Сирдарё вилоятида 2,4 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади

Сирдарё вилоятида 2,4 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев 1 март куни Сирдарё вилоятининг инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Жорий йил учун мазкур вилоятда 737 та лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг умумий қиймати 25 триллион 500 миллиард сўм бўлиб, шундан қарийб 900 миллион долларини хорижий инвестициялар ташкил этади. Лойиҳалар натижасида йилига 11 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати, қарийб 36 минг иш ўрни яратиш мақсад қилинган. Яна бир муҳим томони, янги корхоналар 326 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 124 миллион долларлик импорт ўрнини босиш имконини беради. Лойиҳаларни шакллантиришда тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати “драйвер” сифатида белгилаб олинган.

Сирдарё вилоятида 200 минг тоннадан зиёд пахта етиштирилади. Давлатимиз раҳбарининг қайта ишлашни чуқурлаштириш, хомашёни қўшилган қийматли маҳсулотга айлантириб сотишга қаратилган сиёсати натижасида бу борадаги кўрсаткичлар ўсиб бормоқда. Хусусан, 2020 йилда вилоятда маҳаллий хомашёдан трикотаж мато тайёрлаш даражаси 70, кийим-кечак ишлаб чиқариш даражаси 75 фоиз бўлган бўлса, жорий йилда буларни 100 фоизга етказиш мўлжалланган.

Тўқимачилик соҳасида амалга ошириладиган 29 та лойиҳа бундай муҳим ўрин тутади. Уларнинг самарасида қарийб 818 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилиб, қўшилган қиймат 2,5 баробар ортади. 6 минг 600 дан зиёд иш ўрни яратилади.

Қурилиш материаллари саноатида 16 та лойиҳа режалаштирилган. Масалан, Янгиер шаҳрида кафел, Сайхунобод туманида газоблок, Ховос туманида гипсокартон ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Барча корхоналарни шу йил ишга тушириб, 2 мингга яқин кишининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Озиқ-овқат тармоғида мева-сабзавотларни қайта ишлаш, мош етиштириб, экспорт қилиш, балиқчилик кластери ташкил этиш каби 51 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Буларнинг натижасида бозорга арзон ва сифатли маҳсулотлар чиқарилиб, нарх-наво барқарорлигига ҳисса қўшилади. 3 минг 500 га яқин кишининг бандлиги таъминланади.

Фармацевтика соҳасидаги 9 та лойиҳанинг ҳам самарадорлиги юқори. Гулистон шаҳри ва Сирдарё туманида фойдаланишга топшириладиган корхоналарда инфузион эритмалар, таблеткалар ва бошқа тиббий воситалар ишлаб чиқарилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар