Шавкат Мирзиёев Хитой делегациясини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Хитой делегациясини қабул қилди

Бугун, 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Ташқи ишлар бўйича комиссия девонхонаси раҳбари Ян Цзечи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитойни дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари яқиндан боғлаб турганини қайд этди.

Мамлакатларимиз етакчиларининг мунтазам учрашувлари икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, уни аниқ мазмун билан бойитиш имконини берди.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бормоқда. Хитойнинг илғор компаниялари ва молиявий институтлари иштирокида Ўзбекистонда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.

Юқори мартабали меҳмон Президентимизга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Ян Цзечи янги турдаги коронавирус тарқалишига қарши курашда кўрсатилаётган кўмак учун Хитой раҳбариятининг миннатдорлигини яна бир бор изҳор этди ҳамда бу борада яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини тасдиқлади.

Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-Хитой шериклигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда энергетика, нефть-газ, кимё, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ҳамда инфратузилмани модернизация қилиш бўйича устувор лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга оширишни давом эттириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ ва бошқа тузилмалар доирасидаги конструктив мулоқотни мустаҳкамлаш, шунингдек, “Бир макон, бир йўл” ташаббусини илгари суриш доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар