига кенг кўламли ўзгартиришлар киритилмоқда. Моҳиятига кўра, амалдаги ставкалар тизимининг янги таҳрири қабул қилинган. Натижада деярли ҳар бир товар гуруҳи доирасида миқдорлар янгиланди: озиқ-овқат ва ноозиқ товарлари, саноат маҳсулотлари, транспорт воситалари ва ҳ.к. Асосан, адвалор ставкаларни комбинацияланган ставкаларга ўзгартириш орқали уларни ошириш (яъни қуйи чекланган қийматни жорий қилиш, таҳр. изоҳи), амалдаги ноль даражали ставкаларни бекор қилиш ҳамда бож олинадиган янги позицияларни киритиш ҳақида айтилмоқда.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш вазифаси юкланди:

  • халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда халқаро курьерлик жўнатмалари учун бир марталик божсиз нарх ва оғирлик меъёрларини жорий этиш ҳамда ушбу меъёрлардан ошган тақдирда алоҳида йиғимларни ундириш;
  • 2020 йил 1 январдан бошлаб божхона божи ва акциз солиғи бўйича имтиёзларни ушбу имтиёзларнинг самарадорлиги ва импорт қилинадиган товарлар турини ишлаб чиқариш бўйича қувватларнинг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда бекор қилиш.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар