Марказий банкнинг базавий прогнозларига кўра, инфляциянинг 2021 йил якуни бўйича 9,0-10,0 фоизгача пасайиши кутилмоқда.
Қуйидагилар йил охиригача инфляция даражасига пасаювчи таъсир кўрсатади:
- 2020 йил IV чорагидан бошлаб нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақланиб қолинаётганлиги;
- карантин чоралари таъсирининг ва 2020 йилнинг март-апрель ойларидаги нархларнинг юқори ўсиши натижасида юзага келган “юқори база таъсири”нинг босқичма-босқич тугаши;
- 2020 йил апрелда миллий валюта алмашув курси кескин қадрсизланишининг нархларга оширувчи таъсирининг чиқиб кетиши.
Импорт бозорларида концентрация даражасини қисқартириш ва диверсификация қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги ва кўламининг ортиши нархлар барқарорлигини таъминланишига ҳамда ўрта муддатли истиқболда инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайишига хизмат қилади.
Айни пайтда, инфляциянинг бир марталик омиллари, чекланган таклиф шароитида талабнинг тезроқ суръатларда тикланиши, асосий озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилувчи мамлакатлар томонидан айрим турдаги озиқ-овқатлар учун экспорт квоталари ва божларининг киритилиши билан боғлиқ хатарлар мавжуд.
Шу билар бирга, ёқилғи ва транспорт харажатлари ошиши ҳамда айрим турдаги товарлар учун акциз солиғи индексация қилинишининг ички нархларга иккиламчи таъсири, шунингдек, захираларнинг камайиши ва бозорларга янги ҳосилнинг кириб келиши ўртасидаги узилиш даврида озиқ-овқат нархларининг мавсумий ўсиши бўйича кутилмалар мавжуд.
Келгуси ойларда қурилиш соҳасида ўтган йилга нисбатан сезиларли ўсиш кутилаётганлиги, цемент ва бошқа қурилиш материаллари нархларининг ўсишига олиб келиши мумкин.
Шу муносабат билан ички бозорда товар ва хизматлар ҳажмининг талабга мос равишда оширилиши бўйича чораларнинг ўз вақтида кўрилиши ва алоҳида товар бозорларида рақобатнинг кучайтирилиши муҳим аҳамиятга эга.
Умуман олганда, ички ва ташқи омиллар таъсирида инфляцияни тезлаштирувчи хатарларнинг юқорилиги ҳамда инфляциянинг пасайтирувчи ва оширувчи омиллари баланси жорий пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни тақозо этди.
Марказий банк ташқи ва ички шароитлар таъсирида инфляция омиллари ва хатарлари моҳиятини синчковлик билан ўрганишни давом эттиради ҳамда инфляция прогнози динамикасидан келиб чиқиб асосий ставка бўйича тегишли қарорлар қабул қилади.
Изоҳ қолдириш