Шавкат Мирзиёев Технопарк фаолияти билан танишди (+фото)

Шавкат Мирзиёев Технопарк фаолияти билан танишди (+фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 20 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, саноат корхоналари фаолияти билан танишмоқда.

Биринчи объект Яшнобод туманидаги Технопарк бўлди. Давлат раҳбарининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ушбу инновация технопарки ташкил этилган эди. Ўтган қисқа вақтда бу ерда замонавий индустрия йўлга қўйилди.

Масалан, Тошкент авиация заводи ишлаб турган 2010 йилда 50 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 30 миллион долларлик экспорт қилинган бўлса, Технопаркдаги барча лойиҳалар натижасида 2021 йилда 520 миллион долларлик маҳсулот тайёрланади ва 105 миллион долларлик экспорт қилинади.

Шунингдек, илгари 3 мингдан зиёд иш жойлари бўлган, Технопаркда 6 минг 700 га яқин бўлади. Яъни, маҳсулот ишлаб чиқариш 10 баробар, экспорт 3,5 баробар, иш жойлари 1,7 баробар кўпаяди.

Технопарк 7 та блокдан иборат. Бу ерда умумий қиймати 365 миллион долларлик 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Жорий йил февралда электрон газ ҳисоблагичлар корхонаси, августда маиший совутгичлар заводи ишга туширилган эди. Бошқа лойиҳалар ҳам бирин-кетин фойдаланишга топширилмоқда.

Президент шундай янги қувватлар – лифт ва эскалаторлар, форма ва қолиплар, сув насослари, саноат кондиционерлари ва совитиш тармоқлари корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.

Лифт корхонасида давлатимиз раҳбари маҳсулотларнинг локализация даражаси билан қизиқди. Ҳозирда бу кўрсаткич 32 фоиз.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги кўп қаватли уйларда энг катта муаммо лифтлар билан боғлиқлигини айтиб, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш эвазига таннархни тушириш, эски лифтларни алмаштириб, янгиларига сифатли хизмат кўрсатиш бўйича кўрсатмалар берди. Замонавий лифтларни эксплуатация қилиш бўйича кадрлар тайёрлаш кераклиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари форма ва қолиплар корхонасида ёш ходимлар ишини кузатди.

– Бундай корхоналар бир эмас, бир нечта жуда муҳим иқтисодий-ижтимоий масалаларни ҳал қилади. Одамларни, айниқса, ёшларни иш билан таъминлайди. Энг асосийси, бугунги ютуғимиз – саноатда юқори технологияларни амалда ишлата оладиган замонавий миллий кадрларнинг янги авлоди етишиб чиқяпти, – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев маҳсулотлар сифатини илғор мутахассислар таъминлашини, шу боис ёшларни бундай корхоналарда ишлашга тайёрлаш учун ўқув маркази ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Келгуси йили Технопаркда совитувчи витриналар, иситиш радиаторлари, ошхона техникалари, фурнитура ва аксессуарлар, мис қувурлар, изоляция материаллари каби бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи 9 та корхона ишга туширилади.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар